Ургут туманида рақамли технологиялар ўқув маркази очилди

Унда туман ёшлари компьютер технологиялари, шу билан бирга, робототехника ва киберспорт тўгаракларида бепул ўқитилади.

Марказнинг расмий очилиш тадбирида туман фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда сўз олганлар давлатимиз раҳбари ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда 5 та муҳим ташаббусни илгари сурганлигини таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур ташаббуслар доирасида, аниқроғи аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш йўналишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан республиканинг барча шаҳар ва туманларида рақамли технологиялари ўқув марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шу асосда ташкил этилган марказда компьютер технологиялари, робототехника ва киберспорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ургут туманида истиқомат қилаётган 510 минг нафарга яқин фуқароларнинг 320 мингдан кўпроғини ёшлар ташкил этади.

Рақамли технологиялар ўқув маркази асосан ёшлар учун мўлжалланган бўлиб, унда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар компьютер саводхонлиги бўйича бепул ўқитилади. Курсларни муваффақиятли тамомлаганларга республика даражасидаги сертификатлар топширилади.