Собиқ ўқувчи ўзи ўқиган мактабга китоблар совға қилди

Самарқандлик жамоатчилик фаоли Аҳтам Ниязов ўзи таҳсил олган мактабга бориб, ўқувчиларни қувонтирди.

У Жомбой тумани Қўнғирот маҳалласида жойлашган 13-умумтаълим мактабида 1975–1977 йилларда бир муддат таҳсил олган.

А.Ниязов яқинда мактаб кутубхонасига ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларидан иборат 50 дона бадиий китоблар жамланмасини ҳадя этган эди. Бу сафар 7–11-синфларда таҳсил олаётган 33 нафар аълочи ва фаол ўқувчиларга ҳам ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан ташкил топган китобларни тақдим этди.

Шунингдек, жамоатчилик фаоли ўзининг бир муддат фойдаланган шахсий компьютерини ахборот технологияларига қизиқадиган иқтидорли ўқувчилардан бирига совға қилди. Бу эса ёшларни замонавий билим ва технологияларга янада қизиқтиришга хизмат қилади.

Мазкур хайрли иши орқали Аҳтам Ниязов ёш авлодни китобхонликка даъват этиб, уларнинг билим олишга бўлган интилишини ҳамда ахборот технологияларини ўрганишга қизиқишини рағбатлантирмоқда.