Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчилари ота-оналар, зиёлилар, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ва ёшларга мурожаат билан чиқди

Қадрли ватандошлар!

Кейинги ойларда мамлакатимизда бўлиб ўтган улкан сиёсий воқеалар – Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг умумхалқ референдуми орқали қабул қилингани ва навбатдан ташқари Президент сайловининг муваффақиятли ўтказилгани кўпмиллатли, мард ва олижаноб халқимизнинг Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида нақадар якдил, бирдам ва ҳамжиҳат эканини яна бир бор яққол намоён этди.

Бирлашган халқ, бирлашган жамият ўзининг хоҳиш-иродаси, бунёдкорлик салоҳияти билан қандай буюк ишларга қодир эканини қадимий ва бой тарихимиз давомида кўп бор кўрганмиз. “Элнинг кучи – бирликда, элнинг бахти – тинчликда”, дейди донишманд халқимиз.

Дарҳақиқат, бирлашган эл олдида тоғлар ҳам бош эгади. Бирлашган юртнинг тинч, эркин ва мустақил ҳаёти ҳеч қачон бузилмайди. Бирлашган жамият ҳар қандай тўсиқ ва ғовлардан, синов ва машаққатлардан ёруғ юз билан ўтади, ўз олдига қўйган буюк мақсадларга албатта етади.

Яратганга беҳисоб шукурлар бўлсинки, бугун бизнинг халқимиз ҳам ўз куч ва имкониятларига ишониб, келажакка дадил қараб, улкан бирлик ва ҳамжиҳатлик руҳи билан яшамоқда.

Бугунги кунда қандай нотинч, мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимизни албатта барчамиз яхши тушунамиз. Ҳаётнинг ўзи илгари тарихимизда, тараққиёт йўлимизда учрамаган муаммо ва вазифаларни олдимизга кескин қилиб қўймоқда.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, умумий ва муштарак мақсадлар йўлида миллий жипслик, ҳар бир ишни илм, ақл ва маърифат билан, халқ билан кенгашган ҳолда амалга ошириш, фақат ва фақат олдинга қараб бориш бугунги ҳаётимиз ва фаолиятимизнинг кундалик қоидасига айланиши лозим.

Айниқса, ёш авлодимизни энг илғор илм ва касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, замон билан ҳамнафас, ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида, ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уни турли ёт ва бегона таъсирлардан асраш биринчи галдаги вазифамизга айланмоқда.

Глобал миқёсда инсон қалби ва онги учун кураш тобора кучайиб, универсал воситалар, ижтимоий тармоқлар, эркинлик ниқобидаги ахлоқсизликни тарғиб этадиган, миллий ва умуминсоний қадриятларни ерга урадиган ғоявий таҳдидлар ва ахборот хуружлари кундан-кунга ортиб бораётган ҳозирги вақтда бу вазифаларни амалга ошириш нақадар қийин экани ҳам барчамизга аён, деб ўйлаймиз. Афсуски, экстремизм, радикализм, ахлоқсизлик, коррупция, жиноятчилик каби жирканч иллатлар ҳали суяги қотмаган, ҳаёт йўлини аниқ белгилаб олмаган, зарарли таъсирларга берилувчан, маънавий-мафкуравий иммунитети бўш ёшларимизни тўғри йўлдан чалғитишга уринмоқда. Эл-юртимиз равнақи ва фаровонлигини таъминлаш учун амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни атайин обрўсизлантиришга, уларнинг мақсади ва моҳиятини нотўғри талқин этишга, оилавий қадриятларни оёқ ости қилган ҳолда, жаҳолат, маънавий тубанлик, ёвузлик, жоҳиллик кўринишларини кенг тарғиб этиб, мўмай даромад олишга интилаётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Бу эса халқимизни ташвишлантириб, унинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ана шундай ҳолатларнинг таҳлили ва уларни бартараф этиш бўйича олдимизда турган долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда, биз – Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ тарғиботчилар мамлакатимиздаги барча ота-оналар, зиёлилар, маҳалла, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, муҳтарам нуронийларимизга, бутун халқимизга мурожаат этишга қарор қилдик.

Муҳтарам ота-оналар!

