Асосий фан олимпиадасида Самарқанд етакчи ўринни эгаллади

Яқинда асосий фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятимиздан қатнашган ўқувчиларнинг 9 нафари фахрли ўринларни қўлга киритди.

- Самарқандлик ўқувчилар асосий фан олимпиадасининг республика босқичида кейинги 33 йил ичида биринчи маротаба умумжамоа ҳисобида республикада биринчи ўринни қўлга киритди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов олимпиада ғолиблари ва ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. - Албатта, бундай натижага эришишда педагоглар ва соҳа масъуллари астойдил ҳамжиҳатликда меҳнат қилди. 

- Бу натижани қўлга киритиш ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлими бошлиғи Хуршид Хожиқулов. – Олимпиада сабаб чекка туманлардаги иқтидорли ўқувчиларни кашф қилдик. Туман ва шаҳар босқичларида ҳам вилоят бошқармаси ходимлари иштирокини таъминлаб, имтиҳонларни адолатли ўтказдик. Машаққатли меҳнатимиз самарасини берди.

Фан олимпиадаси ғолибларининг ортида фан ўқитувчиларининг машаққатли меҳнати борлигини ҳам тан олиш керак. Ўқувчиси асосий фан олимпиадасида фахрли ўринни қўлга киритган ўқитувчиларнинг қувончи чексиз. Буни уларнинг сўзидан ҳам билиш мумкин.

- Бу йилги асосий фан олимпиадасининг республика босқичида ўқувчим Мухлиса Неъматуллаева она тили ва адабиёт фанидан иккинчи ўринни қўлга киритди, - деди Нарпай туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гуландон Очилова. – Ўқувчим ўтган йилги фан олимпиадасининг вилоят босқичида иккинчи ўринни эгаллаган эди. Бу йил биргаликда фан олимпиадасига жиддий тайёргарлик кўрдик ва натижага эришдик. Бундан ташқари, ўзим ҳам турли танловларда қатнашиб тураман. Масалан, ўтган йили эсселар танловида вилоятда иккинчи ўринни қўлга киритган эдим.



- Саккиз йилдан бери Иштихон туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабида француз тилидан дарс бераман, - деди Гулсанам Шодиева. - Ўқувчим Суҳроб Мусурмонов асосий фан олимпиадасининг республика босқичида 3-ўринни эгаллади. Ўқитувчи учун ўз меҳнатининг натижасини кўриши қандай бахт. Мактабда ўқувчиларим француз тилини севиб ўрганишади, ҳатто мактабимизга келадиган хорижлик меҳмонлар билан ҳам француз тилида гаплаша олади. Масалан, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси таълим соҳаси бўйича мутахассиси, жаноб Серже Беллини ташриф буюрганида Суҳроб уларга миллий таомларимиз ва урф-одатларимиз ҳақида гапириб берганди.

- 5-синфлигимдан буён “Билимлар беллашуви” ва асосий фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келаман, - деди Нарпай туманидаги 31-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Неъматуллаева. – Бу йилги асосий фан олимпиадасининг республика босқичида 2-ўринни эгалладим. Бу учун барча устозларимга ташаккур билдираман. Она тилидан ташқари чет тили фанидан ҳам сертификатларни қўлга киритганман. Келажакда халқаро аэропортда диспетчер бўлиб ишламоқчиман.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.