Ертўлада сув тўпланса, уни бошқариш органи 24 соатда чиқариб юбориши шарт
Уйларда шовқин даражаси белгиланган санитария меъёрларидан ошмаслиги лозим.
Уйлар (зинапоялар, лифтлар, чиқинди камераси, чиқиндиларни тўплаш мосламалари ертўлалари ва бошқалар), туташ ҳудудлар заруратга кўра, бошқариш органи томонидан дератизацияланиши, дезинсекция ва дезинфекцияланади.
Уйларнинг ертўла қисмидаги қувурларда авария ҳолати юзага келиши натижасида сув ёки оқова сув тўпланиб қолса, бошқариш органи 24 соат мобайнида ертўладаги сув ва оқова массаларини чиқариб юбориши лозим.
Ҳафтада бир марта кўп квартирали уйларнинг лифт хоналари тозаланади ҳамда лифт ускуналари доимий техник мониторинг қилинади.
Қуйидагилар тақиқланади:
➖ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни балконлар ва лоджияларга ўрнатиш;
➖балконларда оғир буюмларни сақлаш;
➖балконлар ва лоджияларнинг фасад (ташқи) қисмларида кир, кийим-кечак, гилам ва бошқаларни осиб қўйиш (ички қисми бундан мустасно);
➖уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда, зинапояларда, чердакларда, ертўлаларда, шунингдек, умумий фойдаланишдаги ошхоналарда, балконларда ва лоджияларда сақлаш;
➖кириш йўлакларининг зинапоя майдонларида ва зинапояларнинг остида ёнувчи материалларни сақлаш;
➖умумий иссиқлик параметрларига таъсир кўрсатувчи қайта режалаштириш (реконструкция) ишларини амалга ошириш, қўшимча иситиш юзаларига (иситилмайдиган юзалар) иссиқлик ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, умумий мулк таркибига кирувчи иссиқлик тизимларига ўзгартириш киритиш.
➖автотранспорт воситаларини кўп квартирали уйлар ва унга туташ ер участкаларидаги газонлар усти, хиёбонлар, болалар майдончалари, тротуарларга, кириш йўлаклари қаршисига қўйиш тақиқланади.