Автокросс бўйича мамлакат кубоги ғолиблари аниқланди
Ургут тумани Бирлик маҳалласидаги автодромда автокросс бўйича Ўзбекистон кубогининг биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган мусобақада юртимизнинг энг кучли 60 нафар спортчиси “А-7”, “А-8”, “НУ” ҳамда “Багги” синфларида спорт автомобилларида маҳоратини намойиш этди.
Икки кун давом этган муросасиз баҳсларда иштирокчилар тўрт тоифа бўйича беллашди.
Якуний натижаларга кўра, “Багги” синфида Ғайрат Одилов (Жиззах вилояти), “А-7” синфида Аслиддин Сиддиқов (Самарқанд вилояти), “А-8” синфида Николай Саев (Жиззах вилояти), “НУ” синфида Самандар Хусанов (Жиззах вилояти) ғолибликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида эса Жиззах вилояти жамоаси биринчи, Самарқанд вилояти жамоаси иккинчи, Жиззах вилоятининг “Бест cлуб” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ҳамда совриндорлар ташкилотнинг диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Самарқандда автокросс бўйича 40 нафардан зиёд спортчи юртимиз ва вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда, - дейди "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши раиси Бегзод Раҳимов. - Мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад вилоятда автоспортни ривожлантириш ва оммалаштириш, автоспортга қизиқувчилар сафини кенгайтириш ҳамда спортчилар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.