Самарқандда фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашнинг ярим йиллик натижалари муҳокама қилинди
Вилоят Матбуот уйида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмасининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
- Жорий йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун жами 5 миллиард 563 миллион 873 минг сўм маблағ ажратилди, - дейди бўлинма раҳбари Достон Маликов. - Ушбу маблағлар давлат субсидиялари, давлат ижтимоий буюртмалари, давлат грантлари ҳамда маъмурий харажатлар йўналишлари бўйича тақсимланди. 1 июль ҳолатига давлат субсидиялари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 2 миллиард 86 миллион 750 минг сўм молиялаштирилиб, 36 та фуқаролик жамияти институти қўллаб-қувватланди.
Анжуманда давлат ижтимоий буюртмаси доирасида амалга оширилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Жомбой туманида болалар реанимацияси бўлимини ташкил этишга қаратилган 3 миллиард сўмлик ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа тўлиқ молиялаштирилган. Шунингдек, Оқдарё ва Қўшработ туманларида ҳам давлат ижтимоий буюртмалари асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Таъкидланганидек, эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат грантлари учун аризаларни электрон платформа орқали онлайн тарзда тақдим этиши, уларни кўриб чиқиш жараёнини босқичма-босқич кузатиб бориши мумкин. Ариза рад этилган ҳолларда эса бунинг сабаблари ҳам тизим орқали маълум қилинади. Бу грант ажратиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистон ННТ миллий ассоциациясин вилоят бўлинмаси раҳбари Шойим Кенжаев вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Муниса Шамсиева.