Қум остидаги тарих ёхуд Бухородан Балхгача бўлган Туркистон ўтмишига саёҳат
Жадидчи, маърифатпарвар, ўтган аср 30-йилларининг энг кўзга кўринган тарихчиси, профессор Пўлат Солиевнинг асарлари ватанимиз тарихини ўрганишда қимматли манба саналади. Қуйида олимнинг 1923 йилда нашр этилган “Бухоро тарихи” китобидан бир мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
Туркистон ўлкасида қай вақтда ва қайси асрда инсонларнинг зуҳури ҳақида маълумот йўқдур. Бу тўғрида тарих бизга қатъи ва ҳатто тахминий бўлса ҳам бир нарса айта олмайдир. Туркистонда турғон бурунғи халқларнинг қай жинсга ва қай ирққа мансуб бўлғонлиқларин билиш имкон харжида бир ишдир. Фақат тахминий суратда баъзи бир мулоҳазалар юргузиладир. Туркистон ўлкасининг йироқ мозийлари ҳақида бизлар грек (юнон) ва хитой манбалариға мурожаат этарга мажбурмиз.
Эски давримизни жуда заиф суратда бўлса ҳам, мазкур халқларнинг муаррихлари бир қадар майдонға қўйғондурлар. Тарих забт этган вақтлардин бири Туркистонда форс ва турк қавмларининг оралашиб яшаб келганликлари кўринадир. Форсийларнинг Бақтрия, Суғд, Фарғона, Бухоро, Хоразм вилоятларида ўтроқ ҳолда тирикчилик этганлиги зикр этиладир. Турк халқларининг ул вақтларда маданий-маишат қилғонлиғи ҳақида бир нарса кўрилмайдир.
Еттисув, Сирдарё, Бухоро вилоятларида кўчманчи ҳолда юрғонлиқлари кўринадир. Наршахийнинг айтишича, ҳозирғи Бухоронинг шимолида қирқ чақирим йироқлиқда бўлғон Вардона шаҳридан Туркистон ҳудуди бошланадир. Форсларнинг ўтурғон вилоятлари маданий-маишат қурушқа мақсад бўлғонлиқларидан бу ўрунларда ўлтурғувчулар эртароқ маданий тирикчиликка киришгандурлар.
Грек ёзғувчилари ул вақтқи Бақтрия ҳақида: «Бақтрия ери ҳар турликдир. Баъзи жойларда узум ёғочлари билан қоплонғон, фавқулодда кўп мева берадир. Ерлари булоқ суви билан суғориладир. Мўътадил ўрунларида буғдой экиладир. Бошқа ўрунлари ёйлоқ учун қолдириладир. Вилоятнинг аксари ўрни фойдасиз. Ҳеч мева ўсмайдир. Халқ ҳам ўтурмайдир. Ел (шамол) бўлса қум кўтариладир. Қум тоғлари ҳосил бўладир.
Узоқдан катта тепа каби бўлуб кўрунадир. Йўллар қопланадир, йўлчилар кечаларда юлдузларга қараб юрмоққа мажбур бўладилар. Қаттиқ шамол йўлчиларни довдиратадир. Қумлар йўлчиларға қабр бўладир. Кечалари кундузга қарағанда, яхши. Кундузги қалин туман ёруғни қоплайдир. Йўлчилар ҳеч бир йўлни топа олмайдилар. Манбат ва маҳсулдорлар (унумлик) ўрунларда халқ жуда зич ўтурғонлар. Ер жуда яхши ишлангандир». деб ёзадирлар. Бақтриянинг жанубида Поропомиз тоғлари, шимолда Амударё бордур. Ҳозирғи Балх шаҳри Бақтриянинг маркази эди.
Милоддан бир неча асрлар бурун, бақтрияликлар мазкур ўрунда давлат қурдилар. Пойтахти Балх шаҳари эди. Кўп вақтлар бу шаҳар Зардўшт динининг маркази бўлуб хизмат қилди. Милоддан 530 йиллар муқаддам Эрон шоҳи Кир тарафиндан фатҳ этилиб Эронға қўшулади. Македонияли Искандар Эронни олиб Туркистонға тажаввуз воқтида Бақтрия ҳам унинг идорасига ўтган. Македониялик Бақтрияга кўп грек муҳожири олиб келиб ўрнаштирғони айтиладир.
