Самарқандни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси маъқулланди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги 34-сессияси ўтказилди.
Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.
Кун тартибига мувофиқ, дастлаб вилоятни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Сессияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигининг директори ўринбосари Абдулла Абдуқодиров мазкур лойиҳа ва унда белгиланган вазифалар ҳақида маълумот берди.
– Мазкур ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳудудий давоми бўлиб, унда умуммиллий мақсадлар Самарқанд вилоятининг иқтисодий, ижтимоий, демографик, тарихий ва табиий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аниқ кўрсаткичлар, устувор йўналишлар ва манзилли лойиҳалар билан бойитилган, – деди А.Абдуқодиров. – Стратегия лойиҳасида белгиланган вазифалар амалга оширилиши натижасида 2030 йилга бориб вилоят иқтисодиёти янги сифат босқичига кўтарилади. Хусусан, биринчи — иқтисодий ривожланиш, камбағалликни қисқартириш ва юқори даромадли бандликни таъминлаш йўналишида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳозирги 10,1 миллиард доллардан 20,5 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулоти 3,6 минг доллардан 5,3 минг долларга етказилади. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга оширилиб, 115 триллион сўмга, хизматлар ҳажми ҳам 2 баробар кўпайтирилиб, 150 триллион сўмга, қурилиш ишлари ҳажми 1,9 бараварга оширилиб, 36,9 триллион сўмга етказилади. Камбағалликка мутлақ барҳам берилиб, ишсизлик даражаси 4 фоизга қисқартирилади, аҳоли даромадлари ва меҳнат унумдорлиги оширилади. Экспорт салоҳияти ва хизматлар экспортини ривожлантиришга қаратилган иккинчи йўналиш бўйича экспортчи корхоналар сонини 630 тадан 720 тага, йиллик экспорт ҳажмини 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш ва экспорт географияси 120 та давлатгача кенгайтириш белгиланган.
Старегия лойиҳасида “Инвестицияларни жалб этиш ва саноатни ҳудудлар бўйича диверсификация қилиш”, “Туризмни юқори даромадли хизматлар иқтисодиётига айлантириш”, “Қишлоқ хўжалиги, сув самарадорлиги ва агросаноат”, “Инфратузилма, урбанизация ва “Кенгайтирилган Самарқанд” модели”, “Инсон капитали, таълим ва соғлиқни сақлаш”, “Экология ва “яшил иқтисодиёт” йўналишларида ҳам устувор вазифалар белгиланган.
Стратегия ижроси стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси ҳамда “Ijro.gov.uz” тизими орқали мониторинг қилинади. 2028 йилда стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда оралиқ баҳолаш, 2031 йилнинг биринчи чорагида эса якуний баҳолаш ўтказилади. Шунингдек, ҳар йили мустақил тадқиқотлар ўтказилиб, натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Депутатлар белгиланётган вазифалар юзасидан ўз фикрлари, таклифларини билдирдилар ва стратегия лойиҳаси маъқулланди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими А.Бобоевнинг жорий йил биринчи ярмида вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Вилоят прокурори М.Эшназаров давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 мартдаги “Республикадаги криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан йилнинг дастлабки олти ойида олиб борилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Қайд этилишича, йилнинг биринчи ярмида вилоятда ҳисобга олинган 6987 та жиноятнинг қарийб 50 фоизи (3346 таси)ни ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ташкил қилган. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 1695 та (умумий ҳисобга қўйилган жиноятларнинг 24 фоизи)ни ташкил қилиб, 57 фоизи ўғрилик, фирибгарлик ва тан жароҳати етказиш каби жиноятлардан иборат бўлган.
Ҳисобот даврида кўрилган чора-тадбирлар, профилактик ишлар натижасида 2025 йилда “қизил” тоифада бўлган 118 та маҳалланинг 47 тасида криминоген вазият яхшиланди, 52 тасида жиноят бўлмади. Оила - турмуш доирасидаги 123 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бироз камайишига эришилди.
