Транспорт соҳасидаги салоҳиятимиз намойиши харидор ва ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирди
Ҳаво йўлларидаги янгиликлар, темирйўл, метро фаолияти, жамоат транспорти, юк ташиш, транспорт воситаларига бутловчи қисмлар билан таъминлаш, бу йўналишдаги импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги ҳамкорлар топиш учун Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар мажмуасида транспорт йўналишида миллий саноат занжири кўргазмаси ўтказилмоқда.
Иккинчи бор ўтказилаётган ушбу кўргазмада республикамиздаги мазкур соҳада фаолият юритаётган 80 дан ортиқ тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш субъектлари ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими А.Бобоев кўргазманинг аҳамияти, таклиф ва талаб борасида боғловчи бўлаётгани, давлатимизда ишбилармонларга яратилаётган имкониятларга тўхталди.
- Мазкур кўргазма Президентимиз ташаббуси билан шакллантирилган маҳаллийлаштириш, саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасида янги тизим доирасида иккинчи маротаба ўтказилмоқда, - дейди Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Ҳайдаров. – Бугунги кўргазмадан асосий мақсад ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор яратиш, маҳаллий корхоналарни йирик саноат занжирига олиб кириш ва юқори қўшилган қийматни мамлакат ичида шакллантириш.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистондаги йирик транспорт компанияларининг саноат салоҳияти, эҳтиёжлари ва стратегик режалари тақдим этилмоқда. Импорт қилинаётган ускуна, бутловчи қисм ва материалларни маҳаллийлаштирган тадбиркорлар билан давлат хариди субъектлари бўлган транспорт корхоналари ўртасида узоқ муддатли кооперация шартномалари имзолаш имконияти яратилган. Бу ерда ташкил этилган юзма-юз мулоқот майдончасида буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар учрашиб техник талабларни муҳокама қилиш, икки томон учун манфаатли бўлган келишувларни имзолаш ва ҳамкорликни бошлаш имкониятлари ҳам яратилган.
Жорий йилнинг 15-16 июль кунларига белгиланган мазкур кўргазмада 30 дан ортиқ давлат буюртмачилари, харид операторлари, сертификатлаштириш, экспертиза ва стандартлаштириш ташкилотлари ҳамда тижорат банклари иштирок этмоқда.
Вилоятимиздаги “Sam AUTO” корхонаси ҳам кўргазмада ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Мазкур корхонада тайёрланаётган “D Max” бренди остида ишлаб чиқарилаётган пикап автомобиллари иштирокчиларда қизиқиш уйғотмоқда.
- Ушбу кўргазмада янги автобус кўпчиликка манзур бўлмоқда ва корхонамизда ҳали бўлмаган 12 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган (уч осли) янги маҳсулотимиз билан қатнашяпмиз, - дейди “Sam AUTO” корхонаси савдо бўлими менежери Моҳинур Шаропова. – Яна автотранспорт учун ишлатиладиган, импорт қилинадиган ва маҳаллий корхоналарга тайёрланадиган қандай эҳтиёт қисмлар ишлатилиши ҳам кўргазмада намойиш этилмоқда. Корхонамизда тайёрланаётган “пикап” автомобиллари учун 12 фоизгача, юк автомобиллари ва автобусларда 30 фоизгача қисмлар маҳаллийлаштрилган.
Кўргазмада Таиланд давлати билан ҳамкорликда 2022 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган “пикап” автомобилининг янги тури кўпчиликни қизиқтирмоқда. Бу автомобилга ички ва ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Ички бозорда асосан мудофаа идоралари, тоғ-кон корхоналари кўпроқ харид қилишади. Аввал мазкур автомобилнинг юк кўтаришга мўлжалланган тури оммалашган бўлса, бугун ов ва саёҳат учун мўлжалланган турини тақдим этдик. Ўтган йилги кўргазмада айнан “пикап” автомобили учун 50 тага яқин шартнома тузилганди, бу йил мазкур кўрсаткични ошириш ниятидамиз. Шунингдек, автобусларимизни қўшни давлатларга, янги йўналиш сифатида Озарбайжон ва Грузияга экспорт қиляпмиз. Биргина Озарбайжон давлатига йил бошидан буён 200 та автобус етказиб бердик.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Алишер ИСРОИЛОВ олган суратлар.