Устознинг меҳнати, раҳбарнинг масъулияти, ота-онанинг эътибори ва жамиятнинг таълимга муносабати натижа беради

Самарқанд азалдан илм-фан, маърифат ва зиё маскани сифатида танилган. Улуғ алломалар, мутафаккирлар ва маърифатпарварлар камол топган бу заминда таълим соҳасидаги бугунги натижалар ҳам ана шу тарихий анъаналарга муносиб бўлиши керак.

Шу маънода Самарқанд вилоятининг олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича республикада етакчи ҳудудлардан бирига айланиши эмас, биринчи ўринни эгаллаши олдига мақсад қилиб қўйилгани бежиз эмас.

Бунинг учун имкониятлар бор. Энг катта имконият -юртимизда таълимга яратилаётган шарт-шароитлар ва Самарқанднинг ўзига хос илмий-маърифий салоҳияти.

Аммо имкониятнинг ўзи етарли эмас. Уни натижага айлантирадиган куч - устознинг меҳнати, раҳбарнинг масъулияти, ота-онанинг эътибори ва жамиятнинг таълимга муносабати.

Бешинчи “Устозлар миллий форуми”да айтилаётган фикрларнинг барчаси бир нуқтада бирлашади: таълимдаги ислоҳотларнинг марказида инсон турибди. Мактабнинг марказида ўқувчи, ўқувчининг ёнида устоз. Устознинг ортида эса уни қўллаб-қувватлайдиган тизим бўлиши керак.

Шундагина “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя ҳаётий мазмун касб этади.

 

Билим билан бирга тарбия ҳам муҳим

Мактабнинг вазифаси фақат билим бериш эмас. Ёш авлодда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, масъулият, меҳнатсеварлик ва жамият олдидаги бурч туйғусини шакллантириш ҳам таълимнинг муҳим вазифасидир.

Шунинг учун янги ўқув йилида ўқувчиларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, таълим ва тарбия жараёнини миллий руҳ ва ватанпарварлик ғоялари билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу вазифа фақат мактаб маъмурияти ёки синф раҳбари зиммасида эмас. Унда ота-она, маҳалла, жамоатчилик ва бутун жамиятнинг масъулияти бор.

 

Мактабдан ташқари вақт - катта имконият

Боланинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳам унинг келажагига таъсир қилади. Шу мақсадда “Келажак” платформаси орқали вилоятдаги 1263 та умумтаълим мактаби ва 55 та нодавлат таълим муассасаси рўйхатдан ўтказилди. Уларда 4792 та фан тўгараги ташкил қилиниб, “Камбағал оила” реестрига киритилган оилаларнинг 21 минг 87 нафар фарзанди тўгаракларга жалб этилди.

Спорт йўналишида эса мактабларда 4632 та спорт тўгараги ташкил қилиниб, уларга 81 минг 263 нафар ўқувчи қамраб олинди.

2026 йилда ўтказилган 28 та спорт мусобақасида 124 минг 952 нафар ўқувчи иштирок этгани ҳам ёшларнинг жисмоний тарбиясига эътибор кучайганини кўрсатади.

Бу жараёнда асосий мақсад - болани фақат дарс вақтида эмас, уни бўш вақтида ҳам ривожлантириш.

Касбга йўналтириш - келажакни бугундан белгилаш

Янги ўқув йилида таълим тизими олдида турган яна бир муҳим вазифа - ўқувчиларни касбга йўналтириш. Ўтган ўқув йилида 96 та мактабда 6697 нафар ўқувчи учун касб-ҳунарга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилди.

Бу йўналишни янада ривожлантириш бугунги меҳнат бозори талаблари нуқтаи назаридан муҳим. Зеро, мактаб битирувчиси “Мактабни тугатдим, энди нима қиламан?” деган савол билан эмас, “Менда қайси қобилият бор, қайси касбга мосман ва жамиятга қандай наф келтираман?” деган аниқ мақсад билан катта ҳаётга қадам қўйиши керак.

2026–2027 ўқув йилидан республика миқёсида узлуксиз касбга йўналтириш дастурларини жорий этиш белгилангани ҳам бу йўналишнинг стратегик аҳамиятини кўрсатади.

“Жасорат мактаблари” - интизом ва ватанпарварлик мактаби

Бугунги кунда вилоятимизда 16 та “Жасорат мактаби” фаолият юритмоқда. Янги ўқув йили қабули учун ушбу мактабларга 1738 нафар ўқувчи ариза топширди. Бу таълим муассасаларида ўқувчиларни интизомлилик, матонат, жамоавийлик ва Ватан ҳимоясига тайёрлаш билан бир қаторда умумий билим ва кўникмаларни шакллантиришга ҳам эътибор қаратилади.

Бу каби мактабларнинг аҳамияти шундаки, улар ёшларга фақат билим эмас, масъулият ҳиссини ҳам сингдиришга хизмат қилади.

Мактаб раҳбари - натижанинг асосий ташкилотчиси

Янги ўқув йилида таълим муассасалари раҳбарлари олдида турган вазифалар алоҳида аҳамиятга эга. Чунки яхши мактабни фақат яхши бино ёки кўп сонли ўқитувчилар эмас, аввало, тўғри бошқарув яратади.

Замонавий директор - фақат маъмур эмас. У лидер, ташкилотчи, таҳлилчи, жамоа билан ишлайдиган раҳбар бўлиши керак. У мактабдаги ҳар бир ўқувчининг натижаси, педагогларнинг касбий ўсиши, ота-оналар билан ҳамкорлик, интизом, таълим сифати ва муассаса муҳити учун шахсий масъулиятни ҳис қилиши лозим.

Шу боис таълим сифати паст бўлган 57 та мактаб билан манзилли ишлаш, улар учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш янги ўқув йилининг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланмоқда.

Бу ерда асосий мақсад камчиликни танқид қилиш эмас, муаммоли мактабни кучли мактабга айлантириш бўлиши керак.

 

Янги ўқув йили - янги масъулият

Тизимда эришилган натижалар салмоқли. Бироқ ҳар бир ютуқ ортида янги вазифа пайдо бўлади. Мактабгача таълим қамрови ошгани - энди таълим сифатини янада яхшилашни тақозо этади.

Педагогларнинг малакаси ошгани - энди бу билимларни дарс жараёнида самарали қўллашни талаб қилади.

Олий таълимга кириш кўрсаткичи яхшилангани - энди республикада етакчи ўринни эгаллаш учун янада юқори натижаларга интилиш зарурлигини кўрсатади.

Хорижий тил сертификатларига эга педагоглар кўпайгани -энди ўқувчиларнинг тил билиш даражасини янада ошириш вазифасини кун тартибига қўяди.

Янги баҳолаш тизими жорий этилгани - энди ҳар бир ўқувчининг индивидуал натижасини таҳлил қилишни тақозо этади.

Демак, ислоҳотнинг энг муҳим босқичи - эришилган натижани барқарор натижага айлантириш.

***

Янги ўқув йили арафасида Самарқанд таълим тизими олдида катта мақсадлар турибди. Бу мақсадлар фақат статистик кўрсаткичларни яхшилаш эмас, балки сифатли таълим олган, мустақил фикрлайдиган, касб-ҳунар эгаллаган, хорижий тилларни биладиган, рақамли технологиялардан фойдалана оладиган, Ватанини севиб, унинг тараққиёти учун масъулиятни ҳис қиладиган авлодни тарбиялаш.

Сифатли таълим - шунчаки таълим тизимининг мақсади эмас. У Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.

Рустам Йўлдошев,
вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи.