Нега тозалик ҳақида кўп гапирамиз-у, амалда оқсаяпмиз?

Эрталаб ишга келган ҳамкасбимнинг кайфияти анча тушкун эди. Сабабини сўрасам, келаётганда маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан кимдир унинг устига сув тўкиб юборибди. Ким қилганини билмагани учун эътироз билдиришга ҳам, айбдорни топишга ҳам имкони бўлмабди.

Унинг гапларини эшитар эканман, беихтиёр ўз маҳалламиздаги айрим ҳолатлар ёдимга тушди. Афсуски, баъзи кўп қаватли уйлар олдидан бемалол юришнинг ўзи хавфли. Бир қарасангиз, юқоридан ювинди сув тўкилади, яна бир қарасангиз, пластик идиш ёки бошқа чиқинди учиб тушади. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатга танбеҳ берилса, айримлар хатосини тан олиш ўрнига, ўзини оқлашга ҳаракат қилади. «Пластик идишни чиқинди терувчилар олиб кетади», деган баҳона билан масъулиятдан қочишади.

Бир неча йил аввал маҳалламиздаги кўп қаватли уйлар ёнига ободонлаштириш ходимлари чиқинди қутилари ўрнатган эди. Аммо айрим аҳоли маиший чиқиндиларни махсус чиқинди хонасига олиб бориш ўрнига, барчасини шу қутиларга ташлайверди. Натижада улар олиб ташланди. Бу ҳақда ширкат масъулларидан сўраганимда, бунга аҳолининг бепарволиги сабаб бўлганини айтишди.
Ўйлаб қаранг, биринчи қаватда яшовчи одам уйи олдига гул экиб, ҳовлини обод қилишга ҳаракат қилса, юқоридан тўкиладиган сув ёки ташланадиган чиқиндилар остида бу меҳнат қандай сақланиб қолади?

Албатта, ҳамма ҳам бундай эмас. Халқимизда «Гуруч курмаксиз бўлмайди», деган нақл бор. Кўпчилик тозаликка риоя қилади, атрофини асрайди. Аммо озчиликнинг бепарволиги бутун маҳаллага салбий таъсир кўрсатади. Кейин эса айбни коммунал хизматларга ёки масъул ташкилотларга ағдариш осон.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаётган фуқаролар ҳақида мунтазам видеолар эълон қилиб келмоқда. Қонунбузарларга жарима ҳам қўлланилмоқда. Аммо шунга қарамай, бундай ҳолатлар ҳали ҳам такрорланмоқда. Наҳотки, жарима ҳам, жамоатчилик танқиди ҳам айримларга сабоқ бўлмаётган бўлса?

Яқинда хизмат сафари билан Беларусь давлатига бориш насиб этди. Биз яшаган талабалар ётоқхонаси атрофидаги кўп қаватли уйлар ҳовлиси мени ҳайратга солди. Ҳамма жой озода, гулзорлар парваришланган, болалар майдончаси атрофи ҳам турли гуллар билан безатилган эди. Май ойида очилган ранг-баранг лолаларга ҳар куни бир неча дақиқа тўхтаб ҳавас билан қарардик. Энг қизиғи, бир неча ҳафта давомида кўчада битта ҳам қоғоз ёки пластик чиқиндини кўрмадик. Ҳеч кимнинг чиқиндини ерга ташлаганига ҳам гувоҳ бўлмадик.

Бир куни пиония гулларини суратга олаётганимда ёши улуғ бир онахон билан танишиб қолдим.

- Қизим, оддий гулларни ҳам суратга оларкансан-а, - деб ҳазил қилди у.

Суҳбат давомида маълум бўлишича, Валя хола бу йил 75 ёшга тўлар экан. У саккизинчи қаватда яшаса-да, сўнгги беш йилдан бери уй олдидаги гулзорни ўз хоҳиши билан парвариш қилиб келади.
- Аввал бу ер қаровсиз эди. Ўзим тозаладим, кейин ҳар йили гул экиб, парвариш қила бошладим. Ҳеч ким мажбурлаган эмас. Бу менинг ҳузурим, - деди онахон.

Хайрлашаётганимизда у менга:
- Сен ҳам гул экишни ўрган. Нафақага чиққанингда менга ўхшаб шу иш билан машғул бўласан, - деди.
Онахоннинг шу бир оғиз гапи мени анча ўйлантирди. Ободликни фақат давлат ёки коммунал хизматлар эмас, оддий одамлар ҳам яратади. Бизда ҳам шундай ташаббускор, ҳовлиси ва маҳалласи учун қайғурадиган инсонлар кўп. Аммо уларнинг сафи янада кенгайса, маҳаллаларимиз анча чиройли бўларди.

Тозаликни бир кунлик шанбалик билан таъминлаб бўлмайди. Бу кундалик одатга айланиши керак.

Тоза маҳалла фақат супурилган кўча эмас. У ерда яшовчи одамларнинг бир-бирига, қўшнисига ва умумий яшаш муҳитига бўлган муносабатининг ҳам кўзгусидир. Тозаликни бошқалардан эмас, аввало, ўзимиздан бошлайлик. Зеро, тоза маҳалла — тоза кўнгил демакдир.

Муниса Шамсиева.