Македониялик вафотидан кейин Бақтрияда «Грек-Бақтрия» номида бир давлат тузилган эди. Бу давлат шимолдан ҳужум этгувчи кўчманчи қабилалар тазйиқи билан биткариладир. Бешинчи асрнинг яримларида Эрон шоҳи Ферузий Бақтрия ва суғд вилоятларини олди. Турк хонларини ўзига итоат эттирди. Еттинчи аср милодийнинг ўрталарида Туркистон оша Ҳиндистонға борған Хитой роҳиби «Сюн Сзян» Бақтрияда кичкина ўлкалар, ҳар қайсининг бошинда турк ҳокимларин кўрганлигин ёзади.
Суғд ери ҳақида грек ёзғучилари: «Суғд ери Бақтриядан қўрқунчлидир. Аскарлари сувсиз ерларда сувсамаслар ҳам, сув ичарга талаб турадирлар. Қизил қум ўт янглиғ куйдирадир. Тунда юриш қийинроқ, қиров бўладир. Тонг отиши билан қаттиғ қизиш бошланадир. Иссиқлиғ одамнинг ташиға эмас, ҳатто ичини ҳам куйдирадир», деб ёзадирлар.
Грек ёзғучилари Македонияли Искандар билан бирга келган эдилар. Македонияли ўзининг фатҳотин ёзиб бориш учун улуғ олимларни Эрон ва Ўрта Осиё сафарларида бирга олиб юрғон эди. Булар бўлғон воқеаларни ёза бордилар. Аскар бошлиқлари орасида ҳам «Кунлик дафтар» юрутғучилари, воқеаларни ёзиб борғучилари бор эди. Лекин буларнинг ҳаммасининг ҳам, ёзғон нарсалари саломат сақланмағон, зое бўлғондир. Баъзи бирисигина Арриан, Квант Курсий каби олимларнинг асарларгина бу кунга келиб ета олғон. Бу асарлардан бириси ҳам бизни қаноатлантирадурғон даражада эмас. Ул вақтқи Туркистоннинг қандоқ эканин билиб бўлмайдир. Ўрта Осиёдағи ул вақтлардағи мискун халқлар ҳақида очуқ бир нарса ёзилмайдир. Фақат «масоғит», «Искиф» деган исмлар билангина кифояланиб, буларнинг кўчманчи эканликларин айтадирлар. Турмушлари ва урф одатлари, идоралари ҳақида бир нарса ҳам сўзламайдирлар. Македонияли Искандар милоддан бурун 330-329 йилларда Ҳиндистонни ўтуб келиб Бақтрияни олди.
Ҳозирги «Чу чиқангзар» ёнида Амударёни ўтуб Суғднинг маркази бўлғон Мароқанд (Самарқанд)ға келди. Самарқанд ул вақтда тевараги бир чақиримлик девор билан ихота қилинғон бир шаҳар эди. Самарқандни олғоч, Хўжанд йўли билан Сирдарёға қадар келиб Хожандға яқин ўрунда Йироқ Искандария исмида бир шаҳар бино этди. Атрофинда кўчманчи халқлар билан грекларни шул шаҳарга ўрнаштирди. Сирдарёнинг ўнг соҳилидаги искифлар билан урушиб қаради. Муваффақият қозонмади. Касалланиб (оғруб) кейинга қайтишга мажбур бўлди. Суғд, Бақтрия халқлари Македониялига (Македонскийга) қарши исён ҳам қилиб қарадилар. Иш чиқмади, греклар тарафидан шаҳар ва қишлоқлари ҳалок қилинди. Ҳиндукушдан ўтиб, Ҳиндистонга кетган эди.
