Хурмодан даромадга: Самарқанд олимлари Япония тажрибасини қишлоқ хўжалигига жорий этмоқда

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари “Самарқандда хурмо мевасини қуритиш орқали қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш” халқаро лойиҳаси доирасида Японияга борди.

Институт вакиллари дастлабки кун Ўзбекистон-Япония дўстлик ассоцияцияси томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчилари Фумиҳико Като, Такеши Хаттори, Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаётган Япониядаги ташкилот ва корхоналар вакиллари ҳамда Япониядаги ўзбек ватандошлари иштирок этди. Тадбирда келгусидаги ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш бўйича келишилди. Шунингдек, Япониянинг турли университет ва бизнес вакиллари билан келгусида таълим, тадқиқотлар, япон ва ўзбек маданиятларини икки мамлакатда тарғиб этиш, аграр соҳада сунъий интеллектни қўллаш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Японияда ўқиётган, тадқиқот олиб бораётган талаба ва докторантлар билан келгуси режалар бўйича муҳокамалар ўтказилди.

Шунингдек, Нара префектураси Гожу туманидаги “Ланд” компаниясида ўрганилган тажрибалар асосида “Агробанк” АТБ билан институтда ўзбекистонлик деҳқонлар учун тренинг курслари ташкил этишга келишиб олинди.

Институт вакиллари Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети раҳбарияти билан ҳам учрашди. Музокаралар давомида олий таълим муассасалари ўртасида профессор-ўқитувчилар алмашинуви, тупроқшунослик ва экология бўйича янги ташаббусли лойиҳани ишга тушириш, Япония университети маблағлари асосида магистр ва докторантлар стажировкасини йўлга қўйиш, JICA, JIRCAS (Япония қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича халқаро тадқиқотлар маркази) молиявий кўмаклари асосида ҳамкорликни давом эттириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Халқаро лойиҳа доирасида Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети профессор-ўқитувчилари томонидан университет ҳудудида жойлашган тадқиқот майдонида хурмо дарахтини кесиш ва унга шакл бериш борасида семинар-тренинг ташкил этилди.