Бизга сирларингни оч, Афросиёб! (Эссе)

Самарқанд, октябрь ойи. Салқин тушиши, ёмғир ёғииши шу фаслга, шу ойга мос бўлса-да, барибир кутилмагандек туюлаверади.

Кутилмаганда октябрь ёмғир билан бошланди. Салқин, аммо ёқимли кузак ҳавоси Самарқандга ўзгача бир шуъла бахш этади. Шуълаки, энди сарғиш тусга кираётган дарахтлар ўзидан нур таратади, нилий гумбазлар қуёшнинг зарраларию, бир қуюлиб, бир сийраклашаётган булутлар соясида сирли бир оҳангга айланади.

Бу гал саёҳатимни айнан Амир Темур мақбарасидан бошладим. Аслида Афросиёб тепаликларидан бошлашим керак эди... Бу манзилларда ҳар сафар буюк жаҳонгир, таниқли донишмандлар нега Самарқандни танлашгани ҳақида ўйлайман. Нега улар муҳташам бир давлати учун бош кент дея Самарқандни танлашди, нега бу азиз гўша уларнинг назарига тушди ва тахтиравонларининг муқаддас минбари сифатида бу азиз макон танланди экан? Бу савол­нинг жавоби, эҳтимол, 3 минг йиллик тарихга эга бу азим диёрни ўрганиб, ўргатиб келаётган тарихнавису, қадимшунослар учун оддий бир жавобга айлангандир. Янаям қизиғи, бугун қўлингиздаги беминнат матоҳ – телефонингиздаги ақлли бир қурилмадан бу саволни беришингиз билан сониялар ичра сизни қизиқтирган йўналишда бир неча хил жавоб оласиз. Лекин барибир мен шу саволлар қаршисида қолавераман.

Биз бугун муҳташам Регистонни, Амир Темур мақбарасию ранглари кўзни оладиган Шоҳи Зинда, салобати суст боса­диган Амир Темур масжидию, маҳсулотлари билан сайёҳларни мафтун этаётган, ҳатто 400 йиллик ҳунарманд авлодларининг ишидан ҳайратга тушамиз, Самарқандга мафтун бўламиз.

Бухорода туғилиб, Самарқанд тупроғида қўним топган Имом Бухорий, Косонда туғилиб ўсса-да, бугун ушбу қадим шаҳарда қўним топиб, пойида ўнлаб ҳокиму уламолар хоклари қўйилган Маҳдуми Аъзам, Хўжа Аҳрори Валий зиёратгоҳлари Самарқандга илоҳий бир руҳ беради. Азим кентга қадам қўйишингиз билан руҳингизда бир енгиллик ҳис этасиз.

Яна кўплаб авлиёлар макон топган зиёратгоҳлар аро кезинар экансиз, айниқса, уларнинг илму маърифати, босиб ўтган йўллари, бу йўлда кўрган, кечирганлари ҳақида хабардор бўлсангиз, зиёратгоҳда бир, ўн дақиқа эмас, соатлаб қолишни истайсиз. Уларнинг илм йўлидаги собитликларидан ибрат олгингиз, ўзингизга ҳам юқтиргингиз келади.

Дарвоқе, биз Амир Темур мақбарасида эдик-а... Хорижлик сайёҳларга бу мақбара ҳақида тушунча бераётган йўлбошловчининг фикрлари хаёлларимдаги саволларга жавоб бергандай бўлди.

“Соҳибқирон Амир Темур Самарқанд­ни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд – Афросиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Афросиёб харобалари қайта тикланмади, балки унинг жанубий томонида янги шаҳар барпо қилишга киришилди. Шу туфайли Самарқанд икки тарихий ўринга эга шаҳар сифатида машҳурдир.

Амир Темур янги Самарқандни барпо этишга киришар экан, том маънода қадимги шаҳарсозлик маданиятини қайта тиклади, унга янгича жило, руҳ бағишлади. Албатта, Амир Темур Самарқандни пойтахт қилиб танлар экан, уни ҳар томонлама ўрганиб чиқди, жойлашиш ўрни, тарихи, табиати, иқлими ва сув ресурсларини ҳар томонлама таҳлил қилди. Ҳузурига меъморлар, қурувчи-усталар, олимларни чорлаб, улар билан кенгаш ўтказди ва сўнгра меъморларга шаҳарни қуришнинг бош режасини ишлаб чиқишни топширди. Арки аъло, маҳаллалар, кўчалар, бозор ва майдонларнинг ўрни белгиланди. Арк ва шаҳар атрофига улкан мудофаа девори қуришга фармон берди. Шаҳар мудофаа деворига Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Феруза, Сўзангарон ва Коризгоҳ дарвозалари ўрнатилди.

Амир Темур Самарқандда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар - жоме масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Шоҳи Зинда каби мақбараларни бунёд этди. Самарқандликлар дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун шаҳар ичида ва атрофида бир-биридан гўзал, баҳаво, хушманзара 12 боғ-саройни яратди. Бу ажойиб боғлар­нинг дарвозалари кечаю кундуз барча учун очиқ эди...”

Мақбаралардаги гавжумликдан бошингиз айланиб кетади. Чиққиллатиб суратга туширгани қанча, гумбазларга боқиб, маҳлиё бўлгани қанча, савол кетидан савол бериб, йўлбошчини шошираётганлари қанча. Аммо ҳаммасининг кўзида ҳайрат. Астагина таассуротларини сўрайман:

- Эшитганимиздан кўра, суратларда кўрганимиздан-да жозибали шаҳар!

