"Уйим ўқув марказига айлантирилгач, меҳмонларни эшикдан кузатганман"

Иштихон тумани Йўғонтепа маҳалласида яшовчи Зиёдулла Хўжанов 36 йилдан буён таълим соҳасида ишлаб келади. Унинг ташаббуси билан маҳаллада ўқув маркази фойдаланишга топширилди.

- 1986 йилда ўқитувчилик фаолиятимни туманимиздаги 55-мактабда бошлаганман, - дейди Зиёдулла Хўжанов. – Кейинчалик тумандаги 85 ва 31-мактабларда тарих, ҳуқуқ, география фанларидан дарс бердим. Тушдан кейин ўқувчилар учун тўгарак ва қўшимча дарс ташкил қилдим. 1998 йилда  3 нафар ўқувчим олийгоҳга ўқишга кирди. Шундан сўнг, кўпчилик ота-оналар, ўқувчилар қўшимча дарс ўтишни сўрашди. Тўғриси, ўқийман, илм ўрганаман деган ўқувчиларга йўқ дея олмадим. 2001 йилда уйда қўшимча ўқув курси ташкил қилдим ва рўйхатдан ўтиб, якка тартибда репетиторлик қила бошладим.

Йилига 100 нафар бола тайёрлаган бўлсам, 40-50 нафаргача ўқувчи олийгоҳга қабул қилинарди. Фарзандларим улғайиб ўқишга киргач, уларни ҳам ёнимга олдим ва 2011 йилда оилавий корхона ташкил қилдик. Ишонасизми, уйим ўқув масканига айланди, меҳмонларни эшикдан кузатган вақтларимиз ҳам бўлган.

Ўтган йил фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида “Nuriddin Xusni Ziyo” ўқув марказини ташкил қилдик ва 200 нафар ўқувчимиздан 140 нафари, жорий йил эса 76 нафар ўқувчи олийгоҳга ўқишга кирди. Ўқувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида Ўқитувчи ва мураббийлар кунида 220 ўринга мўлжалланган яна бир ўқув маркази фойдаланишга топширилди.

Ўқув марказининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва вилоят халқ таълими бошқармаси масъуллари ҳамда олий таълим муссасалари ўқитувчилари иштирок этди.

Ушбу марказнинг қулайлиги шундаки, олдин ўқувчилар тўрт-бешта фандан тайёрланган бўлса, энди 10 га яқин ўзлари қизиққан йўналишга ўқишга кириш учун тайёрланиши, бунга қўшимча равишда 2-4-синф ўқувчилари ҳам дарсдан бўш вақтида инглиз, француз ва рус тилларида сўзлашувни, 9-11 синфлар грамматика ва сўзлашувни ўрганиши ва чет тили сертификатини олиш учун тайёрланиши мумкин. Дарсларни ўтиш учун олий таълим муассасалари ва мактаблардан 15 нафар малакали ўқитувчи жалб қилинган.

Фазлиддин Рўзибоев.