Шундан такрор Ўрта Осиёға қайтмади. Милоддан 323 йил бурун Бобилда ўлгач, фатҳ қилинғон ўрунлари бўлакланди. Ҳозирғи Хуросонда «Парфиён» Бақтрияда «Грек-Бақтрия» исмли давлатлар тузилди. Грек-Бақтрия давлатининг ҳудуди кенг эди. Суғд, Қобилистон доҳил ҳолда Панжобғача чўзилғон эди. Грек-Бақтрия ҳукумати шимолдан кўчманчи халқларнинг тажовузи билан биткарилиб, буларнинг озига кўчманчи халқлар ўрнашадилар. Милоддан Исодан муқаддам Туркистонда кўчманчи халқларнинг катта бир қўзғалиш бошланди. Бу қўзғалиш Ўрта Осиёда улуғ ўзгариш туғдирадир.
Бунинг сабаби Ҳун туркларидир. Хитойнинг шимолида ўтурғон турклар ўзларининг ғарбида «Тонғут»да ўтурғон юиж-хи (Юэчжи) деган халққа ҳужум этиб, кейингиларни ғарб сори ҳаракат этмакка мажбур этганлар. Юиж-хиларнинг ғарб тарафида бўлғон Си-Суй халқи ҳам Юиж-хиларнинг тазйиқлариға учраб ғарбга қараб ҳижрат этганлар. Юиж-хилар «Сой»ларнинг келиб Бақтрияға ўрнашдилар. Гангдан Фуротқа, Сирдарёдан баҳри муҳит Ҳиндга қадар чўзилган катта бир давлат турғизғонлар.Юич-хиларнинг ғарбга қараб қўзғалишлари ҳақида хитой манбалари: «Юич-хилар ғарбга томон харакат этдилар. Дохо (Суғдия) ўлкасини фатҳ этиб, Гуйшу (Амударё) йилғасининг шимолида ўрнашдилар». дейдир.
Буларнинг Қанишқа исмидаги хони будда динини тарқатишда зўр ҳаракат этиб ибодатхонлар бино қилғон кишидир (Еттинчи аср милодийда Туркистон оша Ҳиндистонға борғон Хитой сайёҳи Сян-Цзин «Қанишқа катта хон эди. Ҳиндистоннинг аксар ўрнидан Хорж, Кобулистон, Шарқий Туркистон мунинг идорасида эди. Пойтахти Пуршопур (Пешовар) шаҳри эди деб айтадир».) Ушбу Юиж-хиларға милоддан 157 йил бурун Чжан-Цан исмли кишининг раёсати остида Хитойдан бир ҳайъат келган эди. Хитойнинг шимолида ўтурғон Ҳун турклари хитойларни роҳатсиз қила бошлағоч, юиж-хилар билан иттифоқ ясаб ҳунларга қарши туриш мақсадида эдилар. Лекин бу ҳайъатнинг иши муваффақиятсиз бўлди. Юиж-хилар қабул этмадилар. Хитой томонидан таклиф этилган иттифоққа кирмадилар.
Чжан-Цан ўз асарида айтадирким, «Фарғона ҳунлардан ўн минг ли (икки ли бир чақиримға тўғри келадир) ғарбдадир. Фарғонанинг шимол-шарқида (Еттисув вилоятида) икки минг ли йироқлиқда «усун» халқи турадир. Булар кўчма маишат этадилар. Ўзлари ҳунларга ўхшайдир. Фарғонанинг шимол-ғарбида (Сирдарё вилоятида) қангуйлар турадур. Булар ҳам икки минг ли қадар Фарғонадан йироқ. Булар ҳам кўчма тирикчилик этадирлар. Юиж хиларга ўхшайдирлар. Кучсизликлари сабабли қанғуйларнинг жануб тарафи юич-хиларға, шарқ томони ҳунларга итоат этадир. Катта Юич-хилар Фарғонадан уч минг ли қадар ғарбда, Амударёнинг шимолидадир. Юич-хиларнинг шимолида Дохо (Суғд) ғарбида Анси (Хива ва шимолий Эрон) мамлакатлари бордир.
