Нурободнинг 647 метр чуқурликдан олинаётган шифобахш хазинаси
Нуробод тумани ўзининг гўзал табиати, азим тоғлари, қир-адирлари, охири йўқ кенгликлари-ю шифобахш булоқлари билан ҳам машҳур. Бугунги кунда туман ҳудудида жойлашган Жанубий кон бошқармасига қарашли маъданли сув қадоқлаш цехида ишлаб чиқарилаётган “Нагорная” шифобахш суви ана шу замин оби-ҳаётини ўзида мужассам этгани билан ҳам кўпчиликка манзур.
- Албатта, табиий манбадан олинган сув, одатий ичимлик сувига нисбатан ўзида барча шифобахш хусусиятларни сақлаб қолади, - дейди “Нуробод” балнеологик санаторий-профлакторийси бош шифокори Гулчеҳра Норматова. - Шунинг учун ҳам бу сувни мижозларга ошқозон-ичак тизими, жигар, ўт пуфаги йўллари, ошқозон ости бези ҳамда қандли диабет каби хасталикларни даволашда кенг қўллаймиз.
2003 йилда ишга тушган цехда дастлаб битта ишлаб чиқариш линияси бўйича 6 нафар ходим фаолият юритарди. Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида корхонада бугун 12 киши доимий иш билан банд. Цех йилига 500 минг қадоқда маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Асосийси, бу ишларга тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб этилган. Ошхона ва дам олиш хоналари ходимлар ихтиёрида.
- Асосий мақсадимиз халқимизга сифатли маҳсулот етказиб бериш, - дейди цех бошлиғи Бахтиёр Кенжаев. - Нурбулоқнинг 647 метр чуқурликдаги бағридан олинаётган маъданли сувдан тайёрланган маҳсулотларимиз Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги корхоналарга ҳам етказиб берилмоқда. Илгари мамлакатимизда минерал сувнинг фақат бир тури бўлиб, у ҳам Ўзбекистондаги биргина заводда "Тошкент" номи остида ишлаб чиқариларди. Аммо аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун бу етарли эмасди. Бугун истиқлол шарофати билан юртимиз дўкон ва бозорлари турли хил минерал ва ичимлик сув, шарбат ва лимонадлар билан таъминланмоқда. Бу эса ишлаб чиқарувчилар орасида соғлом рақобатни юзага келтираётир.
Ҳозирда малакали мутахассислар маҳсулотнинг қамрови ва турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиб, бу борада янги лойиҳалар устида ишламоқда.
Мансур ҲУСАНОВ,
Жанубий кон бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.