Мулкдор хонадонидаги таянч конструкцияларни бузса, 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Шу ва бошқа жавобгарликлар ҳақида Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси шуъба раҳбари Фурқат Қозоқбоев сўзлаб берди.

Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспексияси томонидан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш самарадорлигини ошириш, соҳадаги муаммоларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ўрганишлар олиб борилмоқда.

Бугун вилоятимизда кўп қаватли уйларни бошқариш органлари сони 64 тани ташкил этиб, шундан, 54 таси бошқарув сервис компаниялари, 10 таси ширкатлардир. Кўп квартирали уйларни сақлаш ва авария диспечерлик хизмати фаолиятини ўрганиш мақсадида 52 та тунги ва кундузги, 11 марта иссиқлик таъминоти тизимига уланиш муаммолари бўйича назорат тадбирлари ўтказилди. 43 марта кўп квартирали уйлардаги иссиқлик таъминоти тизими ўрганилиб, қоида бузган 2 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Объектларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича пудратчи ташкилотларга ёзма кўрсатмалар берилди.