Байроқдан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақидаги қоидаларни биласизми?
Байроқ – давлат суверенитетини белгилайдиган рамзлардан биридир.
Ҳамма жойда давлат байроқларининг тури ва улардан фойдаланиш қоидалари қонун билан тартибга солинади. Давлат байроғига ҳурматсизлик, ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, уни масхара қилиш барча мамлакатларда қонун билан жазоланади.
Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки йилиданоқ мамлакат суверенитетининг муҳим белгиси – Давлат байроғига эга бўлди. 1991 йил 18 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонунда байроқдан фойдаланиш қоидалари белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда унинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-бошни безатиш ёки Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида фойдаланиш мустасно.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлишга, шу жумладан:
- Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги ўчган ҳолда ва бошқа номаъқул тарзда фойдаланишга;
- Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланишга;
- Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшашга ёки унинг тасвирини туширишга ва ундан қоплама сифатида фойдаланишга, шунингдек уни ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшашга ёки унинг тасвирини туширишга;
- Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан кийим-бош, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, шунингдек буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланишга;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгиларни пойабзалга, дастрўмолга, кўрпа-тўшакка, ички кийимга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга ёки унинг тасвирини бошқача тарзда туширишга;
- Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Давлат байроғи биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда, ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса флагштокда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилади.
Кўтариб қўйилган Давлат байроғининг матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши керак.
Байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан бутун (йиртилмаган, тешилмаган), тоза (ифлосланмаган), ранги ўчмаган ҳолда ва маъқул тарзда фойдаланиш учун масъулият ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан давлат органларининг зиммасига юклатилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонунчилигини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2031-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Хулоса ўрнида, ватан ҳимояси учун ҳарбий қасамёд қилаётган ўғил-қизлар байроғимиз олдида тиз чўкиб, уни кўзларига суради. Озодлигимиз, ифтихоримиз ва ғуруримиз, муқаддас қадриятларимиз рамзи бўлган байроғимиз ҳар биримизга фуқаролик бурчи ва масъулиятини юклайди. Байроққа бўлган муносабатидан кишининг Ватанга бўлган ҳурматини билиб олиш мумкин.
Феруз Каримов,
Самарқанд вилоят суди судьяси.