Шеърларини сўз эмас, юрак билан ёзган шоир

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида самарқандлик ижод аҳли қалбидан муносиб жой олган шоир, драматург ва журналист Жамол Сирожиддин таваллудининг 70 йиллигига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда “Самарқанд” газетаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, адабиётшунос Хондамир Қодирий, шоирнинг яқин дўстлари, оила аъзолари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ижодкор ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Жамол Сирожиддиннинг ҳаёт йўли, ижодий мероси, адабиётда тутган ўрни ҳақида самимий фикрлар ва хотиралар тингланди.

— Жамол ака қаламнинг қудратига, сўзнинг руҳига ишонган инсон эди, — деди шоир Яҳё Тоға. — У киши билан суҳбатлашган ҳар бир инсон ўзини шеърият гулшанида сайр қилаётгандек ҳис қиларди. Унинг ижодида халқ дарди, юртга муҳаббат, ишқ, алам, фожиа, надомат, барчаси бор. Жамол Сирожиддиннинг шеърларини ўқиганингда кўнглинг титраб кетади — бу қалбдан чиққан сўзлар. Бу инсоннинг инсонга бўлган меҳри ва юракдан сўзлаган сўзидир.

Дарҳақиқат, Жамол Сирожиддин ўз сўзи, қалби билан халқимизнинг қалбидан жой олган камтар, салоҳиятли ижодкор эди. Унинг ижодида ватанпарварлик, халқ дарди ва инсоний туйғулар устувор бўлган.

Тадбир шоир қолдирган адабий меросни ёшлар онгига сингдириш маънавий бойлигимизни асрашга хизмат қилиши таъкидланди. Жамол Сирожиддин фақат қалам билан эмас, юраги билан ёзган инсон эди. У киши биз учун шоир, драматург, журналист бўлибгина қолмай, ҳақ сўзни айта олган, зиёлилик тимсоли бўлган шахс сифатида ҳам қадрлидир.

— Жамол Сирожиддинни кўпчилик шеърият ва драматургиядаги фаолияти орқали таниган, - деди Чоршаъм Рўзиев. -  Аммо унинг таржимонлик соҳасидаги хизмати ҳам юксак баҳога лойиқ. У шеърнигина эмас, балки туйғуни, руҳни таржима қиларди. Бу ҳар қандай қалам эгасига насиб этмайдиган маҳорат. Айниқса, рус ва тожик адабиёти классиклари — Есенин, Ахматова, Рудакий ва Лойиқ Шерали каби ижодкорларнинг ижодини ўзбек тилида қайта туғдиришда у беназир маҳорат кўрсатган. Унинг таржималарида шунчаки сўзлар эмас, балки қалб бор эди.

Тадбир давомида шоирнинг 70 йиллиги муносабати билан нашрдан чиқарилган "Эй дил, сенга не керак?" деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Якунда Жамол Сирожиддин ижодига бағишланган шеърий кеча ташкил этилди. Ёш истеъдодлар унинг шеърларидан парчалар ўқиди, шоирнинг шеърият ва драматургиядаги ўчмас изи яна бир бор эътироф этилди.

Жамол Сирожиддин ҳаётдан ўтган бўлса-да, унинг руҳи, адабий мероси ва қалбларни тирик сақлаётган сўзлари орқали тирик. У инсонлар хотирасида шоир, драматург, журналист, ва энг муҳими, юксак маънавият соҳиби зиёли сифатида абадий муҳрланиб қолади.