Самарқандликлар бир байроқ остида бирлашди
Самарқандда 18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан катта тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир шаҳардаги Алишер Навоий кўчаси бўйлаб ўтган юриш марафони билан бошланди. Марафонда фахрийлар ва нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчи ва талаба ёшлар иштирок этиб, байроққа бўлган ҳурмат ва муҳаббатларини намоён этдилар.

"Кўксарой" майдонидаги катта байроқ остида махсус саҳна ўрнатилиб, бу ерда санага бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимнинг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов ва бошқалар сўзга чиқиб, байроқ, унинг қадри, миллий ғурур, Ватанга садоқат ва ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар.

- Бугунги тадбирга устозларим билан бирга келдим, - дейди Пайариқ тумани 68-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Алинур Нурмуҳаммадов. - Ўзим билан портретга чизган байроқ расмимни олиб келдим. Бу расмни чизаётганимда кўнглимдан ғурур, шодлик ва Ватанга меҳр каби ажиб ҳислар ўтди. Байроғимиз менга доимо куч ва илҳом бағишлайди.

Вилоятда Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган бундай тадбирлар барча шаҳар ва туманларда, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида давом этмоқда. Уларнинг барчасида Ватан рамзларига ҳурмат, ёшларда миллий ўзликни англаш ва фахр туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.