Оила – жамиятнинг энг асосий ва таянч бўғини. Айнан муқаддас оила қўрғони бизга энг улуғ орзу-ниятларимизни амалга ошириш имконини беради. Чинакам инсоний туйғу ва фазилатлар, аввало, оила бағрида камол топади. Шу боис, оила институтини асраш ва мустаҳкамлаш барчамизнинг буюк инсоний бурчимиздир.

Бугунги кунда ҳаётимизда содир бўлаётган баъзи салбий ва номаъқул ҳолатларнинг асл илдизи қаерда? Аввало, оиладаги тарбияда хатога йўл қўйилгани, азалий қадриятларимиз таъсири сусайгани натижаси эмасми бу?

Зеро, мамлакатимизнинг эртанги тақдири ва келажаги учун масъул бўладиган жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тарбияси учун барчамиз жавобгармиз. Чунки миллат болаларининг бегонаси бўлмайди. Тарбия масаласида бепарво бўлиб, бир чеккада қўл қовуштириб туриш, бу – Ватанга, келажакка хиёнатдир.

Шу маънода, улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати албатта шу халқнинг маънавий-руҳий қудрати, ички интизоми, тотувлигига боғлиқ. Қаерда оила муносбати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади” деган сўзлари ҳозирги кунимиз учун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эгадир.

Ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизнинг эртага ким бўлиб етиши бугун уларга оилада қандай тарбия бераётганимиз, уларнинг қалбини, онгини нима билан тўлдираётганимизга боғлиқ. Агар ўғил-қизларимизни ҳозирдан бошлаб илмга, ҳунарга, меҳнатга, одоб ва маданиятга ўргатсак, уларнинг кўнглига она юртга муҳаббат ва садоқат ҳиссини, юксак инсоний туйғуларни сингдирсак, авлодлар келажаги бахтли бўлишига мустаҳкам пойдевор қурган бўламиз. Мабодо бепарволик билан уларнинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйсак, қалбини, онгини мобиль алоқа ва Интернет воситаларидаги турли зарарли ва бўлмағур “вирус”ларга ем қилиб берсак, келажагимизни, фарзандларимиз ҳаётини ўз қўлимиз билан барбод қилган бўламиз.

Фарзандларимиз нималар билан шуғулланаётганига, кимлар билан дўст бўлиб, мулоқот қилаётганига ҳеч қачон бефарқ қарамайлик. Қанчалик қийин бўлса ҳам, уларнинг ижтимоий тармоқларда нималар билан шуғулланаётганини кузатиб борайлик, ушбу макон улар учун ҳалокат эмас, саодат манбаи бўлиб хизмат қилиши учун зарур чораларни излаб топайлик. Инсон ўз боласининг бахти, келажаги учун нималар қилмайди? Лекин фақат тақиқлаш, жазолаш билан эмас, таъсирчан тарбия усуллари, ақл ва билим билан, боғча, мактаб, олийгоҳ, маҳалла жамоатчилиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, диний уламолар билан биргаликда иш олиб борсак, албатта ижобий натижа бўлади.

Фарзандларимизни меҳнатга, илмга, ҳунарга ўргатиш, уларни ўзаро ёрдам, ҳашар, саховат ва мурувват каби қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она табиатни севиш ва асраш, уни келажак авлодларга безавол етказиш ота-она сифатида барчамизнинг бурчимиз эканини унутмайлик!

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Тарбияда танаффус бўлмайди”. Юксак маънавий камолотга узлуксиз таълим ва тарбия уйғунлиги орқали эришилади. Оиладаги тарбия, жамиятдаги юриш-туриш, муомала маданияти, саломлашиш ва кийиниш одоби, инсоний фазилатларни намоён этишда фарзандларимизга аввало, ўзимиз ўрнак бўлайлик.

Фарзандларимизда, айниқса, болалигидан бошлаб китобга меҳр уйғотиш ўта муҳимдир. Бунинг учун хонадонларимизда мўъжаз кутубхоналар ташкил этиб, улар билан бирга кино ва театрларга, музейларга, қадимий шаҳарларимиз бўйлаб саёҳатларга бориб фарзандларимиз қалбига эзгу ҳисларни сингдирайлик. Ўғил-қизлар билан самимий, дўстона суҳбатлашиб, қизиқиш ва интилишларини ривожлантиришга, маънавий ва руҳий оламини шакллантиришга эътибор берайлик. Бугун фарзандларимизга ажратган вақтимиз, меҳримиз ва эътиборимиз эртага оиламиз ва жамиятимизга ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган инсоний ресурс ва капитал бўлиб қайтади.

