Бирламчи тизим тўғри ишласа, тиббиёт тўғри йўлда бўлади
Ҳар бир шифокор бирламчи бўғинда иш яхши кетса, ўша ҳудудда саломатлик билан боғлиқ вазият яхшиланиши, беморлар аҳволи у даражада оғир бўлмаслигини яхши билади.
Аммо билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу тизимга янгича ёндашув ва ислоҳотлар зарур. Муҳим ўзгаришлардан бири давлатимиз раҳбарининг “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра амалга оширила бошланди. Бу ўзгаришлар намуна сифатида танлаб олинган Булунғур, Иштихон туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги оилавий поликлиникалар фаолиятида ўз аксини кўрсата бошлади. Хусусан, Иштихон тумани тиббиётидаги ўзгаришлар фонида тизим раҳбари ҳам алмашди. Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий ёрдамни ташкиллаштириш департаменти таркибида фаолият юритиб, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини мувофиқлаштириш йўналишида республика миқёсидаги ислоҳотларга бевосита бошчилик қилган Суннатулла Сафаров ишга келди. Ўзгаришлар қисқа фурсатда бўй кўрсата бошлади.
- Бирламчи тиббиёт тўғри ишласа, барча шифокорларнинг иши енгиллашади, чунки профилактика айнан шу бўғинда амалга оширилиши керак, - дейди Иштихон туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари, II даражали "Саломатлик" ордени соҳиби Суннатулла Сафаров. – Мамлакатимиз раҳбари фармонида белгиланган мақсадлар ҳам айнан шу масалага қаратилган. Кадрлар билан бирга тизимнинг ўзида ҳам қатор ўзгаришлар пилот туман сифатида айнан бизнинг ҳудуддан бошланди. Хусусан, жорий йилнинг июль ойидан туман ҳудудидаги 45 та тиббиёт муассасаси негизида 29 та янги оила поликлиникаси ташкил этилди. Бу жараён "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастури доирасида олиб борилиб, туман аҳолиси учун тиббий хизматларнинг сифат ва қулайлигини сезиларли даражада яхшилади. Мазкур ташаббусга 2,2 миллиард сўм бюджет маблағи, 2 миллиард сўм ҳомийлик маблағлари йўналтирилди.
Эндиликда туман аҳолиси илгари фақат марказда мавжуд бўлган 8 турдаги тиббий хизматни ўз маҳалласида олмоқда. Аҳолининг 99 фоизи электрон тизимда оила шифокорларига бириктирилиб, уларнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар ягона электрон базада юритилмоқда. Бу нафақат беморлар учун қулайлик, балки тиббиёт ходимлари фаолиятини ҳам анча енгиллаштирди.
Туман бўйича 29 та тиббиёт муассасаси 910 дан ортиқ компьютер техникаси билан жиҳозланиб, барча жараёнлар рақамлаштирилди. Ягона электрон тизим асосида беморларни рўйхатга олиш, шифокор қабулига ёзилиш, йўлланма ва рецептларни электрон шаклда юритиш йўлга қўйилди.
Энг муҳим янгиликлардан бири марказлашган лаборатория тизимининг ташкил этилиши бўлди. Бу тизимда барча жараёнлар - намуналарни кодлаш, таҳлил натижаларини узатиш, уларни тасдиқлаш тўлиқ автоматлаштирилган. "Электрон соғлиқни сақлаш" тизимининг бир қисми сифатида жорий этилган ушбу лойиҳа инсон омили билан боғлиқ хатоликларни камайтириб, хизмат кўрсатиш тезлиги ва аниқлигини оширди.
Ҳар қандай янгилик гарчи у енгиллик бўлса-да, амалиётга осонлик билан татбиқ этилмайди. Юқорида қайд этилган ўзгариш ҳам тизимда масъулият, интизом ва билим туфайлигина жорий этилаётгани сир эмас. Бу меҳнат эса эътибордан четда қолаётгани йўқ. Президентимиз фармонига кўра, тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳанинг бир гуруҳ фидойилари қаторида Суннатилла Сафаров II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланди.
- Бу мукофот тумандаги барча бирламчи тиббиёт вакиллари учун берилган, деб ўйлайман, –дейди С.Сафаров мукофот билан табригимизга жавобан.
Матлуба Раббимова.