Фарғона халқи маданий-маишат этадир, деҳқончилиқ билан шуғулланадир. Гуруч, буғдой экадирлар. Узумдан мусаллас ясайдирлар. Яхши отлари бор. Уйлари шаҳарлари бор. Фарғонада катта-кичик бўлиб етмишлаб шаҳар бордир. Халқи бир неча минга етадир» дейдир. Учинчи аср милодийнинг ўрталарида юич-хиларнинг давлати битадир. Кобул, Бақтрия, Суғдиёна буларнинг қўлида қолиб бошқа вилоятлар истиқлол оладир. Тўртинчи асрда шимолдан ҳужум этган ҳун турклари буларнинг давлатларини буткул биткариб, ўзлари Туркистонда ҳоким бўлиб қоладилар. Еттинчи асрда эса Эрон шоҳи «Фирузи» Суғд, Бақтрияни ўзига қаратади.
Олтинчи асрнинг ўрталаридан бошлаб Туркистонни турк- «тукюлар» идора этадилар. Турк-тукюлар вақтида Еттисувда бўлган савдо шаҳарлари кўринадир. Бу шимол йўли мазкур асрдагина зикр қилина бошлайдир. Еттинчи асрда Фарғонада кўп йилларға чўзилғон тинчсизликлар ғарбий Осиёдан Хитойға боратурғон карвон йўлининг шимолға кўчишига сабаб бўлди. Карвонлар Фарғона йўлин ташлаб Еттисув билан юра бошлади. Савдогар Самарқанддан Тошкентга, ундан Авлиёота оша Еттисувга Чу йилғаси бўйига ундан Иссиқкўлнинг жануби билан Бедил довони орқали Оқсувга чиқатурғонлар эди. Бу йўлни биринчи маротаба хитой сайёҳи Сюн-Цин зикр этадир.
Бу йўлнинг бўлиши ҳам Турк-Тукюларнинг улуғ давлат қурғонлари вақтидадир. Хитой сайёҳи Сюн Циннинг айтишиға қарағонда ул вақтларда турк эллари халқнинг ярми деҳқончилиқ билан шуғулланса, ярми савдо билан шуғулланган. Буларнинг алифболари, тарихий китоблари бўлғон. Сайёҳ айтадир: «Чу йилғасининг ғарб тарафинда бир неча ўнлаб шаҳарлар бор. Ҳар бир шаҳарда ҳоким турадир. Ҳаммаси ҳам турк-тукюларга итоат этадирлар. Чу йилғасининг бўйнидаги шаҳарлардан «Киюшонли» (шарқий Бухородаги Ҳисор вилояти)ға қадар бўлғон ўрун «Сули» деб аталадир.
Халқи ҳам мазкур исм билан зикр қилинадир. Ёзув аломатлари 32 ҳарфдан иборат. Бу халқдан тарихга оид бир неча асарлар бор. Юқоридан тубанга қараб ўқийдирлар. Пахтадан, жундан, теридан кийим киядирлар. Сочларин бош тепасига йиғиб юрутадурлар. Баъзилари бутунлай олдирадирлар. Бошлариға ипак ўрайдирлар. Бойлар бир қадар эҳтиром этиладир. Кийимда бой билан фақир орасида айрима йўқдур. Ҳатто не қадар бой бўлса, шу қадар ёмон кийинадур. Халқининг ярми деҳқончилиқ, ярми савдо билан шуғулланадир» дейдир.
Бул вақтда савдонинг маркази Сиёб шаҳри эди. Бир шаҳарнинг атрофида хоқоннинг ўрдаси бор эди. Мазкур сайёҳ Турк хоқонининг ҳузуриға тушиб, бир қадар кунлар унда турғондур. Сайёҳ айтадир «Хоқон устида яшил ипакдан чопон, сочлари солинғон, бошиға ўн фут узунлиқда ипак чирмағон. Ёнидоғи одамлар хоқоннинг тескарисинча сочларин ўрганлар. Солландируб қўйғонлар. Султоннинг чодири ичида олтин нарсалар кўп. Чодирда турадир. Кигиз устида икки қат бўлиб улуғ одамлар тизилиб ўтурғонлар, ҳаммасининг устида ипак кийим.