- Кечки Регистонни томоша қилиш одамга ҳузур бағишлайди...

- Бу минорлар, бу маҳобатни суратларга сиғдириш жуда қийин.

- Самарқанднинг ўз руҳи бор...

- Энг кичик бир тамаддихонада овқатланганимизда ҳам бу ерда пиширилган таомларнинг мазасидан лол қоляпмиз.

Фикрларни эшитиш ёқимли, айниқса, ўзинг ҳам шаҳрингни кезиб, шу руҳдан қувват олишни истаётган бўлсанг. Кейинги манзилга бориш учун машинага миндим, радиода мухбир Самарқандга келаётган сайёҳлар ҳақида суҳбат қилаётган экан.

- Самарқанд вилоятида туризм хизматлари экспорти 2022 йилда 197,6 миллион долларни ташкил этган. Сўнгги беш йил ичида Самарқанднинг туризм инфратузилмасига киритилган йирик инвестициялар ва янги объектлар туфайли соҳа экспорти кескин ўсиб, 2025 йил якуни билан 606 миллион долларга етган.

Самарқанд вилоятига 2025 йилда жами 8 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган.

Саккиз миллион-а... Бир пайтлар бу рақам икки миллиондан ошмасди, чамаси. Бу рақамлар ортидаги ташаббуслар ҳақида кўп ёзганмиз.

...Регистон майдонида юрарканман, қайсидир чет давлатда юрибманми, деган хаёлга бордим. Инглиз, француз, немис, рус, испан, индонезиялик, малайзиялик... Эҳ-ҳе, қайси бир давлат фуқаросини сўраманг, шу муаззам майдондан топасиз. Бир сайёҳнинг саволи эътиборимни тортди.

- Бу мадрасалар қурилган йилларда ислом дини қоидалари ҳукм сурган. Ислом динида эса айниқса, намоз ўқиладиган ерда жониворнинг сурати чизилганини қандай тушуниш мумкин?

Ҳамманинг кўзи Шердор мадрасасига қадалади. Йўлбошчи ўзини йўқотиб қўймади, барчанинг диққатини жамлаб, ушбу мадраса ҳақида тушунтира кетди.

“Мусулмон астрономиясида қуёшнинг Асад (шер) буржида бўлиши бахтиёр замон, куч-қудрат ва ғалабага ишора ҳисобланган. Уламолар буни жонзотга сиғиниш ёки бутпарастлик эмас, балки табиат ва фалакиёт илмига оид рамзий тимсол сифатида қабул қилишган.

Қолаверса, қадимдан шер ёки қоплон (қор қоплони) Самарқанд шаҳрининг ва унинг ҳукмдорининг куч-қудратини, халқни ҳимоя қилишини билдирувчи рамз бўлиб келган. Мадраса пештоқидаги шер ва оҳу тасвири маъжозий маънога эга бўлиб, илм талаб қилиш, билим олиш ва кишининг жаҳолатга қарши курашишдаги шижоатини англатади.

Мадрасани қурдирган Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодирнинг қудрати ва ҳукмронлигини кўрсатиш учун давлатчилик ва марказлашган куч тимсоли сифатида фойдаланилган”.

Бу маълумотларни илгари эшитган, ўқиган бўлсам-да, яна ҳайратланаман. Боболаримиз илми ва закоси олдида таъзим қилгим келади. Ҳатто, бугун, биз замонавий ҳисоблаган асрда кескин, радикал фикрлилар мавжудлиги бизнинг хатомизми ё инсоният асли шундай яралганми?

Ҳақиқатан ҳам барча қонунларимиз шариат асосида ҳукм сурган даврда шаҳар марказидаги улуғвор майдонда, улкан мадрасанинг пештоқига шер суратини тушириш, боболаримизнинг не­чоғлик кенг фикрли ва юксак тафаккурли эканликларини англатмайдими?.. Бу зако олдида ўзимнинг қанчалик зарра эканлигимни англайман.

Шоҳи Зинда - қирқ зина, мовий гумбазлар ва ...ғорга яширилган тирик шоҳ. Бу қиссаю, воқеликлар қанча эшитсанг ҳам қулоғингга ёқади. Бу муҳитда янграган Қуръон тиловати сени узоқ-узоқларга олиб кетади.

Шу суратда аста пиёда Афросиёб тепаликлари сари йўл оламан. Бу тепаликларда не сирлар мужассам, буни шу яқин атрофдаги музейга кириб ҳам билса бўлади, танишиш учун ашёлар етарли. Лекин мен бу заминда ўтириб, хаёлан ўша муҳитда бўлгим келди. ­Афросиёб харобаларидан топилган суратлар кўз ўнгимда айлана бошлади.

Қанча тамаддунни бошингдан кечирдинг, Самарқанд?

Бизга сирларингни оч, Афросиёб! Сирларингни кенгроқ, батафсилроқ оч, ни­гоҳимизни ўзингга қарат, моҳиятимизни англат. Шундай англатки, бу тупроқнинг ҳар зарраси муқаддас эканлигини кун сайин кўпроқ ҳис қилайлик! Шундай анг­латки, биз босган изларда улуғ қадамлар ташлангани, уларнинг хаёлию, илми само билан тенглашганини беҳроқ билайлик, ўзимизни ўнглайлик, ҳою ҳавасларга эмас, тафаккуримизга, илмимизга суя­найлик... Шундай англат!

Гулруҳ Мўминова.