Қадрли зиёлилар, ҳурматли устозлар!

Сизлар – жамиятнинг энг илғор, билимли ва маърифатли қатламини ташкил этасиз.

Сизлар Ватан ва халқ олдидаги фуқаролик бурчингиз ва вазифангизни бошқалардан кўра чуқурроқ англаб, ўз илм ва тафаккурингиз, маданиятингиз, маънавий-руҳий савиянгиз билан миллионлаб юртдошларимизга ўрнак бўласиз.

Шу боис, сизларнинг сўзингиз одамлар қалбига тезроқ етиб боради, ибратли ишларингиз эл-юрт ўртасида намуна бўлади.

Янги Ўзбекистонда янги маданий ва маънавий макон яратиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодимиз онгини, дунёқарашини ислоҳотларимиз жараёнида илгари сурилаётган замонавий ғоялар асосида шакллантиришда сизларнинг ўрнингиз ва таъсирингиз беқиёсдир.

Эл-юртимиз сизлардан бугунги даврнинг бутун қарама-қаршилик ва зиддиятлари, уларни ҳал этиш йўллари ҳаққоний очиб берилган, замондошларимизнинг маънавий-руҳий қиёфаси таъсирчан акс эттирилган илмий ва бадиий асарлар, мусиқий, тасвирий полотнолар, замонавий инновацион ғоялар, педагогик технологияларни ҳаётга жорий этиш бўйича амалий-методик ишланмалар яратишингизни кутмоқда.

Ҳозирги вақтда медиамаконда маданиятсизлик, ахлоқсизлик кўринишлари билиб-билмай тарғиб этилаётган бир пайтда уларга қарши барчамиз бирлашайлик, халқимизга бундай маънавий таҳдидлар ортида қандай ғаразли мақсадлар яширингани, улар қандай оғир ва аччиқ оқибатларга олиб келишини тушунтирайлик.

“Демократия”, “фикр эркинлиги”, “очиқлик” тамойилларини ниқоб қилиб, халқимиз минг йиллар давомида кўз қорачиғидек асраб келган қадриятларимизни бузишга, ҳаётимизни ичидан қўпоришга асло йўл қўймайлик.

Зиёлилар давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда ўзига хос кўприкдир. Олиб бораётган тарғибот ишларимиз юртдошларимиз, аввало, ёшларимизда юксак ватанпарварлик, миллий бирлик, ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотишга янада самарали хизмат қилсин.

Бу борада эскирган, зерикарли ва самарасиз усуллардан воз кечиб, ҳар бир учрашув ва мулоқотни таъсирчан, ноанъанавий ва аниқ натижага хизмат қиладиган янгича усуллар асосида ўтказишга ҳаракат қилайлик!

Халқаро Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялар, ғаразли ахборотлар, ҳаётимиз зийнати бўлган одоб-ахлоқимиз, маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатадиган бузғунчи акциялар, ёшларни залолатга бошлайдиган жирканч тасвир ва медиа маҳсулотлар моҳиятини кескин фош этиб, оқни – оқ, қорани – қора, деб, асл ҳақиқатнинг кучини эл-юртимизга биз кўрсатмасак, ўзингиз айтинг, ким кўрсатади?!

Биз шу йўлда барчангизни янада фаол бўлишга чақирамиз. Ҳеч қачон унутмайлик, маънавий курашлар соҳасида ҳам фақат ва фақат буюк азму шижоат билан дадил ҳаракат қилган, олдинга қараб борган жамиятгина мақсадига етади.

Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармонлар!

Тадбиркорлар ҳамиша, ҳамма замонларда бунёдкор, яратувчи, саховатпеша куч бўлиш билан бирга, маънавият, маданият майдони паҳлавонлари сифатида ҳам фаолият кўрсатганлар. Арзимаган, ўткинчи, шахсий фойдасинигина кўзлаб, миллатининг маънавий илдизларига болта урадиган махсулотларни ҳеч қачон юртимизга келтирмаганлар. Тижорат бобида ҳаром-хариш йўллардан юрмаганлар, ўзгаларнинг ҳақига асло хиёнат қилмаганлар. Ҳар бир ишни инсоф, диёнат, ҳалоллик, рози-ризолик асосида олиб борганлар. Бугун биз сизнинг тимсолингизда ана шундай виждони пок, Ватанига, халқига содиқ Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Халқимиз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган жонкуяр тадбиркорларни ўз ишига фидойи ва ватанпарвар инсонлар деб билади ва қадрлайди.

