АҚШ давлат қарзи тарихий рекордни янгилади: 40 триллион долларлик чегара ортда қолди
АҚШ давлат қарзи тарихда биринчи марта 40 триллион доллардан ошиб кетди. АҚШ Молия вазирлиги маълумотига кўра, 18 август ҳолатига давлат қарзи 40,05 триллион долларга етган. Бу мамлакат молиявий тизими учун муҳим ва ташвишли кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
Сўнгги ўн йил ичида АҚШ қарзи икки баравардан кўпроқ ошди. Агар 2017 йил бошида давлат қарзи қарийб 20 триллион доллар бўлган бўлса, бугунги кунда у 40 триллион долларлик маррани босиб ўтди. Мутахассислар бу ҳолатни давлат харажатларининг даромадлардан юқори бўлиб қолаётгани билан изоҳламоқда. Ҳукумат бюджет тақчиллигини қоплаш учун мунтазам равишда янги қарз маблағларини жалб қилишга мажбур бўлмоқда.
Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, қарзнинг ўсишига бир нечта омиллар сабаб бўлган. Жумладан, пандемия давридаги йирик харажатлар, ижтимоий дастурлар учун ажратилаётган маблағлар, мудофаа соҳасига сарфланаётган маблағлар ҳамда давлат қарзи бўйича фоиз тўловларининг кескин ошиши асосий сабаблар қаторида қайд этилмоқда. Бугунги кунда АҚШ бюджетида қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари айрим муҳим давлат дастурлари харажатларидан ҳам юқори даражага чиққан.
Таҳлилчилар фикрича, давлат қарзининг ортиши нафақат ҳукумат учун, балки оддий фуқаролар учун ҳам оқибатларга эга бўлиши мумкин. Давлат қарзи кўпайгани сари облигациялар бўйича даромадлилик ошиб, ипотека, автокредит ва бошқа қарзлар бўйича фоиз ставкалари юқорилаши эҳтимоли ортади. Бу эса аҳоли ва бизнес учун молиялаштириш харажатларини оширади.
Шу билан бирга, айрим иқтисодчилар АҚШ иқтисодиёти ҳажми ва долларнинг жаҳон захира валютаси мақоми сабабли мамлакат ҳозирча бундай қарз юкини кўтара олишини таъкидламоқда. Бироқ улар ҳам узоқ муддатда бюджет сиёсатида ислоҳотлар ўтказилмаса, қарзнинг янада ўсиши жиддий молиявий хавфларга олиб келиши мумкинлигини тан олишмоқда.
Ҳозирги тенденция сақланиб қолса, бир қатор таҳлил марказлари АҚШ давлат қарзи яқин йилларда 50 триллион долларга яқинлашиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Бу эса мамлакат раҳбарияти олдига давлат харажатлари ва бюджет сиёсатини қайта кўриб чиқиш вазифасини қўймоқда.
АҚШ давлат қарзи — бу Америка ҳукуматининг бутун дунёдан олган қарзларидир. Бу қарз махсус қоғозларни (облигацияларни) сотиш орқали йиғилади. Доллар дунёдаги энг асосий пул бўлгани ва АҚШ шу пайтгача ҳеч қачон "банкрот" бўлмагани учун, ҳамма ўз пулини Америкага ишониб топширади. Шу сабабли, АҚШ ҳукуматига нафақат оддий банклар ва фондлар, балки бошқа давлатлар ҳам ўз захира пулларини куйдирмай сақлаш учун жон деб қарз беради.
Америкага энг кўп қарз берганлар — дунёнинг энг бой давлатларидир. Бу рўйхатда биринчи ўринда Япония туради, ундан кейинги ўринда эса салгина фарқ билан Хитой боради. Шунингдек, Буюк Британия, Кайман ороллари, Люксембург, Канада, Бельгия ва Ирландия каби давлатлар ҳам АҚШга миллиардлаб доллар қарз берган. Бу давлатлар ўз пулларини хавфсиз сақлаш ва устига кафолатланган фоиз (фойда) олиш учун Американинг қарз қоғозларини сотиб олишади.