Сафар Остон ҳақиқатлари
Бугун таниқли журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов (1948-2021) таваллуд топган кун.
Дунёдан ўтганига тўрт ярим йил бўлибди устознинг. Лекин тўрт кун аввал ҳам кўришгандек туюлаверади биз учун ҳали ҳам. Охиратлари обод бўлсин илоҳим!
Бугун Сафар аканинг "Умид билан яшагин!" китобига кирган айрим аламли ҳақиқатлар битилган ҳаётий хулосаларини яна бир бор хотирлаб қўйсак...
ШАЙТОНЛАР
Ичи қора одамни кимдир “тузалибди, ўзгарибди” деса, ишонманг, ичи қора одам осмон қулаб тушса ҳам, “тузалмайди”, ўзгармайди. Ҳасад, ғараз унинг қонида бор. Бу кўҳна дунёнинг бирор-бир ҳакими бу дардга даъво тополмаган, тополмайди ҳам. “Қон билан кирган, жон билан чиқар”, деб бежиз айтилмаган. Ичи қора банданинг ота-боболари, авлод-аждоди ҳам бу дунёни бўлиб ўтган, не-не одамлар улардан азоб тортган.
“Уларга Худо инсоф берсин”, деймиз. Кўнглимизни бироз бўлса-да, хотиржам қиламиз. Улар бироз тин олиб туришса, кўнглимиз таскин топади. Одам билим олиши, касб ўрганиши, мартабага эришиши мумкин. Бироқ феъли ўзгармайди. Вақтинча жим юриши, зиён-заҳмат етказмайдигандай бўлиб туюлиши мумкин. Билингки, у ниманидир кўзлаб вақтинча жим турибди. Хоҳлаган куни, хоҳлаган вақтида асл қиёфасини намойиш этади у. Акажон дейди, устозжон, дейди, дўстим, дейди. Бундайларга ишонманг, ичида бошқа гап бўлади. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов шуларни назарда тутган бўлиши мумкин: “Шайтон!”.
Шоир фикрича, бу балодан қутулиб бўлмайди. Унда нима қилиш керак?
Одамлар тақдири билан боғлиқ ишларни уларга ишониб бўлмайди, яхшиларни уларнинг қўлига топшириб бўлмайди. Дарвоқе улар ўтирадиган жойни кўрсатиш керак. Уларни мартабадан узоқроқ сақлаш керак. Улардан яхшиларни ажратиш керак. Уларни қандай билиш мумкин? Тўғри, бирданига билолмайсиз, бошқалардан ажратолмайсиз, вақт керак.
Аммо биринчи белгиси – унинг кўзи. Диққат билан тикилинг, кўрасиз, қув кўзи, нурсиз, сур кўзни, хунук кўзни... Кўз – кўнгилнинг чироғи деган ҳикмат бекорга айтилмаган, албатта. Кўнгли тоза одамнинг кўзи ҳам самимий боқади. Ғайратли, шижоатли, довюрак одамнинг кўзи ёниқ бўлади, тик боқади, ўткир бўлади.
Юраги қора ғаламиснинг кўзида шумлик, ғайирлик кўланкаси ўйнаб туради.
У пайт пойлайди, сизга ширин гапиради-ю, ичида заҳарини сочишга тайёр туради. Ўзининг манфаати йўлида сизни устамонлик билан ёмонлайди, қоралайди, сотади...
Эҳтимол, улар бежиз шундай яратилмагандир. Яхшию ёмоннинг фарқига бориш, яхшиларнинг қадрига етиш учун яратилгандир.
Уларнинг борлиги учун ҳам яхшилар ҳушёр тортар, бирлашар. Ёмонларни кўриб, яхшиларнинг қадрига етамиз.
Нима бўлганда ҳам ичи қоралардан асрасин, дўстингман деб, душманлик қилаётганлардан асрасин, йиқилишингни кутиб қув кўзларни тикиб турганлардан асрасин.
Уларга ҳам озгина қудрат бер, озгина инсоф бер, ўзининг кимлигини англашга озгина бўлса-да, имкон бер, қудрат бер, Худойим!
КЎРДИМ
...Очкўзлик қилиб мол-дунё тўплаганларни кўрдим, устозини сотиб, амал олганларни кўрдим, дўстига хиёнат қилиб, бойиганларни кўрдим. Муттаҳам, нопок одамлар қутириб яшаганни кўрдим, ҳалол одамлар амаллаб елка қисиб юрганини кўрдим.
Бир умр ҳалол меҳнат қилиб, қийналса-да, ҳеч кимдан ёрдам ҳам, мукофот ҳам сўрамай, жимгина юрганларни ҳам кўрдим.
Меҳнат қилган жойда қолиб, тайёрига баковул бўлганларни кўрдим.
Бировларнинг ютуғини ўзиники қилиб кўрсатиб, мукофот олганларни кўрдим. Содда одамларни алдаб, чув туширган шайтонсифат одамларни кўрдим...
Қасамхўрларни кўрдим, ёлғончиларни кўрдим, туҳматчиларни кўрдим, ғийбатчиларни кўрдим, фитначиларни кўрдим...
Кейин... ҳар ким Яратгандан ўз қилмишига яраша жазо олганини кўрдим... яхши одамлар, ҳалол одамлар қадр топганини кўрдим... ҳар ҳолда кўрдим...
Норқобил ЖАЛИЛ.