Орзудан имкониятга: Гарвард – Самарқандда

Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида дунёга машҳур Гарвард университети талабалари иштирокида ёш лидерлар саммити ўз ишини бошлади.

Гарвард университети қошида фаолият кўрсатувчи ва талабалар томонидан бошқариладиган нотижорат ташкилот – HPAIR (Harvard Project for Asian and International Relations) ҳамда “Истиқболли таълим” мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган форумда Гарвардда таҳсил олувчи талабалар ҳамда уларнинг устозлари, Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари талабалари ҳамда Президент мактаби ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари, фаол ёшлар иштирок этмоқда.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимовнинг саммит иштирокчиларига табрига ўқиб эшиттирилди.

Табрикда Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор юртимизда ўтказилаётган Гарвард ёшлар саммити давлатимиз раҳбарининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга бўлган юксак эътиборининг натижаси ўлароқ, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

– Мазкур тадбир ёшлар онгида шаклланган “Гарвард жуда узоқ, унга етишиш қийин” деган тасаввурни ўзгартиришга қаратилган, – деди саммит очилишида сўзга чиққан “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Муҳсинжон Холмухамедов. – Саммитда Гарвард университети профессор-ўқитувчилари ва етакчи талабалари, таълим, иқтисодиёт, сиёсат ва халқаро муносабатлар соҳасидаги фаол спикерлар иштирок этмоқда. Тўрт кун давомида улар юртимиз ёшлари билан суҳбатлашади, Гарвард услубида семинарлар, етакчилик машғулотлари ташкид этилади. Impact Challenge лойиҳасида реал ҳаётий муаммоларга биргаликда ечим топилади ва College Panels доирасида дунёга машҳур университет талабалари билан бевосита фикр алмашилади.

Саммит очилиш маросимидан сўнг Гарвард вакиллари юртимиз ёшлари билан мулоқот қилиб, университетдаги таълим жараёнлари, имкониятлари ҳақида маълумот берди.