"Обод маҳалла"га киритилган маҳалламиз обод бўлмади

Нуробод туманидаги Ағрон маҳалласидан мурожаат қиляпмиз.

Маҳалламиз Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Обод маҳалла” дастурига киритилган эди.

Дастур ижросига кўра, маҳалламиз кўчаларининг 4,5 километр қисмига асфальт, 3,5 километрига шағал ётқизилиши, бозор инфратузилмаси яхшиланиши керак эди. Амалда уларнинг ҳеч бири якунига етмади.

Масалан, суратда акс эттирилган кўча асфальт қилиниши керак эди. Кўриб турганингиздек (сурат 5 кун аввал олинган) кўчага асфальт қилиниши у ёқда турсин, шағал тўшалгани йўқ. 1,2 километрлик бетон йўлаклар сифатсиз қилинган. Дастурга киритилган бозорча масаласи ҳеч бир масъулнинг эсига келгани йўқ, аҳоли яшаш учун енгиллик берувчи бошқа ишлар ҳам талаб даражасида бажарилган эмас.

Муаммо юзасидан туман ҳокимлигининг шу ишга масъул раҳбарларига мурожаат қилдик, аммо тайинли жавоб олмадик. “Обод маҳалла” дастурига киритилган қишлоқлар обод бўлмаса, бошқа маҳаллаларда бажарилаётган ишлар қандай бўлади?..

Давлат бюджетидан ажратилган маблағ эвазига нима ишлар қилингани, аҳоли оғири енгил бўлганми-йўқми, буни билиб, кўриб, хулоса қиладиган масъуллар маҳалламизга келармикан?

Нуробод тумани Ағрон маҳалласи фуқаролари.