Қовунчитепaдaн топилгaн кулолчилик буюмлaри

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи археология фондида Қовунчи маданиятига (милоддан аввалги II аср – милодий VI аср) оид қадимий ва ноёб кулолчилик намуналари ҳамда турли маросим идишлари сақланади.
Расмларда кулолчилик буюмлари, Қовунчи маданиятига мансуб топилмалар, қўлда ва қисман кулолчилик чархида ясалган қадаҳлар, хумлар, кўзалар ҳамда қулоқли (кўпинча ҳайвон шаклидаги дасталарга эга) идишлар акс эттирилган.
Идишларнинг дасталари кўпинча қўчқор, буқа ёки бошқа ҳайвонлар бошининг рамзий шаклида ишлангани билан ажралиб туради.

Гарчи, Қовунчи маданиятининг асосий ўчоқлари Тошкент воҳаси (Сирдарё бўйлари) ҳисобланса-да, унинг таъсири ва ўхшаш намуналари Самарқанд вилояти ҳамда унга қўшни бўлган Уструшона (Жиззах/Сирдарё) ҳудудларидаги қадимий қабристон ва манзиллардан ҳам кўп топилган.

Ёдгорликнинг қуйи қатламларидаги қўлда ясалган дағал сополлар милоддан аввалги VI–III асрларга, кейинги қатламлардаги идишлар эса милодий I–VIII асрларга оид қадимий Қовунчи маданиятини ташкил этади. Бу маданият милоддан аввалги VI асрдан милодий VIII асргача бўлган даврни ўз ичига олади. Маданиятнинг кейинги босқичи ХV-ХVI асрларга оид шаҳар харобаси қолдиқларини акс эттиради.

Қовунчитепада 1934-1937 йилларда археолог Г.В.Григорев, кейинчалик 1970-, 1976-, 1978-йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Aрхеология институти олимлари қазиш ишларини олиб боришди. Мазкур илмий-тадқиқотлар ва қазишмалар давомида топилган моддий маданият ёдгорликлар, жумладан, ноёб кулолчилик буюмлари илмий ўрганилиб, республика ва ҳудудий музейлар фондига, жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси каби илмий муассасалар тасарруфига илмий экспедициялар ва фонд йиғимлари орқали келиб тушган.

Мазкур археологик топилмалар ҳудудда яшаган қадимги аҳолининг моддий маданияти, кундалик турмуши, хўжалик фаолияти ва ҳунармандчилик анъаналарини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Сопол буюмларнинг шакли, безаги, тайёрланиш усули ва лой таркиби ўша давр аҳолисининг турмуш тарзи, технологик тажрибаси ҳақида маълумот беради.

Сопол буюмларнинг айримлари қўлда шакллантириш усулида тайёрланган. Бунда аввал лойга ишлов берилиб, ундан идишнинг асосий шакли ҳосил қилинган. Кейинчалик идишнинг деворлари текисланган, оғзи ва туби шакллантирилган ҳамда юзасига ишлов берилган. Сўнг буюмлар махсус ўчоқларда пиширилган. Бундай хусусиятлар қадимги кулолларнинг ишлаш техникаси ҳақида тасаввур беради.

Сопол идишлардан сув ва бошқа суюқликларни сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш, овқат тайёрлаш ва истеъмол қилиш каби мақсадларда фойдаланилган. Идишларнинг ҳажми, шакли ва тузилиши уларнинг қандай мақсадда ишлатилганини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, катта ҳажмдаги идишлар маҳсулотларни узоқроқ муддат сақлаш учун, кичикроқ идишлар эса кундалик фойдаланиш учун хизмат қилган бўлиши мумкин.

Ирода РАҲМОНОВА,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ноширлик бўлими етакчи мутахассиси
.