Самарқандда нега электроника мутахассиси тайёрлайдиган ўқув юрти йўқ?
80 ёшдаман. Алоқачи бўлиб ишлаганман. Ҳозиргача уйда электр асбобларини ўзим тузатаман. Устага берадиган пул чўнтакда қолади. Муҳими, бировнинг хизматига кўз тикиб ўтирмайман. Болаларимга ҳам шуни ўргатганман.
Минг афсуски, айрим танишларимнинг уй-рўзғор буюмларини устага олиб бораётганини кўраман.
- Дазмолнинг симида иллат борга ўхшайди, чангюткич негадир тўхтаб-тўхтаб ишлаяпти…
- Буларни талаба ўғлингиз тузатса бўлмайдими, - дейман. – Китобчасига қараб иллатини аниқласа бўлади-ку.
- Э, биродар, нафақат уйдагилар, ҳатто қўшниларнинг ҳам тиши ўтмади.
Ҳар бир хонадонда куйган лампочкани алмаштирадиган, радио, чангютгич, электр асбобларини эслатма (инструкция)сига қараб тузата оладиган одам борлигига ким кафолат беради? Ҳеч ким. Чунки бу нарсани одат қилмадик, арзимас носозлиги учун ҳам буюмларни устага олиб боришга кўникдик.
Бунинг сабаби шу соҳадаги билимсизлик. На мактабда, на коллежда рўзғор буюмларини созлаш, ишлатиш бўйича кўникма, малака, маълумот берилмайди. Ҳатто Самарқанддек катта вилоятда замонавий электроника бўйича кадр тайёрловчи олийгоҳ ёки факультет мавжуд эмас. Ваҳоланки, ҳозир бу эҳтиёжи мавжуд бўлган энг катта касб. Битта-иккита борлари ҳам четда ўқиб келган. Бу борадаги дарслик ва оддий қўлланмалар ҳам рус тилида.
Таклифим шу: уй-рўзғорда ишлатиладиган электрон асбоб-ускуналар билан муомала қилиш бўйича оилабоп, ҳаммабоп қўлланма яратиш керак.
Иккинчидан, мактаб ва коллежларда бу машғулотни тўгаракларда ташкил этиш, соҳага яқин касб тайёрловчи ўқув юртлари талабаларини электроника маҳсулотлари дўкони, электр таъминоти идоралари лабораторияларига экскурсияга олиб бориш лозим. Бу усул мактаб ўқувчиларига ҳам зарар қилмайди.
Учинчидан, соҳага яқин касб эгаси тайёрловчи коллежларда, олийгоҳларда электр муҳандислари, замонавий электроника менежерлари бўлими ёки факультетини очиш зарур, деб ҳисоблайман.
Абдуманнон Абдураҳимов,
фахрий алоқачи.