Самарқандда йилига 240 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилмоқда

Божхона қўмитасига бириктирилган инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш доирасида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси мутасаддилари Самарқанд шаҳрида Хитойнинг “Shanghai SUS Environment” компанияси томонидан барпо этилаётган замонавий иншоотнинг қурилиш ишлари билан танишди. Қурилиш жараёнлари жойида ўрганилиб, лойиҳани амалга ошириш босқичлари таҳлил қилинди.

Умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг жорий йил биринчи чорагида 10 миллион долларлик қисми ўзлаштирилган. Ҳозирги вақтда қурилиш ишларининг қарийб 40 фоизи бажарилиб, ишлар жадал давом этмоқда.

Хитойлик мутахассисларнинг таъкидлашича, қурилиш ишларини жорий йил ноябр ойига қадар, белгиланган муддатдан аввал якунлаш режалаштирилган.

Завод ишга тушгандан сўнг, йилига 240 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин бўлади.

Мулоқот давомида томонлар ўртасида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда юзага келаётган амалий масалалар муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашинди.