Самарқандда дунё ёшлари иқлим учун бирлашди

Самарқандда ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми якунланди.

Дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан келган 150 нафар ёш етакчилар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган уч кунлик анжуманда “Иқлим ҳаракати ва унинг ижтимоий таъсири, айниқса ёшлар учун” мавзуси юзасидан фикр алмашилди.

Форумнинг асосий тадбирларида турли давлатлар вакиллари иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва экологик муаммоларнинг ечимлари бўйича ташаббус ва ғояларини илгари сурди, инновацион ечимлар таклиф этилди.

– Анжуманда иштирокчи давлатлар ёш лидерлари бутун дунёда глобал муаммога айланган атроф-муҳитни чиқиндилардан асраш, уларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш, сув тақчиллиги муаммоси, биохилмахиллик ва ҳайвонларнинг ноёб турларини йўқолиб кетишдан асраш, ўрмонларнинг қисқариши, ёнғинлар, умуман, иқлим ўзгаришига таъсир қиладиган долзарб масалалар муҳокама қилинди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов. – Мамлакатимиз ёшлари ҳам бу борада Ўзбекистон тажрибаси сифатида амалга оширилаётган ишлар ҳақида чиқишлар қилди.

Жумладан, умуммиллий ҳаракатга айланган “Яшил макон” лойиҳаси ҳамда жаҳон тажрибаси асосида яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнлари юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилаётгани кўрсатиб берилди. Шунингдек, ҳукуматимиз вакиллари, экспертлар ва лидер ёшларимиз хорижликлар тажрибасини атрофлича ўрганиб, соҳага татбиқ этишга келишиб олинди.

Форумда иштирок этган хорижлик ёшлар ҳам анжуман ҳақидаги таассуротлари ва унда илгари сурилган ғоялар ҳақида ўртоқлашди.

– Мен Ўзбекистонни яхши кўраман, бу ерда буюк алломалар қўним топган, – дейди Сенегал делегацияси вакили, ЮНEСКО клуби аъзоси Леити Ка. – Шунинг учун ҳам ўзимни уйдагидек ҳис қилдим. Форумга келсак, дунё ёшлари барқарор экологик муҳитни яратиш учун алоқа ўрнатиш, фикр алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун бирлашди. Жумладан, таълимни экологиклаштириш, жараёнда ёшларнинг инновацион фикрларини ривожлантириш ва таъсирини кучайтириш диққат марказимизда бўлди. Бу жуда муҳим, чунки гап ёшларга ўз жамиятларини яхшироқ келажакка олиб бориш учун зарур бўлган воситаларни тақдим этиш ҳақида бормоқда. ЮНЕСКО ёшларнинг бу йўлдаги стартап лойиҳалари учун сармоя киритмоқда ва бу дунёда ижобий ўзгаришларга қаратилган қадамдир. Айниқса, форум Ўзбекистон учун ўрнак кўрсатиш имконияти бўлди ва мамлакат халқаро ҳамкорлик намунаси, ишонч рамзига айланди.

– Ўзбекистонга биринчи марта келишим, рости, дастлаб форум Парижда ўтказилмаганидан бироз хафа бўлдим, чунки бу шаҳар ЮНEСКО учун рамзий жой, – дейди Беларусь ЮНEСКО клублари ассоциацияси вакили Ксения Ланец. – Лекин Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларим, бизни кутиб олиш ва тадбирни юқори савияда ташкил этилгани барча кутганлардан ҳам аъло даражада бўлди. Тадбирда экология бўйича ҳозиргача ишлаб чиққан барча ишларимизни умумлаштириб, ўз ғоя ва ташаббусларимизни тақдим этдик. Жумладан, бизнинг мамлакатимизда иқлим ўзгаришига таъсир қилувчи ботқоқликларнинг қуриб бориши, яъни мелиорация билан боғлиқ муаммолар бор. Мен ушбу муаммолар ечими бўйича илмий иш қиляпман ва грант ҳам ютиб олдим. Тадбирда бу йўналишдаги муаммолар ечими юзасидан тақдимот қилдим ва иштирокчилар томонидан билдирган бу каби таклиф ва муаммолар ечимларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.

Анжуман якунида “Ёшлар форуми натижалари ҳужжати” қабул қилиниб, иқлим ҳаракатида ёшларнинг ўрни, улар илгари сурган ташаббуслар ва келгусида амалга ошириладиган режалар акс этган. Эътиборлиси, форумда муҳокама қилинган масалалар ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тадбирларида халқаро ташкилотлар вакиллари ва делегациялари иштирокида ҳам кўриб чиқилади.