Булунғур жадал ривожланаётган ҳудудга айланмоқда

Булунғур тумани асосан қишлоқ хўжалигига, мева-сабзавот ва ғалла етиштиришга ихтисослашган. Туманнинг қулай географик жойлашуви, яъни М-39 йўли бўйида жойлашгани ва ҳудуддан темирйўл ўтгани бу ерда саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга катта имконият яратса-да, йиллар давомида бундан самарали фойдаланилмаган.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари мазкур туманда ҳам кичик саноат зоналари ташкил этилаётгани, йўлбўйи инфратузилмаси ва коммуникация тармоқларининг яратилаётгани Булунғурни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш имконини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 апрель куни қабул қилинган қарори асосида республикамиздаги 16 туман ва шаҳар қаторида Булунғур туманини ҳам жадал комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланиши ҳудуд тараққиётида янги даврни бошлади, дейиш мумкин.
– Булунғур тумани тарихига қарайдиган бўлсак, бу ерда дастлаб узумчилик ва шунга асосланган саноат ривожланган, – дейди Булунғур тумани ҳокими Самандар Астонов. – Лекин йиллар ўтиб узумзорлар қисқарган ва сабзавот ҳамда ғаллачиликка ихтисослашган. Бугун эса туман иқтисодиётида туб ўзгаришлар олиб борилмоқда. Айниқса, кейинги икки йилда Президентимизнинг Булунғурга алоҳида эътибор қаратишлари натижасида туманни ривожлантириш бўйича бир қатор қарорлар, дастурлар қабул қилинди ва улар асосида халқимиз турмуш даражасини ошириш, даромадини кўпайтиришга хизмат қиладиган янги йўналишлар пайдо бўлди. Хизмат кўрсатиш соҳасига эътибор ошди, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган туризм йўналиши кириб келди. Бунинг натижасида илгари аҳолимизнинг 46 фоизи қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган бўлса, бугунга келиб, бу кўрсаткич 43 фоизни ташкил этмоқда.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарор Булунғур тумани учун тарихий ҳужжат бўлди, дейиш мумкин. Қарор билан 2025-2026 йилларда Булунғур туманини комплекс жадал ривожлантириш дастури тасдиқланди. 28 банддан иборат дастур асосан, саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш ва яшил ёндашув ва тамойилларни жорий этиш йўналишларини ўз ичига олади.
Жумладан, “Ғўбдин” массиви ҳудудида туман ҳокимлиги захирасидаги 159 гектар ер майдонида импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган ўрта-юқори технологик лойиҳалар амалга оширилади. Тижорат банклари томонидан қиймати 30 миллиард сўм бўлган 5 та саноат лойиҳасини ишга тушириш орқали йилига қўшимча 12,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. “Ғўбдин”, “Амир Темур”, “Қўнғирот”, “Килдон” кичик саноат зоналари ва “Амир Темур” ёшлар саноат зонаси зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланади.
М-39 автомагистраль йўлининг Самарқанд, Улуғбек, Каттақишлоқ, Янгиариқ, Олмазор ва Ғўбдин маҳаллалари ҳудудидан ўтган йўл бўйларида 75 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти очилади.
Ғўбдин тоғининг Етимсой дараси ва Эрганакли маҳалласида жойлашган Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ва “Шероз қалъа” археологик ёдгорлигида осмон остида музей ташкил этилади.
Туман марказидаги узунлиги 0,7 километр бўлган Булунғур шоҳ кўчаси 24/7 тизимида ишловчи кўнгилочар кўчага айлантирилади. Унинг атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади. Реновация дастури асосида Гулистон ва Булунғур маҳаллалари ҳудудида эски кўп қаватли ва якка тартибдаги уйлар ва нотурар объектлар ўрнида кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, эскирган ва кам ҳосилли 350 гектар боғлар ўрнида янги боғлар яратилади. Маҳаллалар “Бир маҳалла – бир маҳсулот”, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилади. Туманда етиштирилаётган мева-сабзавотларни сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш имкониятига эга замонавий агрологистика комплекси ташкил этилади.
Қарорда жорий йил якуни билан туманда саноат ўсишини 106,5 фоизга, бозор хизматларини 115,2 фоизга, қишлоқ хўжалигини 104,2 фоизга етказиш, ишсизлик даражасини 5 фоизга, камбағалликни 4 фоизга тушириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.
– Бу вазифаларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 70 миллиард сўм маблағ ажратилган, – дея сўзида давом этади туман ҳокими. – Бунга қўшимча яна 40 миллиард сўм ажратилиб, тадбиркорлик учун қулай муҳит ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилмоқда. Айни пайтда ушбу маблағлар ҳисобидан муҳандислик коммуникация тармоқларини янгилаш ишлари амалга оширилмоқда. Буюртмачи ва лойиҳачилар аниқланган, ишлар жадал бошланган. Айрим ишлар якунига ҳам етказилди.
Туманимизнинг М-39 йўли бўйида жойлашгани, иқлими ва табиий имкониятлари туризм учун қулайлиги ҳисобга олиниб, кейинги пайтда бу соҳага алоҳида ёндашув билан ишлаяпмиз. Чуқурроқ кирганимизда, кўплаб имкониятлар, қўшимча захиралар мавжудлиги аниқланди.
