Электрон тўлов орқали автобусларда тежамкорлик ва қулайлик тизими яратилмоқда

Самарқанд шаҳрида жамоат транспортида рақамли технологияларни жорий этиш орқали йўловчилар учун қулай ва замонавий шароитлар яратилди. Йўлкира ҳақини тўлаш амалиётида электрон ва нақд тўлов тизимлари жорий қилиниб, нақд тўлов 3000 сўм, электрон тўлов эса 2000 сўм этиб белгиланди.

Электрон тўловлар банк карталари ҳамда АТТО ягона транспорт картаси орқали амалга оширилади. Бунда АТТО картаси фойдаланувчилари учун қўшимча имкониятлар яратилган бўлиб, йўловчи биринчи автобусга 2000 сўм, иккинчи автобусга 1000 сўм тўлайди, учинчи ва тўртинчи автобусларда эса бепул ҳаракатланиши мумкин ва валидаторга картани кўрсатиш кифоя.

Банк картаси ёки АТТО картаси бўлмаган фуқаролар учун шаҳар бўйлаб бекатларга яқин жойларда инфокиосклар ўрнатилган бўлиб, улар орқали 2000 сўм эвазига QR-кодли чипта харид қилиш имкони яратилган.

Ушбу тизим яширин иқтисодиётни қисқартириш, йўловчилар оқими бўйича аниқ маълумот олиш, ҳайдовчилар вақти ва ҳаракатини тежаш ҳамда бекатларда ортиқча тўхташларни камайтиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, жамоат транспорти йўналишлари рақамли харитага жойлаштирилиб, АТТО мобил иловаси, 2ГИС ва бошқа онлайн сервислар орқали автобусларнинг реал вақтдаги ҳаракатини кузатиш имконияти яратилган. Бу эса йўловчиларнинг манзилларига ўз вақтида ва қулай шартларда етиб боришини таъминламоқда.

Шерзод Халилов,

вилоят транспорт бошқармаси етакчи мутахассиси.