Бугунги кунда ҳаётимизда “тадбиркор маънавияти” деган тушунча пайдо бўлмоқда. Айнан маънавият мезонларига амал қилган тадбиркорларимиз эл-юртимизнинг эзгу дуоларига сазовор бўлмоқда.

Ишончимиз комил, сизлар халқимизнинг ана шундай юксак баҳосига доимо муносиб бўлиб, жамиятимиз ҳаётига янги маънавий нафас олиб кирасиз, азалдан поклик, инсоф ва диёнат тамойилларига асосланган ўзбек савдогарлари, тижорат аҳли анъаналарини муносиб давом эттириб, янада юксак босқичга кўтарасиз.

Муҳтарам маҳалла фаоллари!

Маҳалла қадим-қадимдан тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия маскани бўлиб келган. У биз учун Ватан ичра кичик Ватандир!

Бугунги кунда маҳалла одамлар ўртасида меҳр-оқибат бардавомлигини таъминлайдиган, миллий қадриятларимизни мустаҳкамлайдиган ноёб тузилмага, чинакам халқ виждонига айланиб бораётгани албатта барчамизни қувонтиради.

Айни пайтда бугунги шиддатли замон маҳалла тизими олдига ҳам долзарб вазифаларни қўймоқда. Ана шундай мураккаб шароитда эзгу қадриятларимиз асосида янада бирлашиб, маҳаллаларимизни турли иллатлар, маънавий таҳдидлардан холи улуғ фазилатлар маконига айлантирайлик.

Бугун ҳар бир маҳаллада маънавий-маърифий, тарбиявий ишларга масъул шахслар белгиланган. Бу борада камарбаста бўлаётган нуроний отахон ва онахонларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Уларнинг ҳаётий билим ва тажрибаси, олтинга тенг ўгитлари, юксак ижтимоий нуфузидан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашда кенг фойдаланайлик.

Халқимиз донишмандлигининг юксак намунаси бўлган “Бир болага етти маҳалла – ота-она” деган нақлга таянган ҳолда, маҳалладаги ҳар бир боланинг тарбияси учун ўзимизни масъул деб билайлик!

Азиз ёшларимиз!

Эл-юртимиз янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда бутун халқимиз қатори сизларга таянади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан яратиб берилаётган қулай шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланинг.

Мамлакатимиз келажаги сизларнинг қўлингизда. Янги Ўзбекистонни келгусида айнан сизлар дунёга танитасиз. Бунга доимо муносиб бўлинг!

Ёшликка хос қатъият, ғайрат ва шижоат, жўшқинлик ва мардликни, ҳушёрлик ва тадбиркорлик, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун ўз олдингизга аниқ мақсадлар қўйиб яшашдан асло чарчаманг.

Ватанни севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилишда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг шонли анъаналарини ардоқлаб, уларни муносиб давом эттиринг.

Таълим-тарбия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ўрганишда, замонавий касб-ҳунарлар, рақамли иқтисодиёт кўникмаларини пухта эгаллашда, жаҳон майдонидаги рақобатда хориждаги тенгдошларингиздан асло кам эмаслигингизни амалда исботланг. Сиз бунга ҳар томонлама қодирсиз.

Бузғунчи ғоялар, вайронкор мафкуралар тузоғидан доимо огоҳ бўлинг!

Ҳеч қачон унутманг, Сиз – халқимиз умид ва ишонч билан кўз тиккан келажак бунёдкорларисиз.

Азиз ватандошлар! Бугунги кунда халқимизни буюк мақсадлар сари дадил бошлаб бораётган азму шижоатли Президентимиз атрофида, муқаддас Ватанимиз байроғи остида қудратли халқ бўлиб янада жипслашайлик. Биргаликда улкан марраларни забт этайлик. Маърифатли ва фаровон жамият қуришдек улуғ мақсад йўлида асло чарчамайлик. Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳар биримизнинг муқаддас мақсадимизга айлансин!