Туркиядаги 15 июль воқеалари қурбонлари Самарқандда хотирланди
Самарқанд шаҳридаги Туркия Республикасининг Бош консулхонасида 2016 йил 15 июль куни Туркияда содир этилган ҳарбий тўнтаришга уриниш қурбонлари хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари ҳамда вилоятда яшаб, меҳнат қилаётган Туркия Республикаси фуқаролари иштирок этди.

Йиғилишда 2016 йил 15 июль куни Фетуллоҳчи террор ташкилоти (ФEТО) томонидан Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш содир этилгани, ушбу воқеалар чоғида мамлакат Президентига суиқасд уюштиришга ҳаракат қилингани, юзлаб одамлар ҳалок бўлгани ҳақида сўз юритилди.
- Давлат тўнтаришига уриниш пайтида 253 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган, - деди Туркия Республикасининг Самарқанд шаҳридаги бош консули Сердар Дениз. - Бироқ турк халқи мамлакатнинг демократик тузуми ва миллий иродасини ҳимоя қилиш учун бирлашди. Халқнинг қатъий қаршилиги туфайли давлат тўнтаришига йўл қўйилмади. Шу боис ҳар йили 15 июль Туркияда ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида «Демократия ва миллий бирлик куни» сифатида кенг нишонланади.
Таъкидланганидек, 15 июль воқеалари Туркия тарихида оғир синовлардан бири бўлиб қолди. Ўша тун мамлакат мустақиллиги ва конституциявий тузумини ҳимоя қилиш йўлида ҳаётини фидо қилган шаҳидлар хотираси ҳар йили чуқур эҳтиром билан ёд этилади.

Консулнинг қайд этишича, ФEТО фақат диний шиорлардан фойдаланувчи тузилма эмас, балки узоқ йиллар давомида давлат институтларига сингиб боришга уринган террорчилик ва жосуслик ташкилоти сифатида баҳоланади. Шунинг учун ҳам Туркия давлати мазкур ташкилотга қарши курашни мамлакат хавфсизлигининг устувор вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Туркия сўнгги йилларда ФEТОга қарши ички ва халқаро миқёсда кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келаётгани, давлат тўнтаришига алоқадор шахсларни қонун устуворлиги асосида жавобгарликка тортиш, ташкилотнинг давлат идораларидаги тармоқларини фош этиш ишлари давом этаётгани таъкидланди.
Тадбирда ФEТО фаолияти халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солиши, шу боис унга қарши курашда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида 2016 йил 15 июль воқеаларига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди ҳамда давлат тўнтаришига уриниш қурбонлари хотирасига эҳтиром бажо келтирилди.