Самарқанддаги олийгоҳларда «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси» ўтказилмоқда
«Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги «Ёшлар фестивали» доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университетида Кимё фанидан «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси» ўтказилди.
Олимпиадада вилоят бўйича кўплаб туманлардан элликка яқин 10-11-синф ўқувчилари ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Тест шаклида ўтказилган синовларда ўқувчиларга кимёвий масалаларни ечишга 2 соат вақт берилди.
Якунда ишлар таҳлил қилиниб, ҳакамлар томонидан баҳоланди. Натижаларга кўра, 10-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўринни Пахтачи тумани 37-мактаб ўқувчиси Зулфияхон Махсиддинова, 2-ўринни Оқдарё тумани 45- мактаб ўқувчиси Севинч Махмаюсупова, 3-ўринни Тойлоқ тумани 43-мактаб ўқувчиси Сабина Ахмадова қўлга киритди.
11-синф ўқувчилари ўртасида эса 1-ўринни Пайариқ тумани 14-мактаб ўқувчиси Оловуддин Абдураимов, 2-ўринни Жомбой тумани 12-мактаб ўқувчиси Оғабек Собиров, 3-ўринни Нуробод тумани 11-мактаб ўқувчиси Гуласал Хушмуродова эгаллаб, «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси» совриндорларига айланди.
Ўқувчиларга тантанали равишда диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Олимпиададан сўнг барча иштирокчилар ва уларнинг устозлари, ота-оналари учун байрамона дастурхон ёзилди.
Бошқа олийгоҳларда ҳам худди шундай олимпиадалар ўтказилмоқда.