МЧЖлар ҳақидаги қонун янгиланди: тадбиркорлар ва улуш эгаларини нималар кутяпти?

Мамлакатимизда бизнес юритишнинг энг оммабоп шакли бўлган масъулияти чекланган жамиятлар (МЧЖ) фаолиятида катта ўзгаришлар юз бераётгани тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар яратмоқда. 2026 йил 21 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган янги таҳрирдаги “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун соҳада узоқ кутилган янгиликларни бошлаб берди. Хўш, 71 моддадан иборат ушбу янги ҳужжат тадбиркор ва сармоядорлар учун нима беради?

Раҳбарлар эндиликда “омонатга хиёнат” қилмаслиги учун фидуциар (виждонан ёндашув) мажбуриятлар тартиби кучайтирилади. Илгари жамият директори ёки кузатув кенгаши аъзоси ўз қарори билан компанияга зарар келтирса, уларни жавобгарликка тортиш қийин эди. Энди улар жамият манфаатини ўз манфаатидан устун қўйишга, ҳалол ва оқилона иш тутишга қонунан мажбур. Бу сармоядорларнинг пули ва ҳақи янада мустаҳкам ҳимоя қилинишини англатади. Кузатув кенгашига янги ваколатлар қўшилиши тартиби кучайтирилади.

Биламизки, кўп ҳолларда МЧЖларда кузатув кенгаши шунчаки “номига” тузиларди. Янги қонун билан ушбу кенгашнинг ваколатлари ва аъзоларни сайлаш тартиби аниқ-тиниқ ёзиб қўйилди. Энди жамият ичидаги низоларнинг олдини олиш учун кенгаш қарорларини масофадан туриб, сўров йўли билан (сиртдан) қабул қилиш мумкин. Бу қарорлар қабул қилиш жараёнини тезлаштиради ва ортиқча қоғозбозликка чек қўяди.

Илгари амалдаги қонунчиликда масъулияти чекланган жамиятлар фаолияти кўпроқ лицензия тушунчаси атрофида айланарди. Яъни, тадбиркор маълум бир ишни бошламоқчи бўлса, кўп ҳолларда фақат мураккаб ва узоқ давом этадиган лицензия олиш жараёнини тасаввур қиларди. Янги таҳрирдаги қонун эса бу борадаги тушунчаларни тубдан ўзгартириб, бизнес учун “эркинлик майдони”ни яратади.

Энди МЧЖлар фаолият юритишда нафақат лицензия, балки рухсат этувчи ҳужжатлар, асосийси, хабардор қилиш тартибидаги фаолият турлари билан ҳам шуғулланишлари мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Хўш, хабардор қилиш тартиби нима? Бу тадбиркор учун энг енгил йўл. Бунда Сиз давлатга “Мен мана шу ишни бошладим, белгиланган талабларга жавоб бераман”, деб шунчаки хабар берасиз. Ҳафталаб рухсат кутиш, идораларда навбат туриш каби тўсиқлар олиб ташланади. Янгилик тадбиркорларга бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда (масалан, ҳам хизмат кўрсатиш, ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ахборот технологиялари) фаолият юритиш имконини беради. Илгари маълум бир фаолият тури лицензия талаб қилингани сабаб тадбиркор уни четлаб ўтган бўлса, энди рухсат бериш тизимининг соддалашгани туфайли янги бозорларга дадил кириб борасиз. Бу ўзгариш нафақат бизнес субъектлари сонини оширади, балки бозорда соғлом рақобатни юзага келтиради. Тадбиркор ортиқча қоғозбозликка ва бюрократияга вақт сарфламасдан, бор эътиборини хизмат сифатини оширишга ва янги иш ўринлари яратишга қаратиши мумкин.

Филиаллар ва шўба корхоналар тартиби ўрнатилди

Тадбиркорлар бизнесини кенгайтириб, вилоятларда филиаллар ёки шуъба корхоналар очишда ҳуқуқий бўшлиқларга дуч келишарди. Янги қонунда бу жараёнлар алоҳида моддалар билан тартибга солинди. Энди филиал очиш, уни бошқариш ва тугатиш тартиби ҳамма учун тушунарли ва ягона бўлади. Янги қонун нафақат бизнес турларини кенгайтиради, балки жамият ичидаги адолат мезонларини янги босқичга олиб чиқади. Шунингдек, қонунда шунчаки номигагина иштирокчи бўлиб туриш ёки бошқаларнинг ишига халақит беришнинг ҳуқуқий оқибатлари аниқ белгиланди. Бунда масъулиятсиз иштирокчилар билан хайрлашиш ҳам мумкин. Агар жамият аъзоси ўз ҳиссасини тўлиқ қўшмаса ва бу ҳаракати билан компания фаолиятини қийинлаштирса, у суд тартибида иштирокчилар сафидан чиқарилади. Бу қоида жамиятнинг “яшаши” ва ривожланиши учун хизмат қилади. Бир кишининг масъулиятсизлиги бутун жамоанинг ишини тўхтатиб қўя олмайди.

Бундан ташқари, улушлар билан боғлиқ низолар судга тушганида, вазият ойдинлашгунча устав фондига ўзгартириш киритиш тақиқланиши мумкин. Бу нима учун керак? Яъни, низоли вазиятларда улушларни яширинча бошқа бировга ўтказиб юбориш ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришга қарши ишончли қалқон яратилади. Энди МЧЖлар ўз ихтиёрига кўра, иштирокчиларнинг улушлари ҳисобини юритишни қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига топшириши мумкин. Бу тизим акциядорлик жамиятларида бўлгани каби, МЧЖларда ҳам улушлар ҳисобининг 100 фоиз шаффоф ва хавфсиз бўлишини таъминлайди.

Янги қонун бизнес юритишни цивилизациялашган босқичга олиб чиқади. Бу шунчаки қоғоздаги ўзгариш эмас, балки тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, корпоратив низоларга чек қўйиш ва бизнес муҳитини шаффоф қилиш сари ташланган муҳим қадамдир.

Севдо ХАКИМХЎЖАЕВА,

Тошкент давлат юридик университети талабаси.