Мисол учун, туманимиз ҳудудидан қарийб 53 километр Булунғур ариқ канали ўтади. Унинг атрофида шу пайтгача одамлар чорва қилган, дарахт эккан, умуман, ёрдамчи хўжалик сифатида фойдаланган. Ваҳоланки, бу ерда дам олиш, соғломлаштириш масканлари ташкил этиш, туризм учун замонавий хизматларни йўлга қўйиш мумкин. Шу боис айни йўналишга доир лойиҳаларни ишлаб чиқдик, йўл ва канал ёқасидаги бўш майдонлар келгусида хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этиш учун аукционга чиқарилмоқда. Йўл ва бошқа интратузилма давлат томонидан яратилади, қолгани аукционда ғолиб бўлган тадбиркорлар зиммасида бўлади. Бу орқали янги иш ўринлари яратилади, бюджетга қўшимча тушумлар таъминланади.
Дастурда ёшлар масалалари ҳам эътиборга олинган ва туман марказидаги “Ҳумо” ёшлар сайилгоҳида давлат-хусусий шериклик асосида “Ёшлар микроҳудуди” ҳамда 11 гектар майдонда амфитеатр, болалар ўйингоҳи, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси ва бошқа кўнгилочар хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш белгиланган. Шу пайтгача боғда кутубхона ташкил этилди, унинг ёнида эса спортнинг яккакураш турлари бўйича спорт зал қурилмоқда. Туманимиздаги “Диёр” стадиони ҳам таъмирланади ва бу ерда ҳам ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароит яратилади.
Қишлоқ хўжалиги бўйича ҳар бир маҳалланинг имкониятларидан келиб чиқиб, ихтисослашуви, драйвер йўналишлар белгиланмоқда. Масалан, Килдон маҳалласида нок етиштириш оммалашмоқда. Сарқипчоқ маҳалласидаги бир фуқаромиз бу борада тажриба тўплаган, ўзи ниҳол етиштиришдан боғ яратишгача барча жараёнларни босиб ўтган. Кейинчалик қўни-қўшнилари, маҳалладошларига нок етиштиришни ўргатган. Ҳозирда шу атрофдаги уч маҳалла шу иш билан шуғулланмоқда.
Дастурда реновация бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган ва бунинг натижасида туман маркази қиёфаси тубдан ўзгаради. Қўйингки, бир туманда аҳоли учун нимаики зарур бўлса, шу қарорда барчаси аниқ белгилаб берилган. Қарордан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида аҳоли учун қулай яшаш, тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратишдир.
Қайд этганимиздек, ҳудуддан темирйўл ўтгани Булунғурнинг иқтисодий имкониятларини оширса-да, туман марказини иккига ажратиб қўйгани сабабли поездлар қатнови пайтида автотранспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланишига катта ноқулайлик туғдирарди. Бир неча ўн йиллар давомида ҳал этилмаган масалага давлат раҳбари эътибори билан ечим топилди ва айни пайтда темирйўл остидан туннел қурилиб, поездлар ҳаракатига халақит қилмаган ҳолда транспорт воситалари ва пиёдалар учун қулайлик яратилмоқда.
– Бу темирйўл қурилганига юз йилдан ошган, лекин туман марказида аҳоли гавжум бўлиб, транспорт воситалари кўпайгач, йўлни кесиб ўтишда муаммолар кузатила бошлаган, – дейди С.Астонов. – Одамлар соатлаб кутиб қолган. Айниқса, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги машиналари учун бундай кутиш оғир оқибатларга олиб келган. Давлатимиз раҳбарига бу муаммо ҳақида айтганимиздан 2023 йилда темирйўл остидан тунел қурилишига старт берилди. Шу пайтгача асосий ишлар бажарилди. Гарчи объектни фойдаланишга топшириш 2026 йилга мўжалланган бўлса ҳам пудратчи ташкилотлар шу йилнинг ўзида ишларни якунига етказмоқчи.
30 июль куни Президентимиз Самарқанд вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан ахборот билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, Булунғур туманида “in vitro” лаборатория ташкил этиб, картошка уруғи бўйича бренд яратишга киришилгани, 100 миллион долларлик биофармацевтика корхонасини ишга тушириш режалаштирилгани қўллаб-қувватланди ва ҳудудни ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
С.Астоновнинг айтишича, бугунги кунда туман ҳокимлигида “Ислоҳотлар штаби” фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда 9 ташкилот вакиллари, мутасаддилар ҳар бир маҳалланинг имкониятлари, аҳоли турмуш тарзи ва анъаналарини ўрганиб, ҳудудни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқмоқда. Бунинг учун намуна сифатида танлаб олинган маҳалалалар бор. Шунингдек, туманни ривожлантириш стратегияси белгиланган ва фаоллар, тажрибали тадбиркорлар, раҳбарлари билан бирга иш олиб борилмоқда. Бунда тўртта устувор йўналиш белгилаб олинган. Булар – аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш, инвестиция жалб қилиш ва экспортни ошириш, қулай ишбилармонлик ва аҳоли учун муносиб муҳит яратиш ҳамда туманни жиноятчилик ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш. Бу борада прокуратура, ички ишлар, солиқ идоралари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
– Давлатимиз раҳбари Булунғурнинг иқлими, жойлашуви ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, ҳудудда картошка ва узум етиштириш, қайта ишлашни кенг йўлга қўйиш бўйича вазифаларни белгилаб бердилар, – дея сўзида давом этади С.Астанов. – Шу асосида республика даражасидаги идоралар, вазирликлардан масъуллар келиб, туманимизда ишларни бошлади. Ўзимиз ҳам ҳар бир масалани пухта ўрганиб, энг қуйи тизимга тушиб ишласак, натижа бўлиши, Президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни бажаришимиз мумкинлигини яхши ҳис қиламиз ва ишни шу тартибда ташкил этяпмиз. Ўйлайманки, бу лойиҳаларнинг амалга ошиши Булунғурни янада ривожлантириш, аҳолимизнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат).