“Ширкат”ларга рейд: кимда камчилик, кимда намуна
Ҳозирги совуқ кунларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, айниқса кўп қаватли уй-жойларга масъул бошқарув сервис компаниялари ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати олдидаги масъулият ортади.
Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси бу борадаги ишларни ўрганиш, хизмат кўрсатиш сифатига баҳо бериш мақсадида тунги рейд тадбирлари ўтказилди. Унда айрим ташкилотларда ишлар талаб даражасида йўлга қўйилгани, бошқаларида эса жиддий камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Регистон маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Регистон плюс” МЧЖ бошқарув сервис компанияси фаолияти текширилганда, ишлар умуман олганда қониқарли ташкил этилгани кузатилди. Айрим камчиликлар юзасидан масъулларга тушунтириш ва тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, Қорасув массивида фаолият юритаётган “Янги уйлар сервиси” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида мавсумга тайёргарлик яхши йўлга қўйилгани маълум бўлди. Қум-шағал аралашмаси кун давомида ишлатилгани, ҳозирда эса яна қўшимча захира яратиш чоралари кўрилаётгани қайд этилди.
Бироқ, шу массивдаги “Нур Шарқ Тесс” бошқарув сервис компанияси фаолиятида қатор жиддий камчиликлар аниқланди. Хусусан, 24/7 диспетчерлик хизмати талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Зарур асбоб-ускуналар ва қум-туз захираси мавжуд эмаслиги, кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш жойлари ҳамда пиёдалар йўлакларини қордан тозалаш, инерт материаллар сепиш ишлари бажарилмаган.
Бу ҳолат мазкур бошқарув сервис компанияси томонидан мавсумий масъулиятга етарли эътибор қаратилмаётганини кўрсатади. Аниқланган камчиликлар юзасидан компания масъулларига тегишли кўрсатмалар берилиб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш вазифаси юклатилди.
Рейд тадбирлари аҳоли хавфсизлиги ва қулай яшаш шароитини таъминлашда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъулиятини оширишга хизмат қилади ва режали тарзда давом эттирилади.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал назорат инспекцияси ахборот хизмати.