Булунғурда янги йўл ўтказгич қурилиши – эски муаммолар ечими

Самарқанд шаҳрини Тошкент билан боғловчи М37 йўлидан Булунғур-Ургут, яъни, 4Р47 йўли иккинчи километрида темир йўл кесишмаси жойлашган. Шу пайтга қадар автомобиллар ушбу кесишма орқали ҳаракатланганда узундан-узун тирбандликлар ва тартибсизликларни келтириб чиқарарди. Агар поезд ўтадиган бўлса автомобиль йўлида ҳаракат тўхтатиларди. Ўқишга ёки ишга шошаётганлар бир неча ўн дақиқалик вақтини кутишга ёки бошқа йўл орқали айланиб келишга сарфларди. Шу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида бу ерда йўл ўтказгич қуриляпти. 

Қурилиш бунёдкорлик ишлари Тошкент кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳамда “Фаровон йўл сервис” МЧЖ ишчи-ходимлари томонидан бунёд этиляпти.

- Ушбу объект қурилиши 2023 йил декабрь ойида бошланган, - дейди “Фаровон йўл сервис” МЧЖ иш бошқарувчиси Бобур Асроров. - Бунёдкорлик ишларига 45 нафар ишчи, 30 га яқин механизаторлар, 20 дан зиёд техника воситалари жалб қилинган. Лойиҳа қиймати 80 миллиард сўм бўлиб, 2024 йилда қурилиш ишлари учун 24 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Йўл ўтказгич 2025 йил август ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).