Жазирама кунларда Туркиянинг салқин бағрига "қочиш" керакми?

Айни кунларда дунёнинг кўплаб мамлакатларида рекорд даражадаги иссиқ ҳукмрон. Айниқса, Европада ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши миллионлаб сайёҳларни салқинроқ манзиллар излашга ундамоқда.

Ана шундай пайтда Туркия нафақат мовий денгиз ва қуёшли соҳиллари, балки салқин тоғ бағирлари, ям-яшил яйловлари, мусаффо кўлтиқлари ва бой тарихий мероси билан ҳам ёзги ҳордиқ учун энг жозибали йўналишлардан бири сифатида эътиборга тушмоқда.

Мамлакатнинг Эгей денгизи ўзининг бетакрор соҳиллари, Турк Ривиераси баҳрининг мовий сувлари ва қадимий шаҳарлари билан машҳур. Шу билан бирга, Туркияда ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам салқин ҳаводан баҳра олиш мумкин бўлган тоғ этаклари, табиат қўйнидаги сайр йўналишлари, археологик ёдгорликлар ва осойишта қишлоқлар талайгина. Шу боис бу ердаги саёҳат денгиз бўйида дам олиш билан чекланмай, табиат, тарих ва гастрономик таассуротларни ҳам ўзида мужассам этади.

Машҳур Эгей шабадаси

Эгей денгизи соҳилларида ёз фасли майин шабадалар, мусаффо сувлар ва жонли соҳил муҳити билан ўтади. Мармарисдан Фетҳиегача чўзилган Муғла вилоятида бир кунда денгиз бўйида ҳордиқ чиқариш, сокин кўлтиқларни томоша қилиш ва қадимий масканларни зиёрат этиш мумкин.
Бодрум мулойим иқлими, нафис муҳити ва юқори даражадаги сервиси билан Туркиянинг энг машҳур курортларидан бири ҳисобланади. Бу ерда оқ рангли уйлар билан безалган тор кўчаларда сайр қилиш, машҳур «Мовий саёҳат» маршрути бўйлаб денгизга чиқиш, дайвинг орқали сув ости оламини кашф этиш мумкин.

Фоча, Чешме яримороли, Алтинкум ва Кожакари соҳиллари ҳам мунтазам эсувчи шабадаси, тиниқ сувлари ва нисбатан салқин ҳавоси билан ёзги ҳордиқ учун айни муддао.
Алачати эса барқарор шамоллари туфайли виндсерфинг ва кайтсерфинг ишқибозларининг энг севимли манзилларидан бири. Яқинда жойлашган қадимий Эфес шаҳрини кечки салқинда томоша қилиш, Урлада эса маҳаллий маҳсулотлар асосида тайёрланадиган Эгей таомларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Шимолий Эгейда ёзги салқинлик

Ёзнинг энг иссиқ кунларида Туркиянинг Шимолий Эгей ҳудуди салқин ҳавоси, сокин табиати ва гавжум курортлардан йироқ муҳити билан ажралиб туради. Бу ерда денгиз бўйида ҳордиқ чиқаришни табиат қўйнида сайр ва тарихий обидалар билан уйғунлаштириш мумкин. Шу боис ҳудуд тинч ва осойишта дам олишни истайдиган сайёҳлар учун тобора оммалашиб бормоқда.

Чанаккаледаги Ассос қадимий шаҳри тиниқ денгизи ва тош кўчалари билан ўзига хос муҳит яратади. Яқин атрофдаги Ида тоғи эса қарағайзорлари, шаршаралари ва пиёда сайр йўлаклари билан табиат ихлосмандларини ўзига жалб қилади. Бўзжаада ва Гўкчеада ороллари сокин қўлтиқлари, салқин шабадаси ва мусаффо сувлари билан машҳур. Бу ерларда сузиш, денгиз бўйида сайр қилиш ёки шовқин-сурондан йироқда осойишта дам олиш мумкин.

Ўрта ер денгизи соҳилларида ёзги манзара
Турк Ривиераси ёз мавсумида Туркиянинг энг гавжум ва энг кўп ташриф буюриладиган сайёҳлик ҳудудларидан бири ҳисобланади. Анталия, Каш, Кемер ва атрофдаги соҳиллар қуёшли кунлари, мовий денгизи ва замонавий туризм инфратузилмаси билан миллионлаб меҳмонларни ўзига жалб этади. Денгиздан эсадиган майин шабада эса ёзги иссиқни енгилроқ ҳис қилиш имконини беради.

Бу ҳудуд фақат соҳилларда дам олиш билан чекланмайди. Каш атрофида дайвинг қилиш, Кековада сув остида қолган қадимий шаҳар қолдиқларини томоша қилиш, сокин қўлтиқлар бўйлаб қайиқ саёҳатига чиқиш мумкин. Иссиқдан паноҳ излаганлар учун Караин ва Дамлаташ ғорлари, шунингдек, Кўпрулу дарасининг муздек сувлари ажойиб танлов бўлади. Торос тоғлари бағридаги яйловлар ва салқин тоғ ҳавоси эса ёзги саёҳатга яна бир ўзига хос таассурот бағишлар экан.

Зилола тайёрлади.