Буларнинг орқасида хоқоннинг соқчилари турадир. Чодирда Хитой ва ҳам Уйғурия элчилари бор. Ош едик, вино ичдик, музика ўйнади» дейдир. Шул асарда Туркистон турк-тукюлар идораси вақтида Туркистонға араблар келиб чиқдирлар. Бу вақтда Ўрта Осиёда жуда кўп майда мустақил идоралар бор эди. Булар орасида ҳеч бир муносабат йўқ бўлуб, бир-бириси билан низолашиб, жанжаллашиб турар эдилар. Бу майда идораларнинг бошларида деҳқонлар туриб, ғоят зўр мулк соҳиблари эдилар. Ўзларининг фуқароларидан буларнинг кийимлари айрим бўлуб, белларига камар боғлаб, қилич тақиб юрар эдилар. Ўзларига хос отлиқ аскарлари, туратурғон маҳкум саройлари бор эди. Бухорхудод Бухоронинг бошлуғи бўлуб, вилоятдаги ерларнинг кўпи бунинг қўлида, халқининг кўпи бунинг қули ҳисобланадур.
Самарқанд, Суғд, Фарғонада деҳқонлар қўлида бўлиб вилоятлардагина эмас, шаҳарларда ҳам ернинг энг кўпи булар идорасида эди. Уруш вақтларида деҳқон бойларға мансуб кишилар билан бирга турк аскарлари деҳқонларнинг зўр кучларини ташкил этар эди. У вақтда Ўрта Осиёда Зардушт, Будда, христианликнинг нестури шуъбаси кўпроқ тарқалғон бўлиб, бойлар, деҳқонлар зардушт динида эдилар. Туркий халқ орасида шомонлиқ билан баробар будда, нестурийлик тарқалғон бўлса ҳам,бу динларга мансуб турк қабилалари ғоят озайди. Туркий халқ ҳаммаси деб айтарлиқ шомонизм динида эдилар.
Мазкур динларнинг бириси ҳам сарой тахт эгаларига муносиб бўлурлиқ даражада эмас эди. Диннинг нуфузи кам бўлғони каби халқ орасида кучли руҳоний синф ҳам кўрунмайдир эди. Арабларнинг тажовузи вақтларида Фарғона, Шош, Суғд, Бухоронинг бир-бирига боғланғон бирлигин талаб қилғон ҳеч бир муносабатлари йўқ эди. Буларнинг ҳаммасининг устидан Ғарбий Турк ҳукумати ҳоким бўлсада, онинг иши ўлпон олиш, лозим бўлғон иқтсодий ишлардан фойдаланиш эди.
Аммо идора ишларига ҳеч аралашмас, идора бошларида ерлик халқнинг ўз деҳқонлари турар эди. Баҳри муҳити Кабирдан Қора денгизгача Турк-Тукюлар давлати 581 йилдан кейин шарқий ва ғарбий номларда иккига ажралди. Ғарбий туркларнинг маркази ҳозирғи Еттисув вилояти эди. Ғарбий туркларнинг ўзларида иккига ажралиб Чу йилғасининг шарқинда бўлғонлари, «дулу» ғарбинда бўғонлари «нушаби» исминда юритилар эди.
Ғарбий турклар орасида зўр эътиборли Сулухон 738 йилда Тургиш бошлиқларининг бириси тарафидан ўлдурилди. Мамлакатда зўр низолар бошланди. 748 йилда шарқий Туркистондаги Хитой волийси Еттисувға ғарбий туркларнинг устига тажовуз қилиб савдонинг маркази бўлғон Суёб шаҳрини вайрон қилди. Бир тарафдан ўлдуруш, талашлар, иккинчи ёқдан хитойларнинг тажовузи ғарбий турк ҳукуматини заифлантирди. Шунинг натижасинда, араблар Ўрта Осиёда зўр муваффақият қозондилар. Энг кейинги турк хоқони Амударёнинг жанубида Балхнинг шарқида Тохаристон деган жойда араблардан мағлуб бўлди. Шу мағлубиятдан қайтиб келгач, душманлари тарафидан ўлдурилди. Шунинг билан Ўрта Осиёда Туркий-тукюларнинг ҳокимияти битиб, Туркистон араб футуҳоти учун очуқ қолди.
Пўлат Солиев.