Ахборот технологиялари жиноят қуроли бўлиши мумкин(ми?)

Бугунги кунда ахборот технологиялари инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Интернет, онлайн тўлов тизимлари, рақамли хизматлар ва мобил илова орқали амалга ошириладиган операциялар кундалик эҳтиёжга айланди.

Бироқ ахборот технологияларининг тез суръатларда ривожланиши билан бирга, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганига қарамай, кибержиноятчилик ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг шу давригача содир этилган жиноятларнинг қарийб ярми — яъни 46 фоизи кибержиноятлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бу кўрсаткич нафақат рақамли хавфсизлик даражасининг пастлигини, балки аҳолининг ахборот маданияти етарлича шаклланмаганини ҳам кўрсатади. Оқибатда ушбу кибержиноятларнинг қарийб 98 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридан пул маблағларини ноқонуний йўл билан қўлга киритиш билан якунланган.

Кибержиноятчиликнинг амалга оширилиш шакллари ҳам кўпайиб бормоқда. Таҳлиллар мазкур турдаги жиноятларнинг 2022 таси сохта ҳавола, зарарли дастур орқали карта ёки қурилма бошқарувини қўлга киритиш, 1400 таси хизмат ёки товарга олдиндан тўлов талаб қилиш, 90 таси телефон орқали банк ходими номидан қўнғироқ қилиш (IP (телефония)), 285 таси сохта “онлайн биржа”да пул кўпайтиришга ва 282 таси турли соҳаларга инвестиция киритишга таклиф оқибатида келиб чиққанлигини кўрсатмоқда. Ташвишлиси, фуқаролар 32 ҳолатда меросни олиш, пул юборишни ваъда қилиш ёки хайрияларга пул сўраш шаклидаги кўп маротаба огоҳлантирилган фирибгарлик тузоқларига ҳам тушганлигидир.

Рақамлардан билиш мумкинки, ҳозирги кунда фирибгарлар кўпинча сохта ҳаволалар ва зарарли дастурлар орқали фуқароларнинг банк карталари ёки қурилмалари устидан назоратни қўлга киритиш орқали жиноят содир этмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли товар ва хизматлар учун олдиндан тўлов олиб, кейин эса уларни етказиб бермаслик ҳолатлари ҳам кенг тарқалган. Телефон орқали банк ходими номидан мурожаат қилиб, шахсий маълумотлар ва молиявий маълумотларни сўраб олиш йўли билан амалга ошириладиган фирибгарлик усули анча фаол қўлланилмоқда.

Шунингдек, онлайн кредит олиб беришни ваъда қилиб, олдиндан тўлов талаб қилиш ёки шахсий маълумотларни қўлга киритиш ҳолатлари ҳам кенг тарқалмоқда. Бу кибержиноятчиликнинг янги ва мураккаб шакллари ривожланиб бораётганлигини кўрсатади.

Кибержиноятчиликнинг ортиб бориши бугунги кунда жамият хавфсизлиги учун жиддий таҳдидга айланмоқда. Бу ҳолат нафақат техник омиллар, балки ижтимоий ва психологик сабаблар билан ҳам узвий боғлиқ. Кўплаб фуқаролар интернетда шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш маданиятига эга эмас. Шу боис, улар ўз маълумотларини ноқонуний мақсадларда фойдаланувчи шахсларга онгсиз равишда тақдим этиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Шу билан бирга, айрим тижорат банклари ва онлайн тўлов тизимларида замонавий киберҳимоя усулларининг жорий этилмагани, мижозларнинг маълумотлари ишончли ҳимоя қилинмаслиги фирибгарлик ҳолатларига имконият яратаётганини кўрсатади. Назорат ва жавобгарлик механизмларининг жиноят содир этилгандан кейингина ишга тушиши ҳам шулар жумласидан.

Айтиш жоизки, бундай жиноятларнинг оқибати фақат иқтисодий йўқотиш билан чекланиб қолмайди. Фуқароларнинг шахсий маблағларини йўқотиши, кичик бизнес субъектларининг маблағлари ўғирланиши иқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, банк тизими ва рақамли хизматларга бўлган ишончнинг пасайиши рақамли иқтисодиёт ривожига тўсқинлик қилади.

Кибержиноятчиликнинг яна бир хавфли жиҳати — унинг тур ва шакллари соат сайин такомиллашиб, маълум жамият ва халққа мослаштирилаётганидир. У энди фақат пул ёки маълумот ўғирламайди, балки шахсий ҳаётга аралашиш, ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий фикрни манипуляция қилиш каби маънавий таҳдидларни ҳам ўз ичига олади.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун тизимли ёндашув зарур. Биринчи навбатда, аҳоли ўртасида рақамли хавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларни ошириш керак. Интернетдан хавфсиз фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари оммавий ахборот воситалари ва таълим муассасалари орқали кенг тарғиб қилиниши лозим. Иккинчидан, банклар ва молия муассасалари хавфсизлик протоколларини кучайтириши, замонавий шифрлаш тизимларини жорий этиши керак. Шунингдек, кибержиноятларга оид қонунчиликни такомиллаштириш, онлайн фирибгарлик учун жазо чораларини кучайтириш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, кибержиноятчиликка қарши кураш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Ҳар бир фуқаро ўз рақамли хавфсизлиги учун масъул эканини англаб, ахборот технологияларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириши зарур. Фақат шундагина ахборот технологиялари жиноят қуроли эмас, балки жамият тараққиётининг асосий воситасига айланади.

Элёр Улуғмуродов,

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.