Қурувчи билан ишларинг бўлмасин, "дом"ини қураверсин, дейишган экан...
Даъвогар “GH” МЧЖ жавобгарлар “Г” ва “В”ларга нисбатан қурилишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.
ФИБ Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилиб, жавобгарлар “Г” ва “В” лар зиммасига даъвогар “GH” МЧЖга шаҳар ҳокимининг қарорига асосан Самарқанд шаҳар, Ойдин йўли кўчасида жойлашган ер майдонида кўп қаватли турар жой бино қурилишини амалга оширишда тўсқинлик қилмаслик мажбурияти юклатилган.
Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 21 февралдаги ажрими билан ҳал қилув қарори тўлдириш йўли билан ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 декабрдаги 2581-Қ-сонли қарори билан даъвогар “GH” МЧЖга шаҳарнинг Ойдин йўли кўчаси манзилидаги 0,598 га ер майдонида кўп қаватли турар жой биноларини қуришга рухсат берилган.
Самарқанд вилоят Қурилиш бош бошқармаси ҳамда вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг хулосаларида “GH” МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой биноси қурилишига рухсат берувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаганлиги, жисмоний шахсларга тегишли бино-иншоотларни ўз ҳисобидан кўчириб, қурилиш майдонини бўшатмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари бошланганлиги сабабли қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида расман огоҳлантирилган.
Аниқланишича, “GH” МЧЖ амалга ошираётган қурилиш ишлари жавобгар “В”нинг бирон-бир ҳуқуқ ва манфаатига таъсир қилмайди, чунки қурилиш ёнида жойлашган Ёқут кўчаси 7-уй муқаддам унинг отаси “Ф” га тегишли бўлган ва 22.04.2015 йилдаги нотариал олди-сотди шартномага асосан фуқаро “А” га сотиб юборилган.
Жавобгар “В” бу ҳудудда яшамайди ва қурилиш унинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қилмаслиги сабабли қурилишга тўсқинлик қилиб, эътироз билдириши асосли эмас.
Жавобгар “Г” эса низоли объектнинг ёнида жойлашган Ёқут кўчасидаги 4-уйнинг мулкдори ҳисобланади ва даъвогар “GH” МЧЖ амалга ошираётган қурилиш ишлари унинг ҳуқуқ ва манфаатига путур етказаётганлиги ваколатли органлар хулосаси билан аниқланган.
Бироқ судлар даъвогар “GH” МЧЖга ҳоким қарори асосида қурилиш қилишга рухсат берилганлиги билан кифояланиб, шаҳарсозлик ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаганлигини инобатга олмасдан жавобгар “Г” нинг зиммасига қурилишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида барвақт хулосага келган.
Шу сабабли Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг жорий йил 13 февралдаги ажрими билан суд ҳужжатларининг жавобгар “Г” нинг зиммасига мажбурият юклашга оид қисми бекор қилиниб, ушбу талабни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.