Маҳмуд Саъдий: “Китоб ҳаётимнинг мазмуни эди”
Олий ўқув юртларининг сиртқи бўлимларида ўқиганмиз. Қариндош бўлганлигимиз туфайли сессия пайтларида вақти-вақти билан Маҳмуд аканикига бориб турардик. Ўқишга доир айрим китобларни танишлардан, дўконлар ёки кутубхоналардан тополмасак, у кишига мурожаат қилардик.
Маҳмуд ака бажонидил рози бўлар, бизга ёрдам берарди. Унинг кутубхонасидан ҳар қандай китобни топиш мумкин эди. Бироқ у бу борада жуда қаттиққўл эди. Бизга керакли манбалар билан шу ернинг ўзида танишиб чиқишни, ўқиётган пайтимизда унинг бирон жойига қалам теккизмасликни ёки варақларини буклаб, белгиламасликни қайта-қайта уқтирарди.
Маҳмуд ака кўпинча ишдан кеч қайтарди. Албатта, қўлида икки-учта китоб бўларди. Овқат тамадди қилгач, умр йўлдоши Машҳура опа унинг кўнглидагидек қилиб дамлаб қўйган кўк чойдан бостириб-бостириб ичарди.
- Аччиқ кўк чой танани яйратиб, уйқуни қочиради. Овқатни яхши ҳазм қилади. Маза қиласан, - деб бизга ҳам алоҳида дамланган кўк чойдан бир пиёладан узатарди. Сўнгра портфелини олиб, кутубхонасига кириб кетарди. Соат икки-учларгача кутубхонанинг чироғи ўчмасди. У ана шундай китобсевар инсон эди.
Маҳмуд ака китобни шунчаки ўқиб чиқмасди. Танлаб ўқирди. Ҳар бир ўқиган асарини жиддий мутолаа қиларди, айрим асарларга нисбатан фикрини ҳамкасблари, дўстларига билдирарди. Аниқроғи, асарга ўз нуқтаи назаридан баҳо берарди.
«Фикр қудрати» деб номланган китобининг «Дебочаси»да шундай ҳикоя қилади: «Мен ўзимни бахтли инсон деб ҳисоблайман. Бахтим, аввало, мен ўсган оилада. Отам раҳматли ўқимишли одам эди. Бухоро мадрасаларини битириб, қишлоқ болаларини ўқитарди. Бир сандиқ чиройли муқовали китоблари бор эди. Менимча, арабча, форсча китоблардан ташқари, яна бошқа китоблари эди. Баъзан кечқурунлари уйимизга қишлоқдошлар йиғилишарди. Отам китоб ўқиб берганида айримлар таъсирланиб, йиғлаб ўтиргани ҳамон ёдимда.
Менга кирилл алифбосини отам ўргатган. Бу мактабга бормасимдан, 7 ёшга кирмасимдан бурунги гап. ...Ҳаётимда китобнинг роли жуда катта бўлган».
Маҳмуд ака саккиз ёшга кирмасидан ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилиб, амакиси Мамарасул Олломуродов қўлида тарбия топган. Унинг биринчи тўлиқ ўқиб чиққан китоби Миркарим Осимнинг «Ўтрор» қиссаси эди. Шундан сўнг, аниқроғи, 4-синфда ўқиётганда Ойбекнинг «Навоий» романини ўқиб, қалбида китобга чинакам меҳр уйғонган.
У ўрта мактабни битириб, қариндошлари тавсияси билан ҳунар-техника билим юртида ўқиб, эксковаторчилик касбини ўрганди...
Йиллар ўтиб, Маҳмуднинг эксковатор ричагини ушлаган чайир қўллари китоб муқовасини тутди. Фикри эксковатор “ковуш”ини ерга қадаб, тупроқ қазиб олишга эмас, китоб саҳифалари сатрларидан мазмун-моҳият излаш, илм-маърифат нурларидан баҳраманд бўлишдек яна бир эзгу ишга қаратилди. Шу тариқа у қадрдон эксковатори билан хайрлашиб, Тошкент давлат университети талабалари сафидан ўрин олди.
Китобга меҳр қўйган, илмга чанқоқ йигит талабалик йилларининг дастлабки кунларидан курсдошлари орасида эътибор қозона бошлади. Ўша пайтларданоқ ўзининг эркин фикрига эга эканлиги билан кўпчиликдан ажралиб турарди. Айниқса, Алишер Навоий асарларини қўлдан қўймас, Абдулла Қодирий асарларини қайта-қайта ўқиб, мағзини чақарди. Шу билан бир қаторда рус адабиёти, жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини шунчаки эмас, балки фикр чиғириғидан ўтказиб ўқиб, уларни таҳлил қилишни ўрганди. Масалан, француз ёзувчиси Анри Барбюснинг «Дўзах», «Ўт», «Равшанлик» романларидаги воқеалар ривожи унинг дунёқарашини янада шакллантирди. Журналистика соҳасида турли хил публицистик мақолалар ёзиб, газета-журналлар саҳифаларида чоп эттира бошлади. Адабий танқидчиликка ҳам қўл урди.
