Бюджетга салкам 2 триллион сўм қўшимча ундирилди

Ёки норасмий ва яширин иқтисодиётга қарши кураш: муаммо ва ечимлар хусусида

Бугунги кунда жаҳон миқёсида иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлаётган асосий омиллардан бири — норасмий ва яширин иқтисодиёт ҳисобланади. Бу ҳолат фақат давлат бюджетига солиқ тушумларининг камайишига эмас, балки иқтисодий бошқарув тизимида шаффофликнинг йўқолишига, рақобат муҳитининг бузилишига ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясиз қолишига ҳам олиб келади.

Аввало, норасмий иқтисодиёт — бу расмий рўйхатдан ўтмаган, давлат статистикасида акс этмайдиган, бироқ иқтисодий фаолиятни амалга оширадиган субъектлар фаолияти эканлигини қайд этиш лозим. Бунга, патентсиз тадбиркорлик, ноқонуний савдо, норасмий меҳнат муносабатлари ва ҳоказоларни келтириш мумкин.

Яширин иқтисодиёт эса қонун билан тақиқланган ёки солиқ тўлашдан, ҳисобот беришдан қасддан қочиш мақсадида амалга ошириладиган иқтисодий фаолиятдир. Унинг таркибига коррупция, контрабанда, “конвертatsiя” схемалари, ноқонуний пул айланмалари киради.

Ислоҳотлар нега керак?

Қайд қилинганлар ёки солиқ ва мажбурий тўловлардан қочиш оқибатида давлат хазинаси миллиардлаб сўм зарар кўриши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бундай фаолият ижтимоий тенгсизликка сабаб бўлади. Яъни норасмий фаолият билан шуғулланувчилар ижтимоий кафолатларсиз қолади.

Бундан ташқари, инвестиция муҳити ёмонлашади. Бошқача айтганда, яширин иқтисодиёт мавжуд бўлган мамлакатларга чет эл сармояси кам кириб келади.

Таҳлилларга кўра, яширин иқтисод одатда мансабдор шахслар билан “бир тизимда” ишлайди. Демакки, коррупциянинг кучайишига сабаб бўлувчи омиллардан.

Шу сабабли кейинги йилларда юртимизда яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, солиқ ставкаларини қисқартириш, тўловларни соддалаштириш ва электрон ҳисобот тизимларини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, иқтисодий шаффофликни ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва давлат хизматларини тўлиқ электронлаштириш мақсад қилинган.

Солиқ маданиятини ошириш, аниқроқ айтганда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида қонуний фаолиятнинг фойдалари ҳақида кенг тарғибот олиб бориш ҳам бу борадаги асосий вазифалар сирасига киради.

 

Амалий ишлар ифодаси

Таҳлилларга кўра, вилоятда норасмий ва яширин иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги ўртача улуши 51,9 фоизни ташкил қилмоқда. Бунда яширин иқтисодиёт – 11,4 фоиз, норасмий сектор улуши - 40,5 фоиз. Ушбу кўрсаткич қишлоқ хўжалиги (75,9 фоиз), қурилиш (21,4 фоиз) ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида (58,8 фоиз) юқори.

Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича вилоят ҳудудий комиссияси томонидан жорий йилда бюджетга қўшимча 2 триллион 328 миллиард сўм ундиришга қаратилган “Йўл  харита”си тасдиқланиб, ижрога қаратилган.

Ўтган тўққиз ой давомида мазкур қўшимча манбанинг 1 триллион 849 миллиард сўм ёки салкам 80 фоизи ундирилди.

Шунингдек, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича вилоят штаби ва ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилиб, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида хатлов ўтказилди. Ушбу жараёнларда норасмий меҳнат фаолиятини олиб бораётган 16 минг 272 нафар шахснинг фаолияти қонунийлаштирилиб, 4 минг 145 та янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилди.

Бундан ташқари, йўл харитада кўзда тутилмаган қўшимча 500 миллиард сўмлик янги манбалар аниқланиб, 128 миллиард сўми ундирилди. Қолган қисми ҳам йил якунига қадар ундирилиши таъминланади.

Умуман олганда, кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида вилоят бюджети даромадлари ижроси 4 триллион 732 миллиард сўм ёки 106 фоизга бажарилди.

 Тадбирлар ва таклифлар

Вилоят прокуратураси томонидан Паст Дарғом туманидаги норасмий бозор, халқ тилида “Афғон бозори” деб юритиладиган савдо маскани замонавий кўринишга келтирилди. Туман марказида жойлашган бу норасмий бозор “Машъал транс” масъулияти чекланган жамиятига тегишли, 2017-йилдан буён фаолият кўрсатган.

Ишчи гуруҳ ўтказган хатловда 600 дан ортиқ фуқаро солиқ идораларидан рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний савдо билан шуғуллангани аниқланиб, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш мақсадида 20 миллиард сўмлик ишлар бажарилди.

Жумладан, 300 дан ортиқ ноқонуний савдо расталари бузилиб, тадбиркор маблағи ҳисобидан 139 та савдо дўконидан иборат замонавий савдо мажмуаси қурилди. Шунингдек, 2 минг 300 квадрат метр ҳудуд асфальтлаштирилиб, 2 та трансформатор ва 10 километр электр тармоғи таъмирланди. Мажмуага 35 кВт. қуёш панели ҳамда 53 та кузатув камераси ўрнатилиб, мажмуа фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди.

Натижада бунгача бирон сўм тушум бўлмаган бозорнинг йиллик тушум 8 миллиард сўм, солиқ тушуми 1,7 миллиард сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. Асосийси, бу ерда 478 та иш ўрни яратилиб, 278 шахс ижара шартномаси асосида дўконларга жойлаштирилди.

Умуман, вилоят ҳудудида норасмий ва яширин иқтисодиётга имкон яратаётган омиллар таҳлил таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрланган. Хусусан, вилоят прокуратураси ташаббуси билан меҳмонхоналар фаолиятида яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда меҳмонлар сонини онлайн ҳисобга олишга мўлжалланган Silkroad.uz дастури ишлаб чиқилди.

Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари, риэлторлик фаолияти, корхоналар томонидан иш ўрни ва иш ҳақини яшириш ҳолатларининг олдини олиш, қолдиқ товарлар ҳажмини назорат қилиш, юқори ликвидли товарлар импортини тартибга солиш, аҳолининг ер ва мол-мулк солиғидан бўлган қарздорлигини ундириш тизими самарадорлиги ошириш, корхоналар томонидан устав фондини шакллантиришда яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида ҳам таклифлар илгари сурилмоқда.

Норасмий ва яширин иқтисодиётни қисқартириш — бу фақат ҳуқуқий ёки молиявий эмас, балки ижтимоий-ахлоқий вазифа ҳамдир. Зотан иқтисодий фаолиятнинг шаффофлиги таъминланганда, мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва халқ фаровонлиги кафолатланади.

Акрам Пардаев,

вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.