Маърифий тарғибот жонли бўлсин
Вилоят Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилишидан кейинги мулоҳазалар
Маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар энг аввало жамиятдаги муносабатларда кўзга ташланади. Негаки, маданиятли жамият ўз қадри, ўзгалар қадри ва умуман, миллат нуфузи учун фидоий бўлади, анъаналарни ҳурмат қилади, белгиланган тартибларни бузмасликка интилади.
Минг афсуски, биз бугунги кунда жамиятимизда жуда кўп ҳолларда ана шу тартибларга риоя этмайдиганларни кўпроқ учратяпмиз. Телефон баҳонасида телевизор кўриш, радио эшитиш, китоб ўқишга эътибор сусайди. Тўй-маъракалар манманлик, бойликни намойиш қилиш ва миллий мафкурамизга мос тушмайдиган ҳаракатлар манбаига, тижоратга айланди. Идора ва ташкилотлар ишчи ходимлари ўз жамоасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказишни қоғоз тўлдириб қўйиш, деб тушуняпти.
Шунинг учун ҳам зиёлилар иштирок этган вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши анжуманида ана шу ҳолатларга жиддий баҳо берилди. Вилоят ҳокими, мазкур кенгаш раиси А.Бобоев маънавият ҳақида фикр юритар экан, энг аввало ҳар бир жамоа раҳбари маънавиятли бўлиши шарт эканлигини таъкидлади. Чунки ибрат ва илм ҳамма вақт ҳам халқнинг шуурига тез синган.
– Биз, қўл остимиздагилар ва маҳалладошлар билан чин юракдан суҳбатлашишни ўрганишимиз керак, эл ўртасида обрў топган мутахассислар, олимларнинг хонадонларига бориб туриш зиё тарқатиш билан баравар, – деди вилоят ҳокими. – Биз ишда, ўқишда, уйда ҳам ҳеч кимнинг зерикиб қолишига, бўш ўтиришига йўл қўймаслигимиз зарур. Маънавий-маданий тадбирларнинг мақсади, ана шу бўшлиқни тўлдириш ва шунинг баробарида, бу тадбирлардан кўпчиликнинг сабоқ олишига эришишдир.
Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Х.Кўбаев жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий ўз самарасини бераётганини қайд этди. Жумладан, “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида китобхонлик ҳамда кўнгилочар давралар ўтказилди. “Маърифат карвони”, “Бир ватан, бир эл, бир байроқ” эстафеталарида қариялар, ёшлар ва аёллар иштирок этди. Бундан ташқари, ҳудудларни ободонлаштириш, оилавий ажримларга барҳам бериш мавзуларида жонли суҳбатлар уюштирилди. Вилоят кенгаши томонидан маҳалладаги еттилик ҳамда маърифат тарғиботчилари учун “Маънавият қўлланмаси” тайёрланди.
Вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши шу йилнинг бошида 84 та корхона ва ташкилот билан маърифий ишлардаги ҳамкорлик юзасидан “Йўл харита”ларини имзолади, тарғиботчилар рўйхатлари шакллантирилди. Ва бу иш аллақачон бошлаб юборилди.
Минг афсуски, йиғилишда жуда кўплаб банклар томонидан ана шундай хамкорликка мойиллик билдирилмаганлиги танқид қилинди. Паст Дарғом ва Пайариқ туманларида ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён маънавият ва маърифат бўлими лавозими вакант бўлиб турибди. Ўрганишлар Каттақўрғон ва Жомбой туманларидаги айрим ташкилотларда маърифий тадбирлар, маънавият соатлари номигагина ўтказилаётганлигини кўрсатди. Айрим туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳудудий маънавият ва маърифат бўлинмаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратиб бермаган. Шу сабабли ҳам анжуманда фикр билдирувчилар аниқ таклифларга тўхталишди.
– Азалдан халқимиз оиладаги ибратдан фойдаланган, – деди Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов. - Чунки инсон ана шу масканда шаклланади, одобни ҳам, билимга иштиёқни ҳам бола оилада ўзлаштиради. Минг афсуски, биз инқилобий ўзгаришлар соясида, глобалашув жараёнида миллий қадриятларга асосланган тарбияни сусайтириб қўйдик. Демоқчиманки, бугуннинг маънавият тарғиботчиси ўз фаолиятини айнан маҳаллада, оилада олиб бориши керак. Жамоаларда ўтказилаётган маънавий соатларда ҳам китоб ўқишни тарғиб қилиш баробарида ҳар бир ишчи-ходимнинг оиладаги маърифатини сўраб туриш зарур.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи И.Жабборов ҳам айни даврда маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш учун олиб борилажак ишларни аниқ санаб ўтди. Жумладан, тўй-маъракаларда Олий Мажлис қабул қилган қарор ижросини таъминлаш чораларини кўриш, маҳаллаларда ихчам маърифий суҳбатлар уюштириш, маҳалла кутубхоналарида тадбирлар мунтазамлигига эришиш зарурлигига эътибор қаратди. Нотиқ туй-маъракаларни қисқартириш, тўйчи ва тўйхона эгаси масъулиятини кучайтириш юзасидан ўрганишлар олиб борилаётганини айтди.
“Зарафшон” ва Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш, тарғиботчилар танлови ва уларни рағбатлантиришни йўлга қўйиш, жойлардаги клублар, саройлар ва илм масканлари залларидан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Анжуман қатнашчиларилари маънавият ва маърифат тадбирларида кўзбўямачиликка йўл қўйиш мутлақо мумкин эмаслигини алоҳида таъкидладилар.
Йиғилиш сўнгида кенгашнинг 2026 йилга мўлжалланган иш-режаси ва ташкилот ҳамда корхоналар билан тузилган “Йўл хариталари” маъқулланди.