Дорилфунунни тугаллагач, дастлаб «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетасида, сўнгра «Шарқ юлдузи» ва «Гулистон» журналларида муҳаррирлик қилди. 32 йил давомида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида танқид ва адабиётшунослик бўлимининг муҳаррири сифатида фаолият кўрсатди. Бир неча йил «Маърифат» газетасида ишлади. Газета таҳририяти қошида ташкил этилган «Маҳорат мактаби»да журналистларга журналистика сирларини, таҳрир санъатини, китоб танлаш ва мутолаа қилиш маданиятини ўргатди.
Меҳнат фаолияти давомида ўзбек адабиёти, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг ўнлаб асарларини ўқиб чиқди. Бу унинг журналистлик касби юзасидан ўз устида тинимсиз ишлаши, асосий вазифаси бўлган таҳрир санъатини мукаммал ўрганиши учун кенг йўл очиб берди.
Уни кўпчилик устозлари ва ҳамкасблари «китобхўр» дейишарди. Бу унга нисбатан кесатиқ эмас, аксинча, китобга чинакам меҳр қўйган, китоб ўқимаса, яшай олмайдиган инсон деганидир.
«Маҳмуд Саъдий Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Ваҳоб Рўзиматов, Шуҳрат, Одил Ёқубов сингари таниқли муҳаррир, журналист, ёзувчилар қўл остида ишлаб, уларнинг ташкилотчилик, муҳаррирлик, ёзувчилик иш усул-йўсинларини синчков назар билан ўрганди, уларнинг таҳрир мактабида таълим олди. Таълим оларкан, оқ-қорани ажратаркан, у ҳамиша ўзига, ўз мустақил қараши, иш тутиши, тўғри сўзга содиқлигича қолди», дея таъкидлаган эди таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров ўз мақолаларидан бирида.
Ёзувчи Абдусаид Кўчимовнинг таъкидлашича, Маҳмуд ака нолиш, нолиниш каби мискин туйғулардан узоқ, ҳамиша шукур дейди, шукур қилади. Бетиним ўқийди, ишлайди, ёзади...
Аммо Маҳмуд Саъдий деган фикрли журналист, кенг мушоҳадали олим, синчков ношир, тажрибали муҳаррир, бағрикенг ака ва ҳақ сўзли отанинг қиёфасини безаб турган асосий фазилат бундаям эмас. Ундаги аҳли қалам қадрлайдиган энг камёб фазилат - зукко таҳрирчилигидир. Қўлига тушган қўлёзмага (агар унда жон бўлса) заргарона ишлов беради, ҳар бир сўз, ҳар бир иборани эринмай ялтиратади. Хом-хатала китоблар дўконларда қалашиб ётганини кўрганда адабиёт учун Маҳмуд Саъдийлар етишмаётганига, уларнинг қадри, ўрни билинаётгани янаям яққолроқ сезилади... Негаки, у В.Белинский, Н.Добролюбов, Д.Писарев, А.Меруа, С.Свейг каби бадиий танқид усталарининг асарларини қунт билан ўрганди. Улар йўлидан бориб, зукко мунаққид сифатида ўнлаб танқидий-таҳлилий мақолалар ёзди. Ана шундай уринишлари ўлароқ, унинг «Теран томирлар» китоби юзага келди. Ушбу китобга Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос Озод Шарофиддинов юксак баҳо берган эди.
Маҳмуд ака шифохонага тушганда уни кўргани бордик. Ҳол-аҳвол сўраб, қўлига у-бу егуликлар солинган тўрхалтани тутқаздик.
- Ие, нима қилардинглар овора бўлиб, шунча нарсани кўтариб келиб. Ундан кўра, бир-иккита китоб, беш-олти нусха газеталарнинг янги сонларидан олиб келсаларинг, яхши бўларди, - дея тўрхалтани қайтариб берди. Шунда қўярда-қўймай тўрхалтани Маҳмуд акага тутқазиб, унинг илтимосини бажариш учун ортимизга қайтдик.
