Булунғурдаги "Диёр" ўйингоҳи 10 йилдан бери таъмирланмаяпти. Нега?

Тумандаги спорт иншоотларининг ҳолатини ўрганиб, футбол майдонлари ва асосий спорт базалари таъмирталаб эканига гувоҳ бўлдик.

Спорт мактабида 42 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида икки минг нафардан зиёд ўғил-қиз шуғулланмоқда. Миллий терма жамоанинг асосий ва захира таркибига эса бор-йўғи беш нафар спортчи қабул қилинган. Чунки...

- Спорт мактабида 28 йилдан бери ишлайман, - дейди муассаса йўриқчи-услубчиси Даврон Бобожонов. - Яшириб нима қилдим, мактабимизга қарашли асосий спорт базаларида шуғулланиш учун шароит етарли эмас. Хусусан, Булунғур маҳалласидаги "Диёр" ўйингоҳининг трибунаси, кийиниш хоналари, томошабинлар ўриндиғи 10 йилдан бери таъмирталаб. 12х24 ҳажмдаги спорт зали ҳам 2013 йилда содир бўлган зилзиладан кейин капитал таъмирга муҳтож бўлиб қолган. Гулзор маҳалласидаги "Олимпия" ўйингоҳи ва Қўнғирот маҳалласидаги спорт мажмуаси ҳам ачинарли ҳолатда.

Ўтган йил апрель ойида Спорт вазири Булунғур маҳалласидаги "Диёр" ўйингоҳи ва спорт залини таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси масъулларига кўрсатма берган эди. Шу асосда лойиҳа-смета тайёрланиб, туман ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармасига тақдим этилди. Афсуски, орадан қарийб бир йил ўтса-да, ҳеч қандай амалий иш қилинмади.

Таъкидланишича, тумандаги спорт мактаби асосан якка кураш спорт турларига ихтисослашган. Бироқ юнон-рум, эркин кураш, таэквондо (VTF), спорт турлари бўйича база йўқлиги ва иншоотлар таъмирталаблиги боис спортчилар шартнома асосида олинган биноларда шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

Яқинда Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида спорт иншоотларининг моддий-техник базаларини яхшилаш, олимпия спорт турларини ривожлантириш, терма жамоаларга иқтидорли спортчиларни жалб қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Ўйлаймизки, спорт мактабидаги муаммолар Булунғур тумани ҳокимлиги ва вилоят спорт бошқармаси масъулларини бефарқ қолдирмайди.

Фазлиддин Рўзибоев.