Мевали боғларда бордо суюқлигини қўллаш усулларини биласизми?

Боғ ва токзорларда ўсимликларни касалликлардан ҳимоя қилишда бордо суюқлигидан фойдаланиш самарали агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади.

Айниқса, мевали боғларда учрайдиган кўплаб замбуруғли касалликларнинг олдини олишда бордо суюқлиги арзонлиги, тез тайёрланиши ва юқори самарадорлиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистон иқлим шароитида мевали дарахтларга бордо суюқлиги билан ишлов бериш асосан тиним даврида, яъни қиш ойларида амалга оширилади. Бу даврда 3 фоизли бордо суюқлиги қўлланилиши тавсия этилади. Вегетация даврида эса дарахтларни вақти-вақти билан 1 фоизли бордо суюқлиги билан ишлов бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу усул бир томондан касалликларнинг олдини олишга хизмат қилса, иккинчи томондан мавжуд касалликларнинг тарқалишини чеклашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, вегетация даврида дарахтларни 1 фоизли бордо суюқлиги билан ишлов бериш катта аҳамиятга эга. Бу эритма ўсимликка кучли зарар етказмасдан, касаллик қўзғатувчиларга қарши самарали курашиш имконини беради.

1 фоизли бордо суюқлигини тайёрлаш тартиби қуйидагича: 10 литр 1 фоизли бордо суюқлигини тайёрлаш учун 100 грамм мис купораси ва 100 грамм оҳак алоҳида-алоҳида тортиб олинади. Оҳак темир идишда яхшилаб аралаштирилиб, тахминан 10 дақиқа тиндириб қўйилади. Мис купораси эса темир идишда реакцияга киришиши мумкинлиги сабабли, албатта пластмасса идишда эритилиши лозим.

Иккала эритма тайёр бўлгандан сўнг, каттароқ пластмасса идишга, аввало, оҳак эритмаси қуйилади. Шундан кейин мис купораси эритмаси секин-аста, доимий аралаштириб турилган ҳолда қўшилади. Эритма осмонранг, яъни кўкимтир тусга киргунга қадар мис купораси қўшиб борилади.

Бордо суюқлигини қўллаш қоидалари: тайёр бўлган 1 фоизли бордо суюқлиги қўл сепкичи ёрдамида мевали дарахтларга бир текисда сепилади. Сепиш жараёнида об-ҳаво шароити, айниқса ёғингарчилик ҳолати албатта инобатга олиниши лозим. Ёмғирли кунларда ишлов бериш самарасиз бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, бордо суюқлигидан тўғри ва ўз вақтида фойдаланиш мевали боғларда касалликларнинг олдини олишда юқори самара беради ҳамда ҳосил сифатини оширишга хизмат қилади.

Одилжон Шомуродов,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Паст Дарғом тумани бўлими фитосанитар назорати давлат инспектори.