Адабиёт фольклор таъсирида рўёбга чиқади
Мумтоз ўзбек адабиёти халқ оғзаки ижодиёти билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Адиблар фольклор материалларини тўғридан-тўғри кўчирмасдан, уларни ижодий қайта ишлаб, ёзма адабиётга сингдириб боришган. Адабиётшуносликда бу ҳодиса фольклор, деб юритилади. У мумтоз адабиётда бадиий ифодани кучайтириш, образларни жонлантириш ва ғоявий мазмунни халқона шаклда етказиш ишини бажарган.
Фольклорнинг тарихий ривожланишини таҳлил қилиш ўзбек адабиётининг миллий ўзига хослиги, бадиий тафаккури ва эстетик қарашларини чуқур англаш имконини беради. Чунки халқ оғзаки ижоди асрлар давомида шаклланган тажриба, дунёқараш ва маънавий қадриятларнинг ифодаси. Гарчи, ушбу атама XIX-XX асрларда пайдо бўлган бўлса-да, унинг намуналари мумтоз адабиёт даврида халқ оғзаки ижоди номи остида учраган. “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркумидаги достонларни фольклорнинг ўзбек халқ адабиётидаги дастлабки намунаси, дейиш мумкин. Ушбу достонлар қаҳрамонларининг характери, эзгу амаллари асрлар давомида халқ ёдида бўлди ва бугунги кунгача етиб келди.
Булардан ташқари, “Қутадғу билиг”, “Ҳиббат ул-ҳақойиқ”, “Муҳаббатнома”, “Гул ва Наврўз”, “Суҳайл ва Гулдурсун” каби асарларда икки мисрали байтлар тизими асосида қурилган маснавий шакл воқеа баёнини изчил ва кенг қамровда тасвирлаш имконини берган. Бу шакл нафақат эпик воқеаларни ифодалашда, балки фалсафий, дидактик ва лирика элементларини уйғунлаштиришда ҳам қулай восита сифатида хизмат қилган.
Алпомиш достонида афоризмлар, ҳикматли сўзлар даражасига кўтарилган мисралар кўп учрайди.
От чопса гумбурлар тоғнинг дараси,
Урушда билинар марднинг сараси.
Созандалар созин чертар қўл билан,
Ёмон одам куйдиради тил билан.
Иш кўрсатсанг менинг кўнглим топилар…
Золим билан ҳаргиз бўлманглар йўлдош…
Мардлар олишмайди, силтаб отади.
Кучук босмас йўлбарс, шернинг изини,
Эси бор билади гапнинг тузини.
Индан чиқиб пишак билан ҳазиллар,
Магар ажал қумсаб келса сичқонга.
Бу афоризмлар табиийки, халқнинг узоқ йиллик аччиқ тажрибасидан, машаққатли, оғир кунларидан таъсирланиб ёзилган. Булар бугун одамлар мулоқотида ҳам фаол ишлатилади.
Мумтоз ижодкорлар халқ ичида кенг тарқалган: афсона ва ривоятлар, эпик сюжетлар, халқона ташбеҳ ва ўхшатишлар, мақол ва маталларни ўз асарларида кенг қўллашган. Жараёнда фольклор унсурлари кўпинча тўғридан-тўғри эмас, балки бадиий жиҳатдан қайта ишланган ҳолда намоён бўлади. Яъни, ёзувчи фольклор материалини эстетик қарашлари асосида янгича талқин қилади. Шунингдек, мумтоз шеъриятда халқона ифода воситаларининг қўлланиши бадиий тилнинг жонлилиги ва таъсирчанлигини оширган. Ҳикматли иборалар, мақолларга яқин мисралар асар мазмунини чуқурлаштиришга хизмат қилган.
Алишер Навоий “Хамса”, “Лисон ут-тайр” асарларида фольклор бирликлардан кенг фойдаланган. Жумладан, “Муҳокамат ул-луғатайн”да мутафаккир туркий, форсий, ҳиндий тилларининг келиб чиқиши изоҳи учун Нуҳ ва унинг ўғиллари Ёфас, Хом, Сом ҳақидаги ривоятни келтиради. “Лайли ва Мажнун” араб халқ оғзаки ривоятларидан олинган сюжет бўлиб, “Ҳайрат ул-аброр”да ҳикматли ривоятлар, мақоллар ҳамда ибораларга дуч келамиз. Достондаги “Шер ва дуррож” ҳикоятида кишиларни рост сўзлашга, тоғри ва ҳалол бўлишга даъват этади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида халқ оғзаки ижодидан, ривоятлардан фойдаланган. “Бобурнома”да воқеа-ҳодисаларни, ҳар хил миллат ва элат урф-одатлари, ривоятлари ҳақида хабар беради.
Бухоро адабий муҳити вакилларидан бири Турди Фароғийнинг “Тор кўнгуллук беклар” шеърида халқ ибораларининг гўзал тасвирини кўришимиз мумкин:
Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлук, бир тиризлик, бир яқо, енглик қилинг.
Гулханийнинг “Зарбулмасал” асарида халқ оғзаки ижодининг турли жанрларига мурожаат қилинади ва уларни бадиий жиҳатдан қайта ишлайди. Жумладан, ҳайвонлар ва қушлар образлари орқали инсон характери, қиёфаси намоён этилади. Бу услуб халқ эртаклари ва оғзаки масалларга алоқадор бўлиб, тасвир орқали ижтимоий танқид кучайтирилади.
Муқимийнинг “Танобчилар” сатирасида фольклорнинг бир неча қарашлари ифодаланган:
Бирлари мўлтонинамо, ҳийлагар,
Бирларидур кунда пих-у гавда хар.
Оғизлари мақтаниб ўн беш қариш,
Майда сухан, эзма (чурук), занчалиш.
ХХ асрнинг биринчи ярмида Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжон ёзган асарлар ҳам халқ оғзаки ижоди унсурларидан холи бўлмаган. Масалан, Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида мақол ва иборалардан усталик билан фойдаланганини кўрамиз:
Ёв қочса ботир кўпаяр.
Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг йиқиласан.
Еган оғиз уялар.
Бошга тушганни кўз кўрар.
Ойни этак билан яшириб бўлмас.
Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ ва ҳоказо.
Қолаверса, Ғафур Ғуломнинг насрида ва назмида фольклор унсурлари учрайди:
Эртасини ўйлаган-индин бўлмас пушаймон,
Фурсат касал эмаски ўтганига суюнсанг.
Ер қаттиқ, осмон йироқ, тўзғиб кетган ошиён.
Дарди йўқ кесакдир, ишқи йўқ эшак.
Қўчқор бўлатурган қўзичоқларнинг
Манглайи туғилган чоқда дўнг бўлур.
Ғалаба асримизнинг ўсмирларисиз -
Шербачча қилиғи шердай чўнг бўлур.
Шошган қиз ёлчимас эрга-деганлар...
Ҳумоюн овлайди шошмас мерганлар.
Адиб “Мулла Насриддин Афанди ва шайтон Алайхуллақна”, “Шум бола”, “Ҳасан Кайфий”, “Афанди ўлмайдиган бўлди” каби асарларида фольклор афсоналарини реал ҳаётга яқинлаштириб тасвирлайди.
Салоҳиддин Комилов,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси.