"Пахта-2025": Самарқанд вилоятида юксак хирмон яратилди
Вилоятимиздаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари 60 минг гектар майдондан 261,8 минг тонна пахта хомашёси йиғиштириб олиб, йиллик шартнома режасини бажарди.
Бу натижага фермерлар, механизаторлар ва терим жараёнида иштирок этган барча юртдошларимизнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати туфайли эришилди. Пахтачиликда жорий этилган замонавий агротехника усуллари ҳамда ўз вақтида зарур ресурслар билан таъминланиши мўл ҳосил яратишда муҳим омил бўлди.
Жорий йилда вилоятдаги 1791 та фермер хўжалиги маҳаллий эртапишар, истиқболли ҳамда серҳосил хорижий пахта навларини экиб, ҳар қачонгидан мўл ҳосил етиштирдилар. Жумладан, “Бухоро-102”, “Султон”, “Равнақ-1” навларидан 43-46 центнер, Хитойдан келтирилган навлардан 56-65 центнер ҳосил олдилар. Умумий ҳосилдорлик ўтган йилдагидан 6,1 центнерга ошиб, 43,7 центнерни ташкил этди.
Бундай юқори ҳосилдорликка эришишда сув тежовчи технологияларни жорий этилгани ҳам муҳим омил бўлди. Чунки бу усулда чопиқ, культивация, қатор олиш, минерал ўғит бериш каби бир нечта жараён самарали ташкил этилди, техника сарф-харажати камайди. Ғўза томчилаб суғориш орқали озиқлантирилди.
Шартнома режасидаги ҳосилни йиғим-териб олиш учун 45 кун кифоя бўлди. Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш учун 720 та терим отряди ташкил этилди. Етиштирилган ҳосилнинг 102,6 минг тоннаси (39 фоизи) қўл меҳнати ёрдамида, 159,2 минг тоннаси (61 фоизи) терим машиналарида йиғиштириб олинди.