Аҳолини ташвишга соладиган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўладиган босқинчилик жинояти 2025 йилнинг 6 ойига нисбатан 50 фоизга, йўл транспорт ҳодисаси 27, автотранспорт воситасини олиб қочиш 20, фирибгарлик ҳамда оғир тан жароҳати етказиш жинояти 15, қотиллик 13 фоизга камайди. Маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида 417 та “Намунавий хавфсиз кўча” ва 410 та “Намунавий хавфсиз уй” ташкил қилиниб, маҳаллалар ва бошқа аҳоли гавжум жойларга 1154 та видеокузатув, 505 та ПТЗ, 851 та юз ва авторақамни таниб олувчи камералар, 1014 та домофон комплекслари ўрнатилди.
Аммо, бу борадаги тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида бирдек ташкил этилмаганлиги оқибатида, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 52 фоизи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Паст Дарғом ва Ургут туманлари ҳиссасига тўғри келди. Мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида вояга етмаганлар жинояти ошган бўлса, аёллар жинояти Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон ва Оқдарё туманларида ҳамда ёшлар жинояти Каттақўрғон туманида кўпайган.
– Вилоят прокуратураси томонидан ҳудудлардаги криминоген вазият доимий равишда таҳлил қилиниб, жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилиб келиниб, масъулларига нисбатан қатъий чорлар кўрилмоқда, – деди М.Эшаназаров. – Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳалла ҳудудида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар юзасидан ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган 871 нафар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 4 ҳолатда эса жиноят иши қўзғатилди.
Сессияда, шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Т.Ариповнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Б.Нигмановнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Т.Ариповнинг маълум қилишича, йилнинг ўтган 6 ойида “112” тизими орқали 154 минг 304 та жиноят ва ҳодисалар тўғрисида хабарлар келиб тушиб, 1200 га яқин жиноятлар маъмурий ҳуқуқбузарлик вақтида тўхтатиб қолинган. Низоли оилаларда тазйиққа учраган 3663 нафар аёлларга “ҳимоя ордери” берилди, фарзандининг тарбиясига эътиборсиз бўлган 11 060 нафар ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди. “Қизил” тоифадаги ва криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 7705 нафар ишсиз рўйхати шакллантирилиб, 2976 нафарининг бандлиги таъминланди. Муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги 2586 нафар шахс ўрганилиб, 2062 нафарининг соғлиғини тиклашга кўмаклашилди, 359 нафарининг бандлиги таъминланди, 130 нафарининг ижтимоий-маиший муаммолари ҳал қилинди, 25 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 10 нафари касбга йўналтирилди.
Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Б.Нигманов йилнинг биринчи ярмида 311 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилганини маълум қилди. Мазкур йўл транспорт ҳодисаларининг 211 тасида фуқароларга тан жароҳати етказилган, 100 таси ўлим билан боғлиқ бўлган. Бундан ташқари, 143 ҳолатда пиёдаларни уриб юбориш, 109 ҳолатда транспорт воситалари тўқнашуви қайд этилди.
Ҳисобот даврида инспекторлар томонидан жами 432 минг 871 та, жумладан, 110 минг 191 та қўпол қоидабузарликлар аниқланган. 1625 ҳолатда ҳайдовчилар транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари томонидан 806 минг 974 та (жарималар умумий миқдори – 421 миллиард 295 миллион сўм) қоидабузарлик аниқланиб, 677 мингдан ортиқ қоидабузарликлар учун 190 миллиард сўм жарималар ундирилган.
Б.Нигманов депутатлардан вилоят ҳудудидаги пиёдалар ва транспорт ҳаракати серқатнов автомобил йўлларида пиёдалар томонидан йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтишларининг олдини олиш мақсадида темир панжаралар ўрнатиш учун маблағ ажратилишида амалий ёрдам сўради.
Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, “Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган замонавий суғориш технологияларини жорий этиш” лойиҳа концепциясини тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, “10 та замонавий электропоезд харид қилиш учун” лойиҳа концепциясини келишиш тўғрисидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.