Дарвоқе, китоб Маҳмуд ака умрининг чинакам мазмуни эди. Унинг кутубхонаси жавонларида эллик минг нусхадан зиёд китоблар бор. Маҳмуд ака бу китобларнинг деярли барчасини ўқиб чиққан. Жавонлардан ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндалари ҳамда адибларининг асарлари, халқ оғзаки ижодига оид ўнлаб достонлар, шунингдек, турли хилдаги луғатлар, тилшунослик, математика, тарих, биология, кимё, физика, астрономия, география, иқтисод, сиёсатшунослик, тиббиётга оид китоблар ўрин олган. Шуниси эътиборлики, Маҳмуд ака жавоннинг қайси томонида қандай китоб жойлаштирилганини биларди. Исталган пайтда уларни жойидан олиб, керакли манбаларидан фойдаланарди. Бирон-бир таъсирчан жиддий асарни ўқиб, толиққанида дарҳол Алишер Навоий ғазалларидан ўқиб, ҳордиқ чиқарарди. У ҳазрат Навоий асарларидан ўнлаб ғазалларни ёддан биларди.
Маҳмуд Саъдий меҳнат фаолияти давомида юзлаб публицистик, танқидий, таҳлилий мақолалар ёзди, кўплаб олимларнинг илмий мақолаларини таҳрир қилиб, газета-журналлар саҳифаларида ёритди. Йигирмадан ортиқ фан номзодлари ва докторларининг илмий даража олишлари учун тайёрлаган ишларининг рўёбга чиқиши учун яқиндан кўмаклашди.
Маҳмуд ака Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида талабаларга сабоқ ҳам берди. Ана шу даврда у нафақат бўлажак журналистлар, балки шу соҳада ишлаётганлар учун «Таҳрир санъати» ўқув қўлланмасини яратди.
У ўз мақолаларидан бирида китобга, ҳаётга, касб-ҳунарга меҳр болага ота-онадан ўтишини алоҳида таъкидлаган. Бу унинг ҳаётида ҳам ўз аксини топган. Саккиз фарзанднинг барчаси китобга ошно, олий маълумотли. Ҳатто кичик набираси Покиза ҳам бобоси изидан бориб, журналистлик касбини танлаган. У жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетида таҳсил олиш билан бирга, газета-журналларда мақола ва шеърлари билан қатнашиб турибди. Унинг «Севинчлардан яралган баҳор» деб номланган биринчи китобини китобхонлар илиқ кутиб олдилар.
- Тунда бехосдан уйғониб кетсам, кутубхонамизга кирганимни ўзим ҳам сезмай қоламан, - дейди Маҳмуд аканинг умр йўлдоши Машҳура опа. - Гўёки Маҳмуд ака ҳамон шу хонада китоб ўқиб ўтиргандек туюлади. Хаёлан унга халақит бермаслик учун оёқ учида юриб, секингина эшикни ёпаман. Бироздан сўнг ўзимни ўнглаб олганимда хўрлигим келиб, кўзларимда ёш қалқийди. Шунда уйқум қочиб, фарзандларимнинг отаси, суюкли умр йўлдошим - Маҳмуд ака билан ўтган эллик йиллик ҳаётим бир-бир кўз ўнгимда жонланади. У инсоннинг маслаҳати, қолаверса, қатъий талаби билан Тошкент давлат университетининг филология факультетига кириб ўқидим. Биргаликда ширин ҳаёт кечириб, ҳам ишладик, ҳам фарзандларни тарбияладик. Ютуқларимизни ҳам, қийинчиликларимизни ҳам баҳам кўрдик...
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, зукко мунаққид, моҳир муҳаррир, устоз журналист Маҳмуд Саъдийнинг адабиётшуносликни, журналистика соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси муносиб баҳоланган. У 1994 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвонига, 2019 йилда «Фидокорона хизматлари учун» орденига, шунингдек, «Олтин қалам» халқаро мукофотига сазовор бўлди. «Энг яхши мураббий» деб эътироф этилган «Олтин кабутар» мукофотига лойиқ деб топилди. Афсуски, бу мукофотни олишда унинг ўзи қатнашолмади. Вафотидан ўн икки кун ўтиб, пойтахтимиздаги санъат саройида ўғли Темурбек мукофотни қабул қилиб олди.
Маҳмуд ака ҳаёт бўлганида, ҳозир саксон беш ёшни қарши оларди. Бироқ инсон ҳаёти абадий эмас. Аммо унинг эзгу ишлари авлодлар қалбида мангу яшайди. Дарвоқе, туғилганида Маҳмуд исмини олиб, Маҳмуд Саъдий дея шуҳрат қозонган инсоннинг ўзбек адабиётида, долзарб соҳа -журналистикамиз ривожида улкан ҳиссаси бор.
Ойширин Худойқулова,
журналист, меҳнат фахрийси.
Ризо Худойқулов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, биринчи даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳиби.