Табиатга қарши уруш: портлашлар ва ёнғинлар
Бир неча кун аввал Туапседаги нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумлардан сўнг вазият экологик фалокатга айланди. Ёнғин 3-4 кун давом этди, шаҳарда одамлар нафас олиш қийинлашганидан шикоят қилишмоқда. Бугун эса Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири — «Лукойл» инфратузилмасига Украина зарбаси берилганини ва катта ёнғин ҳақида маълумот тарқалди.
Бу ҳолат глобал вазиятнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда, холос. Бугунги кунда Россия ва Украина ўртасидаги уруш, Яқин Шарқдаги кескинлик, ҳаво зарбалари ва портлашлар ортидан нефть ва ёқилғи объектларида ёнғинлар авж олди.
Нефть ёниши, бошқа ёнғин ва портлашлар атроф-муҳитга мислсиз таъсир кўрсатади. Кўп миқдордаги заҳарли моддалар ажралиб чиқади, экотизим вайрон бўлади ва биосферага узоқ муддатли зарар етказилади. Бундай офатларнинг оқибатлари кўпинча узоқ давом этади ва табиий мувозанатни тиклаш учун ўнлаб йиллар талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан, глобал экологик оқибатларни тасаввур қилиш қийин эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, портлаш ва ёнувчи моддалар ёниши шусиз ҳам заифлашиб бораётган табиатга даҳшатли зарар етказади. Ортидан ҳаво ифлосланиши, сув ва тупроқ ҳолатининг ёмонлашуви, оқибати – Ердаги барча тирик жонзотларга хавф тобора ортади.
Бугун фуқароларга чиқинди ёки баргни ёқиш тақиқланган бир пайтда дунёнинг бошқа бир чеккасида бутун бошли ҳудудлар ёнмоқда. Бу эса табиатга муносабатдаги зиддият ва экологик мувозанатнинг вайрон бўлаётганини кўрсатади.
Г.Холдорова тайёрлади.