Мастлиги учун жавобгарликка тортилган ҳайдовчи суд ишида ютиб чиқди
Спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомашина бошқаргани учун жавобгарликка тортилган фуқарога оид иш Олий судда тугатилди.
Аниқроғи, унинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмас, деб топилди.
Нега?...
Шу йил 15 январда "М" исмли фуқаро жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 131-моддасининг 1-қисми билан жавобгарликка тортилган. Аниқроғи, фуқаро алкоголли ичимликдан маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги учун унга нисбатан 1 йилу 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 8,5 миллион сўм жарима белгиланган.
Қарор Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ё этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шарт.
Бироқ, судлар ишни кўриб чиқишда юқорида қайд этилган Қонун талабини бажармаган. Жумладан, ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори расмийлаштирган баённомасида, транспорт воситаси тўхтатиб текширилганида, ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқлангани кўрсатилган бўлса-да, иш ҳолатига кўра транспорт воситаси йўлда тўхтатиб текширилмаган, балки транспорт воситаси "М" нинг уйини олдида бўлган ва ЙҲХБ ходимлари уни уйидан олиб чиқиб текширишган.
Иш ҳужжатларига илова қилинган видеоёзувларда ҳам транспорт воситаси "М" нинг уйини олдида тургани ва ЙҲХБ ходимлари "М" ни уйидан олиб чиққани акс эттирилган.
Шунингдек, ИИБ ЙҲХБнинг ёзма маълумотида, ЙҲХБ ЙПХ инспекторига бириктирилган “body camera” хотирасида 2023 йил 8 декабрга тааллуқли видеотасвирлар мавжуд эмаслиги маълум бўлган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 131-моддасида транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, иш материалларида "М" нинг транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганини тасдиқловчи бирор-бир далил мавжуд эмас.
Юқоридагиларга кўра, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 19 апрелдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, "М" нинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмаслиги сабабли, унга оид маъмурий иш тугатилган.