Самарқандда хусусий мактаблар сони икки баробарга ошади...ми?

Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари билан ўтказилган матбуот анжуманида журналистларга халқ таълими муассасаларидаги таълим сифатини яхшилаш, ўқувчи ва ўқитувчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида 2018 йилда амалга оширилган ишлар, жорий йил учун белгиланган вазифалар хусусида маълумот берилди.

- Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 январда вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига кўра, вилоят халқ таълими тизимида амалга ошириладиган ишлар бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди, - деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Каримов.



– Унга мувофиқ, 278 та кам қувватли мактаблар тармоқ мактабларига айлантирилади. 193 та эски, пахса ва хом ғиштли биноларга эга мактаблар учун қўшимча бинолар қурилади. Касб-ҳунар коллежларини мактабларга айлантириш орқали ўқувчилар учун қулайликлар яратилади. Вилоятдаги мавжуд 203 та мактаб филиалларидаги шароит босқичма-босқич яхшиланиб, улар тўлақонли мактабга айлантирилади. Сув таъминотида муаммоси бўлган 282 та, атрофи тўлиқ ўралмаган 661 та, ошхонаси, спорт зали, тиббий пунктлари бўлмаган мактаблардаги шароитлар мақбуллаштирилади.

Мактабларда фаолият юритаётган 8,5 мингдан зиёд ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар босқичма-босқич олий ўқув юртларининг махсус сиртқи курсларида ўқитилади.

Вилоятдаги хусусий мактаблар сонини икки баробарга ошириш мақсадида Ургут, Пайариқ, Паст Дарғом, Тойлоқ, Жомбой, Оқдарё ва Самарқанд туманларида аҳоли турар-жойларига яқин ҳудудлардан ер майдонлари ажратиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, анжуманда мутахассислар журналистларнинг аҳоли гавжум массивларда янги лойиҳадаги мактаблар қуриш, таълим муассасаларининг хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятига доир саволларига жавоб беришди.