Маънавият доимий эътиборда бўлиши лозим

Самарқанд вилояти маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилишида вилоятда маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш борасида 2025-йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йил “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида “Маърифат улашиб”, “Китобхонлик оиладан бошланади”, “Ёшлик навоси”, “Кино карвон” лойиҳалари амалга оширилди. “Маърифат карвони”, “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” эстафеталарида каттаю ёш фаол иштирок этди. Бундан ташқари, ҳудудларни ободонлаштириш, оилавий ажримларга барҳам бериш мавзуларида жонли суҳбатлар уюштирилди. “Маромийлик” лойиҳаси доирасида жамоат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда тўй-маъракаларни ихчам қилиб ўтказиш, дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик юзасидан аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилди. Вилоят маънавият ва маърифат кенгаши томонидан “маҳалла еттилиги” ҳамда маърифат тарғиботчилари учун “Маънавият ён дафтарчаси” қўлланмаси тайёрланди.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш ва боқимандалик кайфиятига барҳам бериш бўйича рўйхатга олинган 101 маҳаллага “Маънавият кўмакчиси” бириктирилиб, ушбу маҳаллалар аҳолиси ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Холбек Кўбаев. – Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида “Китоблараро 80 кун” марафони ўтказилди. Марафон доирасида 50 дан ортиқ медиаконтент тайёрланди, тажрибали журналист ва блогерлар, ижтимоий фаоллар иштирокида подкастлар уюштирилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам фаол давом эттирилмоқда. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида йил бошидан буён 84 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорликда “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.

Йиғилишда айрим туман ва шаҳарларда маънавият ва маърифат бўлинмаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратиб бермаган, баъзи корхона ва ташкилотларда маънавият ва маърифат масаласига юзаки ёндашиш, маърифий суҳбатлар ва тарғибот тадбирларини номигагина ўтказиш ҳолатлари кўзга ташланаётгани қайд этилиб, раҳбарларнинг масъулияти эслатилди.

– Маънавият ва маърифат масаласи барча даражадаги биринчи раҳбарларнинг доимий эътиборида бўлиши шарт, – деди Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Адиз Бобоев. – Биз қўл остимиздагилар ва маҳалладошларимиз билан чин юракдан суҳбатлашишни ўрганишимиз, бошқаларга ибрат бўлишимиз керак. Ишда, ўқишда, уйда ҳам ҳеч кимнинг зерикиб қолишига, вақтини бесамар ўтказишига йўл қўймаслигимиз зарур. Маънавий-маданий тадбирларнинг мақсади, ана шу бўшлиқни тўлдириш ва шунинг баробарида, бу тадбирлардан кўпчиликнинг сабоқ олишига эришишдир.

Йиғилишда кенгаш аъзолари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, халқимиз, айниқса, ёшларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, тафаккурини юксалтиришга қаратилган маърифий лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунда интернет, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, миллий руҳдаги контентларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.